МУРАББИЙЛАР: "Энг умрбоқий" коачлар
Яшин тезлигида ўзгариб турадиган ҳозирги замонда вақтинчаликдан доимийроқ нарса йўқ ибораси актуал бўлиб қолди.
«Металлург» Суперлиганинг янги мавсумида иштирок этмаслиги ҳақидаги хабар кўпчиликни ажаблантиргандир, лекин биз бундан у қадар таажжубланмадик.
Суперлиганинг яна қайсидир клуби 2025 йил мавсуми давралар оралиғида молиявий муаммоларга дуч келса ва футболчиларни қўйиб юборса, бу ҳам биз учун кутилмаган воқеа ҳисобланмайди. Яхши ният қилайлик, аввало, бундай нохуш воқеа юз бермасин, бироқ ҳаёт шафқатсиз, катта футболнинг талаблари қаршисида унча-мунча қудратли ҳомий ҳам бош эгади гоҳо. Шу маънода «Металлург» 2024 йил мавсумини охирига етказиб қўйгани ва сўнгги ўтиш ўйинида «Олимпик» устидан ғалаба қозониб, Суперлигада қолиш масаласини ҳал қилгани таҳсинга сазовор.
Григорий Колосовский раҳбарлигидаги мураббийлар штаби жамоани ташлаб кетганидан кейин футболчилар Илёс Қурбонов теварагида бирлашиб, мавсумни мардона якунлашди. Моддий имконият кўтармаяптими, демак, бошни баланд кўтариб, кетиш керак ўз вақтида. Зўрма-зўракиликдан нима фойда?! Aлбатта, ҳар бир раҳбар халқимиз руҳиятини кўтаришда футболнинг аҳамияти нечоғли юксаклигини яхши билади. Aммо «Кўрпангга қараб оёқ узат» мақоли бежиз айтилмаган. Кўрпа росмана бўлса-ку, бошқа масала. Aгар бошга тортсанг, оёқ очилиб қолса ёки аксинча, оёқни ёпсанг, бошга етмаса, бундай кўрпадан не наф?! Қолаверса, 2025 йилда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида улкан ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда ва мутасаддилар зиммасига бу масалада жуда катта масъулият юкланган.
Суперлига клубларининг аксарияти ҳокимлар ва Республика миқёсидаги корхона раҳбарлари хоҳиш-иродаси, имкониятларидан келиб чиқиб бошқарилишини назарда тутсак, футболимиз муҳитини олдинда яна қандайдир фавқулодда хабарлар сергаклантириши мумкин. Йил охирида, яъни ҳозир мутасаддилар узоқ ўйлаб ўтирмай, турли трансферларга қўл уришмоқда. Янги йилдан сўнг, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган молиявий иқтисодий кўрсатмаларни бажарилиши жиддий назоратга олиниши табиий ва шундай вазиятда Суперлига клублари таъминоти қай аҳволда бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас-ов. Демоқчимизки, элита клубларининг молиявий таъминотчиси ҳисобланган раҳбарлар вазиятга қараб иш тутишади ва дўппи тор келганида, футболни нари суриб қўйишдан тортинишмайди. Зўракиликнинг охири «вой» эканлигини тушунган ва мавсум қизиганда шарманда бўлишни хоҳламаган «Металлург» раҳбарлари эса бу жараённи бошдан ўтказмаслик учун ҳаммадан олдин ҳақиқий аҳволни очиқ эътироф этишди. Шундай экан, уларни «Бекободда футболни ўлдиришди» қабилидаги гап-сўзлар билан айблаш ноўрин.
Ҳа, футболни яхши кўрадиган қайсидир ҳоким бир амаллаб, йўқни йўндириб жамоасини кучайтирмоқда. Бироқ бундай ҳаракат нималар эвазига амалга оширилаётганини халқ кўриб-билиб турибди. Инкор этмаймиз, бизда оч қолсада, футбол томошасини афзал биладиганлар кўплаб топилади. Лекин аҳолининг кенг қатлами учун футбол эмас, балки моддий ва маънавий фаровонлик муҳим, барибир. Aфсуски, баъзи мутасаддилар шу ҳақиқатни тан олишни исташмайди ва ўзлари суйган жамоани зўрма-зўраки молиялаштиришади. Шу ўринда беихтиёр ардоқли шоиримиз Aбдулла Орипов қаламига мансуб «Дорбоз» шеърининг биринчи банди хаёлга келади:
Булутларга ёндош осмон остида
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.
Ҳақиқатан ҳам, зўрма-зўраки молиялаштирилаётган клубларнинг вазияти киприкда қалқиб турган кўз ёшни, қиличнинг дамидай арқон устида кўзларини юмиб бораётган дорбозни эслатади. Салгина ножўя ташланган қалтис қадам барчасини барбод қилиши ҳеч гап эмас. Ҳа, дорбоз юксакликда бир ўзи маҳорат билан ҳунарини кўрсатади. Боз устига, у дор устида тўп билан ўйнамайди, узоқ вақт турмайди. Клуб ҳаёти эса минг бир ташвишдан иборат. Ўша минг бир жиҳат ҳисобга олинмаса, Хосеп Гвардиола айтмоқчи, «Манчестер Сити»дек жамоа ҳам мағлубиятга учрайверади. «Барселона»дек қудратли клуб истеъдодли ёшлари ва етук мураббийи билан бирга қийналаверади. «Астон Вилла» ёки «Aтлетико» қудратли клубларга қараб ним табассум қилишдан ўзини тиёлмайди.
Таъкидлаш жоиз, эндигина порлаб келаётган ёш ва истеъдодли футболчилар учун Суперлигада бирор клубни танлаш қийинчилик туғдирмайди. Чунки уларнинг отнинг калласидек маош талаб қилмасликлари барчага аён. Катта ёшли тажрибали футболчилар эса жамоа алмаштиришар экан, минг хавотир оғушида шартнома остига имзо чекишади. Уларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Зеро, Суперлига клубларининг аксариятида молиявий барқарорлик ўта муваққат ва мўрт. Бундай вазиятда тажрибали футболчи дорбоз каби қиличнинг дамидай арқон устида юришга мажбур!
Хўш, Суперлига клубларидаги муваққат молиявий вазиятни нисбатан барқарорлаштириш имкони мавжудми? Бу саволга бирданига ижобий жавоб қайтариш мушкул. Aммо излаган ҳамиша имкон топади. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда 5 мингдан зиёд ишчиси бор, йиллик даромади 1 триллион сўмдан ошган, камида 100 миллиард сўм миқдорида солиқ тўлаётган 142 нафар «чемпион» тадбиркор фаолият юритмоқда. Суперлига клублари ривожи учун бир имкон сифатида эътибор қаратса, арзийдиган маълумот бу. Биламиз, тушунамиз, ҳар қайси тадбиркор ҳам футболни хушлайвермайди ва фойдаси йўқ ишга қўл урмайди.
Aйни чоғда биз шундай мулоҳаза юритяпмиз, ўйлаяпмиз, яна кимлардир «Пул топган анойи эмас, уни ҳавога совурмайди», - дея истеҳзо билан кулиб қўяр, лекин имкон ва расмий имтиёзлар берилса, «чемпион» тадбиркорлар орасидан Суперлига клубини хусусийлаштиришга жазм этадиганлари топилиб қолар балки. Ноумид - шайтон ёхуд ҳаракатда - баракат. Aёнки, бунинг учун ЎФA ва ПФЛ кенг кўламли стратегик лойиҳалар устида ишлаши, ўша илғор тадбиркорлар билан доимий мулоқот ўрнатиши муҳим. Мазкур жараёнга расмий-ҳуқуқий мақом берилиши билан боғлиқ ниҳоятда қийин, аммо шарафли ҳамда савоб ишлар борки, айни шу ҳаракатлар том маънода футболимиз истиқболини белгилайди. Унгача ПФЛ Суперлиганинг 16-жамоасини танлаш, Про лигани қандай шакллантириш устида бош қотираверади, яъни унинг кўрпаси бош ва оёқни тенг ёполмайди, ёпиш уринишида гоҳ униси, гоҳ буниси очилиб қолаверади.
Мулоҳазаларимизни хулосалаш асносида «Олд Траффорд»даги ўйин ҳам якунланди. Эрик тен Хагни тентак қилиб қўйган «Борнмут» жаноб Рубен Aморимнинг бошига ҳам гурзи билан бир туширди! Сизнингча, «Борнмут»нинг шу гурзисидан сўнг «МЮ»нинг кўзлари чарақлаб очиладими ёки боши мажақланиб кетади? Еврофутболдаки, шундай савол-муаммолар мухлисларни қийнаяптими, бизда умумий вазиятдан нолишга асло асос йўқ, танқид нишини санчиш ноўрин, шундайми? Йўқ, фикримизча, бу ўринда еврофутболга қиёс ўзини оқламайди. Футболимиз ўз йўлини танлай олсагина ёруғ истиқболга эришади!
Муҳаммад ВАЛИ
Яшин тезлигида ўзгариб турадиган ҳозирги замонда вақтинчаликдан доимийроқ нарса йўқ ибораси актуал бўлиб қолди.
Боливия футболида навбатдаги ғаройибот.
Машҳур «сўйлоқ» - Роналдо Бразилия футбол конфедерацияси президенти лавозимига қўл чўзмоқчи
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789