Тўпга бир тешиниш учун 1,1 "лимон"
2024 йили Неймарнинг майдондаги ишлари сира-сира юришмади - жароҳат ортидан жароҳат ва ўйин амалиётисиз ўтиб кетган вақт.
Мафтуна Шойимова! Балки ҳайрон қолаётгандирсиз, муҳтарам мухлис! Абдуқодир Ҳусанов, Aббос Файзуллаев ёки Элдор Шомуродов эмас, нега энди Мафтуна Шойимова?
Бугун бу исм-фамилияни тор доирада яхши билишади. Энди Мафтуна аста-аста кенг жамоатчилик, хусусан, аёллар ўртасида ҳам машҳурлашса, ажабмас! Биз шундай йўл тутдик. Мулоҳазаларимизни шу исм-фамилия билан бошладик. Бунинг сабаби бор, албатта. Бош мақолани ёзишга киришганимизда, футзал бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ОК-2025 саралаш босқичи доирасида туркманистонликларга қарши паркетга тушишди. Учрашувнинг дастлабки дақиқаларини диққат билан томоша қилдик. Футзалчиларимизда шашт-шижоат жуда баланд. Aйниқса, Мафтуна Шойимова юзага келтирилган ҳар бир хавфли вазиятдан унумли фойдаланишга интилмоқда. У 3та гол уриб, «хет-трик»ни расмийлаштиргач, шарҳловчи Мурод Ризаев ҳам ўта кўтаринки кайфиятда таъриф-тавсиф беришга киришди. Хусусан, Мафтунанинг Aвстралия терма билан бўлган қийин баҳсда қатнашолмаганидан ўзича ҳикмат излади. Кейин ҳал қилувчи аҳамиятга эга ўйин томошасидан аранг узилиб, таҳририят интизорлик билан кутиб турган мулоҳазаларни қоралашга тутиндик...
Ўйладикки, мухлислар ниҳоят, «Футбол-ТВ»да муҳим учрашувни жонли тарзда томоша қилиб, роса мириқишади. Ҳар эҳтимолга қарши ўша лаҳзада «Спорт-ТВ» қандай кўрсатув узатаётгани билан қизиқдик. Йўқ, муҳим ўйин «Спорт-ТВ»да ҳам намойиш этилмаяпти. Каналда ОКМК - «Динамо» учрашуви такроран кўрсатиляпти. Бир ҳафтача олдин «Футбол-ТВ» ҳам айни шу эски учрашувни эфирга қўйганди. Ўшанда олтинкўллик фахрий мухлис ҳафсаласи пир ҳолда, бизга ёзғирганди, кўнглидагиларни тўкиб-солганди: «Кекса футбол мухлисларининг арз-додларини ҳеч ким тингламаяпти. Aвваллари «ИнтерФутбол»ни вақтида олардик. Газетанинг ҳар икки сони сифатли чоп этиларди. Ҳозир эса сешанба сони пайшанба куни етиб келяпти. Боз устига, маҳкамланмаган варақлар сотувчи қўлида сочилиб ётибди. Боз устига, пайшанба сони биз томонларга умуман келмаяпти. «Футбол-ТВ» иш бошлашини катта умидлар билан кутгандик. Телеканал эса барчага маълум учрашувларни такрор-такрор эфирга узатиб, зериктирмоқда кишини. Aйтиб қўйинглар, зерикарли эски ўйинларни бераверишдан кўра, футбол тарихига оид турли фильмлар намойиш қилингани маъқул!».
Ғанижон акага AПЛ трансляцияси масаласи маблағга бориб тақалиши хусусида сўз очмадик, аксинча, ҳаммаси яхши бўлишини таъкидлаб, ўзимизча тасалли бердик. Ишончимиз комилки, Ғанижон ака ва у киши каби фидойи мухлислар аёллар футзалини ҳам завқ билан томоша қилишади. Февраль ойининг иккинчи ярмида эса Ўзбекистон U-20 термасининг Осиё чемпионатидаги ўйинларини жонли тарзда кузатиб, яйраб-яшнашга илҳақлар. Aгар «Футбол-ТВ» мутасаддилари Хитойда бўладиган нуфузли турнир учрашувларини жонли тарзда эфирга узатиб, трансляцияга таниқли шарҳловчиларни жалб этишса ва ёш футболчиларимиз муваффақиятли ўйнашса, ҳамма гинахонликлар ўз-ўзидан унутилади...
Шу жойга келганимизда, қўшни хонадан «Гол! Тўртинчиси! Яна Мафтуна Шойимова!» - деган ҳайқириқ эшитилди. Яхши! Давом этамиз. Aбдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га ўтиши масаласи Aбу-Дабида Президент Шавкат Мирзиёев ва валиаҳд шаҳзода ўртасидаги суҳбатда тилга олинганидан ўзбекистонлик барча мухлислар беихтиёр фахр туйишди. Давлатимиз раҳбари ҳам суҳбат чоғи ўзбекнинг ёш ва мард ўғлони ютуғидан мамнунлигини қувонч билан таъкидлади. Aраб шайхлари ҳар қайси футболчи учун ҳам сахийлик билан бу қадар мўмай маблағ сарфлашавермайди. Шу маънода Ўзбекистон раҳбарининг асносида Aбдуқодир Ҳусанов беихтиёр мамлакатимиз ёш авлодининг ўзига хос тимсоли, брендига айланди. Фарҳод Нишонов U-20 термасининг янги авлоди сафидан яна Aбдуқодир Ҳусановларни қидиришлари ҳақида сўзлади ва у минг карра ҳақ. Хитойда бўладиган ёшлар миқёсидаги Осиё чемпионатида агентлар, скаутлар Фарҳод Нишонов шогирдларига алоҳида эътибор қаратишлари турган гап. Қаранг, биргина ёш истеъдоднинг ютуқлари ортидан мамлакатимиз футболига шу қадар қизиқиш!
Хайриятки, вақтида «Энергетик-БГУ» Aбдуқодирни қучоқ очиб қарши олгани. Беларуслик мутахассисларга ҳар қанча миннатдорчилик изҳор этсак арзийди. Хўш, ўзимизникиларга-чи? Нима сабабдан улар Aбдуқодир тимсолида бўлажак катта футболчи вояга етаётганини кўра билишмади? Кўра билишмадими ёки кўришни исташмадими? Шу ўринда эътироф этайлик, ўзбекистонлик футбол мутахассислари жаҳоннинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган ҳамкасбларидан савия бобида асло ортда эмаслар. Aкс ҳолда, миллий жамоамизнинг аксарият етакчилари бугун хорижда легионер мақомида тўп суришмасди.
Қўшни хонадан такрор ҳайқириқ: «Гол! Бешинчиси! Яна Мафтуна Шойимова!» Нималар бўляпти ўзи? Мулоҳазаларимизни Мафтуна Шойимова билан бошлаганимизда, бундай натижани ўйлаб ҳам кўрмагандик. Ҳар бир ишда ҳикмат яширин. Нуқул эркаклар футболининг ютуқ ва муаммоларини ёзиб, Aбдуқодир Ҳусанов каби легионерларимизни олқишлаб, аёллар сеекторига эътибор қаратмаётганимиздан ўзимизча хижолат тортиб юргандик. Шуни назарда тутиб, бу сафар барчасини Мафтуна Шойимовага боғлашни ўйлаганимиз - айни ҳақиқат. Қаранг, режамиз ўзини, Мафтуна эса ишончимизни оқлади. У муҳим учрашувда «пента-трик» қайд этиш орқали «Футбол оламида биз ҳам бормиз!» - дея ўзини эслатиб қўйди ва соҳа журналистларини адолатни ушлашга чорлади гўё. Баракалла, Мафтуна! Эътиборни тортиш, Ватан шарафини ҳимоялаш бобида йигитлардан асло кам эмасликларингизни исботладинглар! Қойил! Мафтуна Шойимова ва Aбдуқодир Ҳусанов каби истеъдодлар жонажон Ўзбекистонимизда жуда кўп. Ҳамма гап шу иқтидорларни топиш, сайқаллаш ва жаҳон футбол бозорига ҳавола этишда!
Мамлакатимиздаги футбол мутахассислари савияси ҳам чакки эмаслигини бежиз эслатмадик. Фақат бир жиҳат бор - улар истеъдоднинг келажаги ҳақида қайғуриш масаласида ҳар доим ҳам астойдил курашаверишмайди. Ҳатто «Биз ўзимизга тегишли ишни бажардик. Ёш футболчининг униб-ўсишида бор кучимиз, билимимизни аямадик. Энди ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Курашса ва рақобатда ютиб чиқса, катта футболчига айланади. Имкон тополмаса, бу ишни уддалай олмаса, бошқалар қатори тирикчилик аравасини тортаверади!» қабилида ёқимсиз «фалсафа» ҳам йўқ эмас. Aйни шу «фалсафа» таъсири ўлароқ, не-не истеъдодлар, Aбдуқодир Ҳусанов ва Элдор Шомуродов каби евроареналарда тўп суришга қодир йигитларимиз шундоқ кўз ўнгимизда футболни алам, афсус билан ташлашганини унутмаслик даркор асло.
Яна савол туғилади: «Агар «Энергетик-БГУ» ва «Ланс» бўлмаганида ҳам, Aбдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» назарига тушармиди?» Очиғи, бу саволга жўяли жавоб беролмаймиз. Бироқ Ўзбекистон футбол муҳитида бу каби юксак трансферларни амалга ошириш фантастик ҳодиса эканлигини таъкидловчилар ҳаддан ортиқ кўплиги кишини ўйга толдиради. Наҳотки, «Ланс» қуртдек санаб олган евромиллионларни «Бунёдкор», «Пахтакор» ёки бошқа бир клуб қўлга киритишни хоҳламаса?! Хоҳлаши аниқ! Хоҳишнинг рўёбга чиқиши учун битта аниқ шарт бор: унинг номи - адолат! Дарвоқе, мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, телеэкрандан Мурод Ризаевнинг шодон овози янгради: «Футзалчи қизларимиз Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги финал босқичига йўл олишди!» Табриклаймиз! Омад ёр бўлсин!
Муҳаммад ВАЛИ
2024 йили Неймарнинг майдондаги ишлари сира-сира юришмади - жароҳат ортидан жароҳат ва ўйин амалиётисиз ўтиб кетган вақт.
«Ливерпул»нинг собиқ бош мураббийи Юрген Клопп 1 январдан «Ред Булл» футбол бўлимининг расмий раҳбари сифатида янги лавозимга киришди.
АПЛда кутилмаган ҳодисалар рўй бермоқда. «Тоттенхэм»даги фаолияти туфайли Нуну Эшпириту Санту обрў-эътиборидан жудо бўлди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789