Қуйида, суперлига жамоаларининг мавсум тараддудига оид сўнгги янгиликлар билан танишасиз.
«НАСАФ»
Янги мавсумга тайёргарликни ҳозирча Қаршида олиб бораётган «Насаф» клуби тажрибали ярим ҳимоячи Жавоҳир Сидиқов билан шартномани узайтирди. 2023 йилда «Насаф»га келиб қўшилган футболчи ва «аждарлар» ўртасида 2025 йил охиригача амалда бўладиган келишувга эришилди. Маълумотларга қараганда, Шароф Мухиддинов ҳамда Акмал Мозгавой ҳам «Насаф»да қоладиган бўлди. Кишки ўқув-йиғин машғулотларини «аждарлар» сафида ўтказаётган Хусайн Норчаев масаласи эса анча чигал. Сабаби, унинг «Алания» билан 2026-йилга қадар мўлжалланган шартномаси бор. Айни дамда молиявий инқироз холатига тушиб қолган Владикавказ клуби Норчаевни трансферга қўйиши мумкин. «Насаф» эса, имкон қадар ўзи учун қулай молиявий шароитда Норчаев билан шартнома имзолашга уриниб кўради. Биздаги маълумотларга қараганда, ҳар икки жамоа ўртасида трансфер бўйича музокаралар бошланган.
ОКМК
Ўтган мавсум ўз тарихида илк бор Суперлига кумуш медалларига эга чиққан ОКМК ўз сафини юқори салоҳиятга эга бўлган иқтидорли ёш футболчилар билан мустаҳкамлашда давом этади. Ана шундай истиқболли трансферлардан бири сифатида олмалиқликлар сафига 20 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Акбар Ўктамов қўшилди. Маълумот учун, Акбар Ўктамов профессионал фаолияти давомида «Пахтакор» U-21 ҳамда Суперлиганинг «Олимпик» жамоаларида муваффақиятли иштирок этган. Бундан ташқари, у Ўзбекистон U-19 терма жамоаси аъзоси сифатида халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Футболчи ва клуб ўртасида 3 йиллик ҳамкорлик шартномаси тузилди. Шунингдек, 2004 йилда таваллуд топган «Пахтакор» тарбияланувчиси Акбар Ўктамов ҳам келгуси фаолиятини ОКМКда давом эттиради. Режага кўра мавсум тараддудининг иккинчи босқичини БААда олиб борадиган Олмалиқ клубининг назорат учрашувларида майдонга тушадиган рақиблари ҳам маълум. «Кончилар» 19 январ куни ЦСКА (Москва), 22 январ «Урал» (Екатеринбург) ҳамда, 29 январ «Ордабаси» (Чимкент)га қарши баҳс олиб боришади.
«НАВБАҲОР»
Аввал хабар берганимиздек, «Нав-баҳор» душанба кунидан Тошкентда уч ҳафталик йиғинни бошлади. Машғулотлар давомида асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини тиклашга қаратилади. Йиғин давомида ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режалаштирилмаган. Бироқ, машғулотларнинг сўнгги ҳафтасида ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, спарринг - рақиб танлаб ўзаро ўйин ўтказишлари ҳам мумкин. Тошкентдаги машғулотлар якунлангач, йиғин БААда давом эттириш режалаштирилган. Таркибдаги ўзгаришлар хусусида гапирадиган бўлсак, профессионал футболдаги фаолиятида давомида «Олимпик» (2021-2023 йилнинг 1-давраси, 2024 йил) ва «Сурхон» (2023 йилнинг 2-давраси) жамоалари шарафини ҳимоя қилган Шаҳзод Тоиров билан шартнома имзоланди. Мазкур футболчи 2001 йил, 27 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида туғилганлигини қўшимча қилиш жоиз. 2024 йилнинг августида Россиянинг «Химки» (Москва) жамоаси таркибига қўшилган Алишер Одилов ҳам эндиликда «лочинлар» шарафини ҳимоя қилади.
«СЎҒДИЁНА»
«Сўғдиёна» клуби янги мавсум учун тайёргарликни 10 январдан бошлайди. Жиззахликлар дастлаб Зоминда машғулотларга киришади ва ушбу йиғин 10 кун давом этади. Шундан сўнг тайёргарлик БАА (21—31 январь) ҳамда Туркияда (1—25 февраль) олиб борилиши режалаштирилган. «Сўғдиёна» Дубайдаги йиғин давомида қуйидаги жамоалар билан ўртоқлик учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришган:
24 январь. «Сўғдиёна» - «Ростов» (Россия)
27 январь. «Сўғдиёна» - «Рига» (Латвия)
30 январь. «Сўғдиёна» - «Ауда» (Латвия)
«НЕФТЧИ»
Аввал хабар берганимиздек, янги мавсумда юқори мақсадларни кўзлаган Виталий Левченко бошчилигидаги «Нефтчи» Туркиядаги машғулотларни бошлаб юборди. Анталияда йиғини доирасида фарғоналиклар «Ҳерманнстадт» (Руминия), «Младост» (Сербия), «Приштина» (Косова), «ИМТ» (Сербия) ва «Силекс» (Македония) жамоаларига қарши назорат учрашувлари ўтказишади. Хабарларга кўра, ушбу йиғинда Ўзбекистон МТЖ аъзолари Жамшид Болтабоев ва Жамшид Искандеровлар ҳам иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳар икки футболчи ўтган мавсумни «Навбаҳор»да ўтказишди. Искандаров якунланган мавсумда Суперлигада 25та учрашувда майдонга тушиб, 7та гол ва 4та голли узатма қайд этган бўлса, Жамшид Болтабоев 25та ўйинда 3тадан гол ва ассист тўплади.
«ПАХТАКОР»
«Пахтакор» ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида ижарада ҳаракат қилган Маҳмуд Маҳамаджоновни «Бунёдкор»дан тўлиқ сотиб олди. Маълумотларга кўра, мазкур трансфер учун «қалдирғоч-лар»га 130 000 доллар атрофида пул тўлаган. Келишув амалга оширилганидан сўнг футболчи «шерлар» сафига қўшилиш учун Туркияга учиб кетди. 2004 йилда таваллуд топган «Пахтакор» тарбияланувчиси Акбар Ўктамов эса ОКМКга трансфер қилинди. Клуб матбуот хизматининг маълумот беришича, жамоа бош мураббийи Педру Морейра ўзи истаган барча ўзбекистонлик футболчиларни таркибда сақлаб қолди. Галдаги ўзгаришлар фақат легионерлар билан боғлиқ бўлади.
«Пахтакор»нинг хориж йиғинида қуйидаги футболчилар иштирок этмоқда:
Дарвозабонлар: Владимир Назаров, Никита Шевченко.
Ҳимоячилар: Ҳожиакбар Алижонов, Дилшод Саитов, Муҳаммадрасул Абдумажидов, Абдулла Абдуллаев, Шаҳзод Азмиддинов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Умар Адҳамзода, Маҳмуд Маҳамаджонов, Дилшод Абдуллаев.
Ярим ҳимоячилар: Муҳаммадали Усмонов, Диёр Ортиқбоев, Сардор Собирхўжаев, Абдурауф Бўриев, Диёр Холматов, Иброҳим Ибрагимов, Достонбек Ҳамдамов, Беҳрузбек Асқаров, Башар Ресан, Саидумар Саиднуруллаев.
Ҳужумчилар: Пўлатхўжа Холдорхонов, Отабек Жўрақўзиев, УлуҒбек Ҳошимов, Игорь Сергеев.
«СУРХОН»
Аввал хабар берганимиздек, «Сурхон» 9 январь куни, мавсумолди ўқув-машғулот йиғинни ўтказиш учун Туркияга учиб кетади. Мазкур йиғинда мураббийлар штаби ўз олдига 3та мақсадни қўйган:
1) Жамоани 2025 йилги мавсумига ҳам жисмоний, ҳам тактик тарафлама тайёрлаш;
2) Йиғинда ёш футболчиларга эътибор бериш ва уларнинг салоҳиятини ошириш;
3) 12та ўртоқлик учрашув ўтказиш.
Ҳозирга қадар, 5та клуб билан назорат учрашуви бўйича расман келишувга эришилди. Булар: «Црвена Звезда», «Воэводина», «Железничар» (уччаласи - Сербия), «Видовре» (Дания) ҳамда «Аҳал» (Туркманистон). Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, «Сурхон» ўтган мавсум «Олимпик»да тўп сурган Шерзод Комиловни ўз сафига қўшиб олди. Жамоа сафини тарк этган Бобур Асқаров эса, «Локомотив»га ўтиши мумкин.
«АНДИЖОН»
«Андижон» жамоаси режага кўра 5 январь куни Тожикистондаги Қайроққум сув омбори соҳили яқинида жойлашган спорт комплексига қишки ўқув-маш-ғулот йиғинларини ўтказиш учун етиб борган. Кунига икки маҳалдан тайёргарлик жараёнларида иштирок этаётган футболчилар залда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Аугустин Чирица кўрсатмалари асосида шуғулланишмоқда. Кучайтирилган машғулотлардан сўнг тайёргарлик майдонга кўчирилади. Мазкур йиғин давомида бош мураббий Александр Хомяков футболчилар билан жисмоний тайёргарлик ҳамда техник ва тактик схемалар устида ишлайди. Жамоанинг тожикистонлик ҳужумчиси Шахром Самиев ҳам клуб ихтиёрига қайтди. Бундан ташкари, охирги 1.5 мавсумни «Металлург» жамоасида ўтказган тажрибали ярим ҳимоячи Искандар Шойқулов билан ҳам келишувга эришилди. Босния ва Герцеговинадан эса тажрибали футболчи Мирзад Механович таклиф қилинди. Ҳозирга қадар Механович 265та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 52та гол урган ва 63та ассист қайд этган.
«БУНЁДКОР»
Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси 6 январдан ўз қароргоҳида янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Айни пайтда Илёс Зейтуллаев бошчилигида маш-ғулотлар бошланган. Таркибга янги келиб қўшилган футболчилардан Абдумавлон Абдужалилов, Одил Ҳамробеков ва «Анди-жон»дан Сардор Абдунабиев иштирок этмоқда. Шунингдек бош мураббий Илёс Зейтуллаевга Италиядан икки нафар ёрдамчи мураббий келиши кутилмоқда. Айтиш керак, жамоанинг ўтган йилги ўзаги деярли сақлаб қолинди. Бироқ, икки томонлама сифатли трансферлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида «Пахтакор»га ижарага берилган Маҳмуд Маҳамаджонов тўлиғича «шерлар» аъзосига айланди. Ўтган мавсум 9та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 11та тўп олиб чиққан дарвозабон Сарвар Каримов билан тузилган меҳнат шартномаси эса бекор қилинди. Шунингдек, «Локомотив»дан Сардор Абдунабиев сотиб олинган бўлса, ОКМКнинг универсал футболчиси Асадбек Раҳимжонов ҳам «Қалдирғочлар»нинг навбатдаги харидига айланиши тўғрисида хабарлар мавжуд. Қолаверса, машғулотларга ўринбосарлар сафидаги иқтидорли ўйинчилар ҳам жалб этилди. Йиғин доирасида бир нечта назорат ўйини ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
«ҚИЗИЛҚУМ»
Янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўраётган «Қизилқум» навбатдаги трансфер бўйича келишувга эришди. Ўтган мавсумда Самарқанднинг «Динамо» жамоасида тўп тепган сербиялик тажрибали ҳимоячи Душан Мийич эндиликда «олтин изловчилар» шарафини ҳимоя қилади. Клуб раҳбарияти футболчи билан бир йиллик шарт-нома имзолади. «Қизилқум» клубидаги ўйинлари орқали мухлисларга яхши таниш бўлган марказий ҳимоячи Николай Тарасов эса эркин агентга айланди. 1998 йилда туғилган футболчи 2 йил давомида Навоий клубида жами 52та учрашувда майдонга тушиб, 1тадан гол ва ассист қайд этди. Жамоа машғулотларида таркибга яқинда жалб этилган дарвозабон Фарҳод Раҳматов ҳамда ўтган мавсумда Нукуснинг «Арал» жамоасида ижара асосида ҳаракат қилган Шаҳзод Туропов ҳам қатнашмоқда.
«БУХОРО»
Бухоро футбол клуби қишки трансферлар мавсумида истеъдодли футболчиларни жалб қилиш билан бир қаторда ўтган мавсумдаги муваффақиятли таркибни сақлаб қолишга ҳам катта эътибор қаратмоқда.
Хусусан, 2024 йилги мавсумда Про Лига чемпионатида «Бухоро» жамоасининг совриндорлар сафидан жой эгаллаши учун катта ҳисса қўшган ҳужумчи Асилбек Қайюмов ҳамда ҳимоячи Иззатилло Пўлатов билан келишув яна бир йилга узайтирилди. Асилбек Қайюмов ўтган мавсумда Про Лигада 17та ўйинда 4та гол урган бўлса, Иззатилло Пўлатов 24та ўйинда иштирок этиб, 2 голли узатмани амалга оширди.
«ШЎРТАН»
Бир неча йиллик танаффусдан сўнг Про лигадан Суперлигага қайтган «Шўртан» клуби таркибини янги футболчилар билан бойитмоқда. Жумладан, Ғузорликлар, «Металлург»нинг уч нафар ўйинчиси - 28 ёшли ярим ҳимоячи Сирожиддин Қўзиев, 22 ёшда бўлган ҳимоячи Азиз Пирмуҳаммедов ҳамда 20 ёшли Далер Шарипов билан шартнома имзолаган бўлишса, «Локомотив»дан Темур Мамасидиқов олиб келинди. Ўтган 4 мавсум давомида «Шўртан» таркибида ҳаракат қилган Муҳриддин Зоиров эса «темирйўлчилар» аъзосига айланди. Хабарларга кўра, жамоани ўз вақтида «Локомотив» билан чемпионликка эришган Мирко Еличич бошқаради.
«ОЛИМПИК»
Суперлигада «Металлург» иштирок этмаслиги маълум бўлгач, регламент бўйича бекободликларнинг ўрнини эгаллаш ҳуқуқи биринчи навбатда «Олимпик»ка берилган эди. ПФЛ клубга ўз тақдирини ҳал қилиш учун 5 январга қадар вақт ҳам берганди. Бироқ, жамоа 2025 йилги мавсумда Суперлигада эмас, Пролигада иштирок этишни маъқул кўрди. Жамоа таркиби ёш футболчилар билан бойитилиши кўзда тутилган. Маҳоратли марказий ҳимоячи Шаҳзод Тоиров эса «Навбаҳор» билан келишувга эришди. 2001 йил, 27 сентябрьда Қашқадарё вилоятида туғилган футболчи профессионал фаолияти давомида «Олимпик» (Тошкент,2021-2023 йилнинг 1-давраси, 2024 йил) ва «Сурхон» (Термиз, 2023 йилнинг 2-давраси) жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
«ЛОКОМОТИВ»
7 январдан машғулотларни бошлаган «Локомотив» 4 мавсум давомида «Шўртан» таркибида тўп сурган ва 91та ўйинда майдонга тушиб, 36 марта рақиблари дарвозасини ишғол қилган маҳоратли ҳужумчи Муҳриддин Зоиров ҳамда «Сурхон»ни тарк этган Бобур Асқаровни ўз сафига қўшиб олди. Шунингдек, Сардор Абдунабиевни «Бунёдкор»га трансфер қилинган бўлса, тажрибали лигонер Душан Мийич «Қизилқум»га ўтди.
ПФЛ ва клубларнинг расмий саҳифалари, шунингдек, футболга ихтисослашган сайтлар хабарларидан ҳам фойдаланилди.