О Се Хун: «Бу йил ЖЧ-2026 натижаси учун замин ҳозирлашимиз муҳим»

О Се Хун: «Бу йил ЖЧ-2026 натижаси учун замин ҳозирлашимиз муҳим»

2024 йили Ж.Корея миллий жамоасида катта ўзгаришлар кузатилди.

 Дейлик, февраль ойида германиялик Юрген Клинсманн бош мураббий лавозимидан кетгач, корейсларни Хван Сун Хон ва Ким До Хун жуфтлиги бошқарди вақтинча. Улар таниқли Хон Мён Бо муваффақ мураббий ролини қайта қўлга олишига қадар, яъни март ва июнь ойларидаги ўйинларда бир қатор футболчиларга мамлакат бош жамоасида дебют қилиш имкониятини беришди. Жумладан, Япониянинг «Мачида Зелвиа» клуби ҳужумчиси О Се Хун ҳам шу даврда Ж.Корея миллий жамоаси таркибига қўшилди. Бу йигит халқаро миқ­ёсда илк марта 2019 йили Польша мезбонлик қилган U-20 тоифасидаги ЖЧда корейс футболининг яна бир ёрқин иқтидорларидан бири сифатида кўзга ташланган эди. Бироқ жароҳатлар ва таркиб учун жиддий рақобат Се Хуннинг миллий жамоадаги дебютини нақ 5 йил ортга сурди. Муҳими, баланд бўйли ҳужумчи маълум муваффақиятсизликлардан «синиб» қолмади ва ўтган йил бошида Япония «J»-лигасига кўтарилган «Мачида Зелвиа»даги ижара муддатидан унумли фойдаланиб, ўз даражасини қайта тиклади. Шу тариқа июнь ойида Сингапур термасига қарши кечган баҳсда Ж.Корея бош жамоаси сафида илк марта майдонга тушган футболчи янада далиллашди. Дейлик, «Ульсан Хюндай»нинг собиқ ҳужумчиси ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичидан ўрин олган Ироқ ва Қувайт термалари билан ўйин­ларда корейслар учун муҳим голларни урди.

- Сиз учун бурилиш нуқтасига айланган «Мачида Зелвиа»даги фаолиятингизни қандай тавсифлайсиз? 

- Биласизми, 2023 йили «Шимицу С-Пальс»да кутилган даражада яхши натижага эришолмаганимдан сўнг «Мачида» таклифини ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилдим. Чунки имкон қадар кўпроқ амалиёт олишим керак эди. Шуни ўйлаб, қуйи дивизионда бўлсада, жисмоний ҳолатимни яхшилашга қарор қилдим. Бинобарин, мунтазам ўйнаб турсам, терма жамоа мураббийлари назарига тушишим ва халқаро мусобақалар орқали янги даражага кўтарилишимга ишондим. «Мачида» - кучли прессингга мойил жамоа. Мухлислик нуқтаи назаридан қарасак, бу оддий услубдек туюлиши мумкин. Лекин доимий равишда ҳужумга ўтиш ва ҳимояга қайтиш тезлигига эътибор қаратилишини ҳисобга олсак, ҳаммаси анча мураккаб. Асосийси, бу чизмада ҳам бир футболчи тўхтовсиз ҳаракатда бўлади ва ўз-ўзидан ўсиб боради. 

- Демак, Ж.Корея миллий жамоасидан чақирув олишингизда «Мачида»нинг ўрни катта... 

- Ҳа, жамоада тиришқоқлик билан машғулот ўтадим, катта тажриба орттирдим ва бунинг мукофоти ўлароқ, Европада тўп сураётган футболчиларга тўла миллий жамоадан жой олдим. Ўйлайманки, йиғинлар чоғи таркибдаги бирор футболчидан қолишганим йўқ. Асосийси, янада ривожланиш учун куч ва тезлигим етарли. Ўз ўрнида иқтидоримни кўрсатишга имкон яратган «Мачида Зелвия» мураббийларига раҳмат айтишим керак.

- Хўш, мамлакат бош жамоасида ўйнаш қандай экан?

- Осиёда кўплаб жамоалар Ж.Корея термасига қарши 4-5 нафар ҳимоячи билан майдонга тушади. Хуллас, асосан рақиб жарима майдони атрофида ҳаракатланамиз. Япония лигасида аксинча, ҳужумкор рақиблар кўп. Бунда олдинга ўтган вақт жамоа кенгроқ ҳудудга эга бўлади. Терма жамоада тўп суришнинг мураккаб жиҳати шу - аксарият ўйинларда ўта зич ҳимояни ёриб ўтишга тўғри келади. Ишонаманки, вақт ўтгани сайин бундай услубларга ҳам мукаммал кўникаман ва исталган чизмада муаммосиз ўйнайман.

- Терма жамоадан илк марта 2022 йили чақирув олгандингиз. Бироқ халқаро дебютингиз яна 2 йилга чўзилди. Айтингчи, Қатар мундиали олдидан миллий жамоа йиғини қандай кечган ва сизда нима ўхшамаганди? 

- Чақирув олгач, ғоят қувондим, албатта, бироқ бу ўйнашим аниқлигини англатмасди. Биринчидан, Ж.Корея термасида рақобат жуда баланд. Иккинчидан, мураббийлар ҳар қандай номзодга бирданига имконият бераверишмайди. Тўғри, терма жамоада ўз қобилиятингизни намойиш этишингиз учун ўйин керак, барибир. Эсимда, ўша вақт Сон Хюн Мин билан саломлашишни ўрганиш мен учун энг катта ташвиш бўлганди (кулади). Шунингдек, Хван Хи Чжан ҳамда Ким Мин Чже каби серқирра футболчилар билан тенг­ма-тенг рақобатлашиш талаб этиларди. 

- Миллий жамоада «Ульсан Хюндай»даги мурабби­йингиз Хон Мён Бо билан яна тўқнаш келдингиз. Ушбу мутахассис билан ўзаро муносабатингиз қандай эди? 

- Ёмон эмас. Мураббий мени илиқ қарши олди ва худди «Ульсан»да бўлгани каби ёндашди. Сентябрь ойида терма жамоа ихтиёрига боришга қадар 2 йил давомида Хон Мён Бо билан бирор марта кўришмагандим. Тўғриси, «Ульсан»дан кетиб қолганим учунми, унинг олдида ўзимни бироз ўнғайсиз сездим ҳам. Мураббий эса барчасини тўғри қабул қилганини айтиб, хижолат тортишимга асос йўқлигини таъкидлади. У яна фақат мураббий эмас, балки жамоа ва мухлислар учун астойдил ишлаш муҳимлигини тушунтирди. Бу фикрга тўлиқ қўшиламан. 

- 2019 йили U-20 миқёсидаги ЖЧда Ж.Корея термасининг асосий ҳужумчиси сифатида кўзга ташланган ва жамоангиз 2-ўринни эгаллашига катта ҳисса қўшгандингиз. Бу йил ушбу ёш тоифасидаги турнирда иштирок этадиган футболчиларга қандайдир маслаҳатингиз борми?

- Мамлакатимиз номидан бу турнир йўлланмаси учун курашадиган футболчиларга фақат ўзларига қатъий ишонишлари кераклигини айтишим мумкин. Асло чўчиманг, Ж.Корея термаси Бразилия, Португалия ва Англия каби футбол гигантлари жамоалари билан ҳам бемалол тенгма-тенг, ҳаттоки, яхшироқ ўйнаш салоҳиятига эга. Бизда иқтидорлар етарли, йигитлар ишончни йўқотмасдан бўлажак мусобақаларга тўғри тайёргарлик кўришса, бас. 

- Сизнингча, Ж.Корея миллий жамоаси ЖЧ саралаши учинчи босқичида қайси жиҳатларни яхшилаши керак?

- Кимлардир ЖЧда ўйнашнинг ўзига улкан муваффақият сифатида қарар... Шахсан мен эса мундиалга бориш янги марралар калити эканлигига ишонаман. Ҳужумчи эканман, бироз худбинроқ бўлишим керак. Баъзида шундай вазият юзага келадики, ўзимда зарба йўллаш имконияти бўлсада, тўпни жамоадошимга узатаман. Аслида бундай лаҳзаларда далиллик талаб қилинади. Ҳа, ҳужумчи нафақат гол уриши, балки ҳимояда ҳам жамоага ёрдам бериши зарур. Зеро, кучли ҳужум яратиш учун мустаҳкам мудофаа керак. Демоқчиманки, ҳимояланиш борасида кўпроқ ишлашимиз зарар қилмайди. 2025 йил нафақат терма жамоамиз, балки ўзим учун энг муҳим босқич, менимча. Оддий айт­ганда, мундиал-2026да ишончлироқ ўйин кўрсатиш учун бу йил замин ҳозирлаш муҳим.

 Х.ЮСУПОВ тайёрлади