Дани Карвахаль: «Европада «Реал»дан бошқаси учун ўйнамайман»

Дани Карвахаль: «Европада «Реал»дан бошқаси учун ўйнамайман»

Испания Ла Лигаси-2024|2025нинг бошланғич қисми «Реал» етакчиларидан бири Дани Карвахаль учун даҳшатли тушга айланди

Чунончи, испаниялик тажрибали ҳимоячи «Вильярреал»га қарши ғалабали ўйин якунида оғриқли жароҳатга йўлиқди ва тахминан 8-10 ой муддатга сафдан чиқди. «Қироллик клуби» сардори Esquire нашрига берган интервьюсида шу жароҳатга алоҳида тўхталди, шунингдек, келажак режалари юзасидан гапирди, яна жамоасининг жорий мавсум нега қийинчиликларга учраётгани хусусида фикр билдирди.

- Ла Лига 6-туридан ўрин олган ўйин сиз учун жуда кўнгилсиз якунланди. Жароҳат нақадар қўрқинчли бўлгани видеотасвирларда ҳам яққол кўриниб турди... 

- Ҳа, ўша лаҳзадаёқ жиддий жароҳатга дуч келганимни тушундим. Оддий ифода этганда, рақиб билан тўқнашув оқибатида тиззам парча-парча бўлиб кетгандек туюлди. Турли шикастланишлар футболнинг бир қисми экан, шунга ўхшаш кўнгилсизликларга ҳам тайёр туриш керак. Энг муҳими - касбга садоқат, ишга муносабат, ғайрат ва қатъият.

- Шундан сўнг сизга далда ўлароқ, қўллаб-қувватлов сўзлари ниҳоятда кўпайди. Қизиқ, қайси машҳур шахснинг эътиборидан кўпроқ ҳайрон қолдингиз?

— Очиғи, ўша дамлар жуда керакли ва қадрли инсонлигимни қалбан ҳис қилдим. Ижтимоий тармоқлар орқали жуда кўпчилик хат ёзди, қўнғироқ қилди. Ҳамма қўллаб-қувватлади, илиқ муносабатини изҳор этди. Ўз ўрнида менга бефарқ қарамаган барча-барчага миннатдорчилик билдираман. Албатта, манзилимга йўналтирилган самимий фикрлар орасида ҳайрон қолдирадиганлари ҳам етарли. Масалан, «Атлетико» бош мураббийи Диего Симео­недан келган мактубни тилга олишим мумкин. Тўғриси, у футболни чинакамига яхши кўрадиган ва мени ҳамиша ҳайратга соладиган жонкуяр инсонлардан биридир. Биласизми, спортчилар кучли ҳиссиётлар қуршовида яшашади ва шундай завқ­ли хотиралар қатори Симеоне юборган хабарни алоҳида лаҳза сифатида эслаб қоламан.

- Ҳозирда кўплаб футболчилар тиғиз тақвимдан нолишмоқда. Бунга қандай қарайсиз?

- Ёқимсиз ва қийин савол. Мисол учун, ўз клубининг асосий таркибида 3та турнирда мунтазам қатнашаётган ва терма жамоасидан ҳам доимий равишда чақирув оладиган футболчилар у қадар кўп эмас. Менимча, бу гуруҳга чамаси 50-60 нафар футболчи кирса керак. Шулар зиммасига тушадиган юклама ва дейлик, «Леганес» вакили кўтарадиган оғирликни бир-бирига таққослаш иложсиз, албатта. Лекин ўртадаги фарқ маош масаласида ҳам яққол акс этиб турибдику, шундай эмасми? Шахсан мен ҳеч қачон камроқ ўйнаб, шунга яраша озроқ маош олиш ҳақида ўйламайман. Оддий айтганда, футболчилар ўйинлар сонига яраша иш ҳақи олиш­япти.

- Жамоа ўйинларини четдан кузатиш қай даражада оғир?

- Бундай вазиятда жароҳатга йўлиққан футболчи икки ҳисса кўпроқ азият чекади. Чунончи, улар бошқа нуқтадан туриб, жамоага қандай ёрдам беришлари мумкинлиги ҳақида бош қотиришади. Табиийки, ҳар доим ўз вазифамни яхши бажаришга ҳаракат қиламан. Хусусан, майдон четида жамоадошлар билан доимий алоқадаман, улардан ҳол-аҳвол сўрайман... Афсуски, охирги вақт «Реал»­да жароҳатланганлар сони кўпайиб кетди, боз устига, энг муҳим ижрочилар сафдан чиқишди. Ҳа, бу мавсум Мбаппедек футболчининг келиши бироз енгиллик бериши мумкин, аммо Кроос, Начо ва Хоселу кетишганини унутмаслик керак. Қисқаси, ҳозир мавжуд ҳолатдан имкон қадар йўқотишларсиз чиқиб кетиш йўлини ахтаришимиз зарур.

- Клублар ўртасидаги ЖЧ стартигача тиклана оласизми?

- Энг асосий мақсад ҳам шу. Июнь ойида жарроҳлик амалиёти ўтказилганига 8 ой бўлади. Ўзи тизза жароҳатида тикланиш учун кўп вақт талаб этилади. Қисқаси, ҳаммаси ёзда аёнлашади.

- «Олтин тўп» атрофидаги вазият ҳақида қандай фикрдасиз? 

- Бу саволга жавоб бермасликни маъқул кўраман. Ҳа, нега фикр сўраётганингиз тушунарли, лекин мен айтган гап нотўғри талқин қилиниши мумкин. Фақат шуни айтаманки, адашмасам, қанот ҳимоячилари орасида «Олтин тўп» рейтингида энг юқори ўринни мен эгалладим. 32 ёшда шундай натижага эришиш катта гап, барибир.

- Очиғини айтинг, мукофотни сизга беришларидан умидингиз бормиди?

- Эҳтимол, миямга шундай фикр келгандир. Ҳар ҳолда, бошқаларга нисбатан кўпроқ соврин ютдим, демак, совринга ҳақли эдим. Лекин... Тушундимки, футболда ҳимоячи бўла туриб, «Олтин тўп»ни ютадиган замонлар тарихда қолган.

- Хоселу билан гаплашиб турибсизми? У Қатар ҳақида нима демоқда? 

- Хоселу жуда хурсанд. Ахир бутунлай бошқача тажрибага юз бурди. Қатарда барча стадионлар бир-бирига яқин, турмуш тарзи даражаси ҳам жуда юқори. У баъзан ҳазиллашади: «Сени шу ерда кутаман, ўнг қанотдан жойинг нақд».

- Келажакда шунга ўхшаш тажрибага қандай қарайсиз? 

- Агар «Реал»дан кетсам, Европада ўйнамаслигим аниқ. Чунки ЧЛ ёки Испания лигасида «Мадрид»га қарши майдонга тушишни истамайман. Эҳтимол, айнан Яқин Шарқ клубларидан бирини танларман.

- Футболчилик фаолиятингизни қачон якунлаш ҳақида ўйлаб кўрдингизми? 

- Йўқ. Бир куни ўйқудан туриб, машғулотларга бориш иштиёқини йўқотишдан қўр­қаман. Ҳозирча иштиёқ жойида, шундай экан, ҳар лаҳзадан борича завқланишим керак. Йигитларнинг машғулотда қандай ишлаётганларини кузата туриб, майдонга тушиб кетгим келяпти. Лекин сабр қилишим керак. Ҳа, фаолиятим ниҳоялаб бораётганини ҳис қилиб турибман. Шунинг учун тикланиш жараё­нига кучли эътибор қаратишим шарт. Ахир 32 ёшдаман, вақт эса ортга қайтмайди. Яна қанча ўйнашим мумкин? 4 ёки 5 йилми? Бу мен учун етарли эмас. Балки кун келиб, «Ре­ал»да барқарор ўйнолмасман. Шунда нисбатан енгилроқ чемпионатга кўчиб ўтишим мумкин.

- Ҳаётингиз ҳақида ҳужжатли фильм ишлашни таклиф қилишибди...

- Ҳа, айниқса, айни жароҳат фонида бир қатор платформалар ҳужжатли фильм олишни хоҳлашди, лекин рад этдим. Чунки бу оиламиз муҳити ва қарашларимизга мос келмайди. Ўзим ҳам омма эътиборига тушишдан кўра, панада юришни афзал кўраман. Камера қаршисида ўтириб олиб, шахсий ҳаётим, жароҳат ортидан келган азоб-уқубатлар ва бошқа ҳодисаларни достон қиладиган одам эмасман. Буни ўзимга эп кўрмайман.

Манба: fondoruso.ru, Х.ЮСУПОВ тайёрлади