Аббос Файзуллаев барчаси ҳақида - Акинфеев, Европага кетиши, Холандники ўхшаш кўзойнаклар...(2-қисм)

Аббос Файзуллаев барчаси ҳақида - Акинфеев, Европага кетиши, Холандники ўхшаш кўзойнаклар...(2-қисм)

Аббос Файзуллаев - РПЛнинг энг ёрқин футболчиларидан бири

 

21 ёшли йигит аллақачон ЦСКА клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси етакчилари қаторига қўшилди. У бир қатор халқаро турнирлар, жумладан, Париж Олимпиадасида қатнашишга ҳам улгурди. Деярли ҳар ой Аббоснинг Европага йўл олиши ҳақида янги хабарлар чиқмоқда. Осиёнинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси мақоми Файзуллаевга нисбатан қизиқишни янада ошираётгани турган гап. Sport24 мухбирлари Москвада ҳамюртимиз билан учрашиб, унинг бугуни ва келажаги юзасидан атрофлича суҳбатлашишди (Давоми. Бошланиши газетамизнинг 103 (2212))-сонида).

Инглиз тилини ўрганиш шарти

— Инглиз тилини ўрганаётганинг маълум. Буни қандай бошладинг? 

- Тоғам мени Тошкентга кўчириб ўтганида, 9 ёшда эдим. Яна 1,5 ярим йилдан сўнг у алоҳида таъкидлади: «Агар Европада ўйнамоқчи бўлсанг, инглиз тилини ўрганишинг шарт». Тоғамнинг ўзи бу тилни яхши билади, чунки Америкада ўқиган. 

— Ҳали ҳам репетитор билан шуғуллан­япсанми? 

- Инглиз тили бўйича - йўқ. Бу тилни русчадан яхшироқ биламан. Дейлик, инглиз тилидаги фильмларни хотиржам томоша қиламан, китобларни бемалол ўқийман. Репетитор билан машғулотларга келсак, аввалига 3 ой қатнадим, кейин футбол туфайли 1,5 йил тўхтаб қолдим. 2 марта шу ҳол такрорланди. Кейин мустақил ўргана бошладим. Ҳозир репетитордан испан тили бў­йича таҳсил оляпман. 

- Қизиқ, қайси тилда ўйлайсан? 

- Ўзбекчада. Баъзан гапирсам, сўзлар русча эмас, балки инглиз тилида келади. 

— Ўзбекистонда русча деярли иккинчи тил ҳисобланади. Бироқ Россияга келганингда, тилни яхши билмасдинг... 

— Тошкент мактабларида рус тили ўқитилади, Сирдарёда эса йўқ. «Пахтакор» академия­сига кўчиб ўтганимда, русчада бир оғиз сўз ҳам билмасдим. Билсангиз, Сирдарёдан Тошкентга кўчиш ўзга оламга тушишдек гап. Ҳар жиҳатдан. Оддий айтганда, она шаҳримда фақат ўзбек тилида гаплашардилар.

— «Пахтакор» академиясида мурабби­йинг русийзабон эди. Қандай шуғуллангансан? 

— Ҳа, мураббий фақат рус тилида гапирарди. Аввалига унинг нима деганини умуман тушунмасдим. Фақат болалар ҳаракатини такрорлардим. Кейин барчасини таҳлил қила бошладим ва бу русчани бироз тушунишимга ёрдам берди. 

— Мураббий шахсан ўзингга нимадир деганида-чи? 

— Битта ҳолат: мураббий туртади, бақиради, мен эса ҳеч нимани тушунмай, бош ирғайман (кулади) . ЦСКА сафига қўшилганимдан ке­йингина рус тилини тўлиқ ўргандим. Ҳозир ҳатто интервью беришим мумкин. 

— Сўзларни адаштириб юборишинг оқибатида ноқулай ҳолатларга ҳам дуч келганмисан? 

— Олма-Отадаги болалар турнирида шундай бўлганди. Финалдан кейинги тақдирлаш маросимида барча жамоалар сардорларини чақиришди: рус, қозоқ ва ўзбек йигити. Улар рус тилида бамайлихотир нутқ сўзлашди, мен эса қайсидир иборани нотўғри талаффуз қилдим, шунда ҳамма кулиб юборди. 

---------------------------------------------------------------

Абдуқодир Ҳусановга таъриф

— Ўзбекистон Президенти билан тушган суратингни кўрдик - мулоқот қилдингларми? 

- Икки марта. U-20 тоифасидаги Осиё кубогида ғалаба қозонганимизда, президент майдонга тушди ва кубокни ўзи топширди. Бу унинг мамлакат раҳбари сифатида биринчи марта футбол ўйинига ташриф буюриши эди. Кубокни президент қўлидан олиш икки ҳисса ғурур бағишлади. Ёзда, Олимпиададан кейин мамлакатимиз раҳбари билан 2-марта учрашдик. У мен ва яна икки йигит - Ҳусанов ва Алиқулов билан гаплашди.

- Нима дединг? 

— Президент чиндан ҳам, футбол томоша қилиши, муваффақиятларимизни кузатиб боришини таъкидлади. Кейин менга юзланди: «Тўп сенга тушса, дарҳол хавфли вазият кутаман. Ота-онангга раҳмат, тўхтама». Бу гапларни ота-онамга етказганимда, улар бахтиёрликдан еттинчи осмонга учишди. 

- Ҳусанов. Бу «ПСЖ»га ўтиши мумкин йигитми? 

- Ҳа. У ўтган йили Беларусда ўйнаганди, энди грандлар эътиборида турибди - «ПСЖ», «Тоттенхэм». Бу терма жамоада ўйнаш келажагингга кучли таъсир қилишидан далолат - яхши реклама. 

— Ҳусанов чиндан ҳам, шунчалик яхшими? 

- Ҳа. Унинг Европа даражасига тортишига ишонаман. Яқин дўстим, кўп мулоқотда бўламиз, терма жамоада бирга яшаймиз. Унинг қандай йигитлиги ва нималарга қодирлигини яхши биламан. Ҳусанов исталган топ-клубда ўйнай олади. «ПСЖ» ва «Тоттенхэм» - мутлақ даражаси. Чунки унда барчаси бор - техник салоҳият, куч, биринчи узатма. Тезлиги ҳақида эса индамаганим маъқул - Ўзбекистондаги энг тезкор футболчи. Даҳшатнамо тезлик. 

- Сендан ҳам тезкорроқми? 

- 100 фоиз. Мен қисқа масофага яхши югураман, Ҳусанов эса катта қадамлари эвазига узоқ масофани тез босиб ўтади. Ўлчаб ҳам кўрганмиз - тахминан 35 км.|соат тезликда югуради.

Кийим ва кроссовкалар - заиф томони

- Одатда дам олиш кунини қандай ўтказасан? 

- Дейлик, дўстларим билан саунага боришим мумкин. Москвада ҳаво совуқлигидан саунани ёқтириб қолдим. Лекин спорт залига кўпроқ бораман, укамни ҳам эргаштираман. 

— Бирор марта тунги клубга ҳам тушганмисан? 

- Йўқ. Фақат тез-тез чойхонага боришим мумкин. 

- Кийимлар харидига чиқишинг мумкинми? Масалан, Ўрунов ижтимоий тармоқларга марказий универмагдан пакетлар тўплами билан чиққан суратини жойлаштирган ва машҳур бўлганди... 

— Кийим-кечак ва кроссовкалар - заиф томоним. Тўғри, қайсидир бренд маҳсулотини сотиб оламан, лекин уни кўз-кўз қилиш мен учун эмас.

— Кокорин 15 минг долларга кроссовка сотиб олган. Сенда энг қимматбаҳоси қайси? 

  - Travis ва Louis Vuitton кроссовкалари. Энг қиммати - 1500 доллар. Уларни Туркия ва БААдан буюртма асосида келтириб беришади. 

- Автомобилинг борми? 

— Москвада йўқ, Ўзбекистонда эса оддий машинага эгаман - Daewoo Gentra. Қимматбаҳо авто сотиб олишим шарт эмас. Нима кераги бор? Шунчаки, гаражда туриши учунми? Ахир Ўзбекистонда жуда кам бўламан.

— Москвада ойига 4000-5000 доллар сарф­лашингни айтгандинг. Нималарга шунча кетади? 

- Квартира, такси ва озиқ-овқатга. Ота-онамга ҳам етарли миқдорда пул жўнатаман.

— Москвада тирбандликдан ташқари, яна нимадан кўпроқ таажжубландинг? 

— Москва жуда ёқди, ҳаёт учун ҳаммаси мужассам. Асосий муаммо - тирбандлик, йўлда кўп вақт сарфлайсан. Яқинда маршрут бўйича 40 дақиқалик йўлга 1,5 соат сарфладим. Айтганча, Тошкентда ҳам ҳозир худди шундай — 10 баллик тирбандлик. 

— Москвада мазали палов борми? Бирор жойни тавсия эта оласанми? 

- «Осиё» чойхонаси. У ерда танишларим овқат пиширишади. Байрамларда асосан ўша ерга буюртма бераман. Жамоага олиб келганимда, ҳаммага ёқди. 

— Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар ўртасидаги муносабатларда кўпчилик консерватив қарашларга эга. Шахсий ҳаётинг­ни ким билан боғлаш ҳақида ўйлаб кўрдингми? 

- Фақат мусулмон аёлга уйланаман. 

- Москвада қизлар танишиш учун пешвоз чиқишяптими? 

- Йўқ, шунчаки, суратга тушишни сўрашади. Баъзан ижтимоий тармоқлар орқали ёзишади, лекин эътиборсиз қолдираман.

---------------------------------------------------------------

Акинфеев Россияда ҳамон энг кучли дарвозабон 

— ЦСКА сафига қўшилганингда, ажойиб ўйининг роса муҳокама қилинганди. Ҳозир Батраков билан худди шундай ҳолат. Ҳасад йўқми? 

- Нега ҳасад қилиш керак? Турли одамлармиз. Батраков муваффақиятга эришяптими, ўзига яхши. Мен эса фақат ўз ўйинимга қарайман.

— Ўйин бўйича қандайдир ўхшаш томонинглар борми? 

— Эҳтимол, Батраков ҳам техник томондан кучли. «Локомотив»га қарши ўйнаганимизда, унинг аниқ зарбаси ва стантарт вазиятларни аъло даражада бажаришини пайқадим. 

- Техника ва дриблинг - сенинг асосий қуролинг. Бу борада РПЛда кимнинг ўйини маъқул?

— Сперцян ва Обляков ёқади. Барко ҳам тўп билан жуда яхши ишлайди. 

— Россияликлар орасида дриблингчилар камлигини нима билан изоҳлайсан? 

— Шунчаки, Россияда кучга таянган футбол ҳукмрон. 

- Шундай бўлиб чиқдики, Россияда бирданига порлай бошладинг... 

— Яхши муҳитга тушдим ва дарҳол жамоага қўшилиб кетдим. Яна менга бошидан ўйин вақти беришди. 

- Бошида иқтидорингни паст баҳолашганди, шундайми? 

— Россияга кўчиб келганимда, Ўзбекистонда ҳам кўпчилик ўйнолмаслигим, тезда ортга қайтишим ҳақида гапирганди. Оддий айтганда, менга ишонишмаганди. Шунинг учун нимага қодирлигимни исботлашим керак эди. Ўйлайманки, исботлай олдим. 

— Кўпчилик жорий мавсум ва аввалгиси охирида тин олиш билан ёрқин ўйнай бошлаганингни таъкидламоқда. Ўзинг ҳам барқарорлик етишмаётганини сезяпсанми? 

- Балки. Ёшим туфайли ўзимни супербар­қарор футболчи сифатида кўрмайман. Дунёда фақат икки футболчи барқарор ўйнайди - Месси ва Роналду. Баъзида пасайиш бўлиши - нормал ҳолат. Агар яққол орқага кетганимда, ҳозир захира ўриндиғида ўтирардим.

— Барқарорликни таъминлаш учун нимани яхшилашинг керак? 

— Бунга вақт кетади, барқарорлик тажриба билан келади. Ўйлайманки, яна бир неча йилдан сўнг янада барқарорлашиб, яхши савияда ўйнайман. Бунинг учун барчасига тайёрман. 

- Баҳорда маълум вақт Федотов ишончини йўқотганингни таъкидлагандинг. Нега шундай бўлди? 

— Осиё чемпионатидан қайтгач, мураббий билан алоҳида гаплашдим. Чарчаганим яққол сезилганди. Федотов тушунтирди: «Тинчлан, бунақаси бўлиб туради. Чарчаганинг аниқ. Сенга аста-секин ўйин вақти берамиз. Ҳали кўп наф келтира оласан». 

- Федотов ва Николич ўртасидаги асосий фарқ нима? 

— Марко футболчилар билан кўпроқ индивидуал тарзда гаплашади. Менга ҳамиша уқтиради: «Ташаббусни ўзингга олишинг керак, жамоага кўпроқ наф келтиришга қодирсан». Николич кўпроғини уддалашимга ишонади ва доимо мотивация беради.

— Ўзбекистон олимпия жамоаси мураббийи Кападзе ўз интервьюсида Акинфеев сени яхши қабул қилганини айтди. Игорь билан боғлиқ энг эсда қоларли воқеани айтиб берсанг... 

— Акинфеев тез-тез ҳазиллашади: «Агар сен қандайдир сўровда қатнашсанг, албатта, ғалаба қозонасан - бошқаларга имконият йўқ. Чунки барча ўзбеклар сенга овоз беришади». 

— Лукиннинг айтишича, Акинфеев бир сафар бутун жамоани «чилпарчин» қилган ва у ўз «насиба»сини олишдан чўчиган. Жорий мавсум ҳам Игордан қўрқинч­ли танбеҳлар бўлдими?

— Акинфеев ҳозир анча хотиржам. Аксинча, ўйинлар олдидан йигитларга мотивацион нутқ сўзлайди: «Ҳар бир тўп учун курашишимиз керак». Аммо кучли муҳокамаларни эслолмайман. 

— ЦСКА сафига келганингда, Акинфеевни билармидинг? 

— Ҳа, уни Россиядаги жаҳон чемпионатида эслаб қолганман. Игорь ҳамон мамлакатдаги энг кучли дарвозабон. 

— Машғулотларда унга голлар урганмисан? 

- Албатта! Ахир 1,5 йилдан буён бирга шуғулланяпмиз. 

— Кападзе яна машғулотлар пайти мусиқага сен жавоб беришингни айтди. Нимани танлайсан? 

- Асосан америкача рэп: Gunna, Central Cee, Bad Bunny. Ўзбекистондан эса Конста.

- Россиядан-чи? 

— Alblak 52ни ёқишим мумкин. 

Уч орзу сари ишонч

— Олимпиададаги шароитлар ҳақида гапиргандинг. Айнан нима ёқмаганди? 

— Кўпчилик ташкилотчилик устидан шикоят қилди. Масалан, бизни машғулотларга ҳамиша кечикиш билан олиб боришди. Ҳайдовчилар йўлни билишмасди. Дейлик, Испания термасига қарши илк ўйинга ҳам кечиккандик. 

- Қанақасига?

  — Стадион ҳудудидан ўтиб кетдик, кейин узоқ айландик. Фақат полициячи ёрдами билан стадионга кириб олдик. 

- Овқатланиш масаласи-чи? 

- Бошқачасига ўрганиб қолгандик.

- Олимпиада азалий орзунг эди. Энди навбат нимага? 

— Европанинг топ-клубида ўйнаш ва ЧЛ ғолибига айланишга. Терма жамоа билан эса ЖЧда иштирок этишни хоҳлайман. Буларнинг барчасига қурбим етишига ишонаман. 

- Бир йилдан кейин қаерда бўласан? 

- Фақат Аллоҳ билади. Умид қиламанки, майдонда бўламан!

158 НАФАР БОЛАКАЙГА ҚАРШИ ЎЙИН

ЦСКАнинг айрим футболчилари Янги йил байрами олдидан клуб академиясининг 158 нафар тарбияланувчисига қарши майдонга тушишди. 3:2 ҳисобида ёш болалар жамоаси ғалабаси билан якунланган байрамона учрашувда Аббос Файзуллаев 2та гол урди. Жамоанинг асосий таркибида ҳамюртимиздан ташқари, дарвозабон Владислав Тороп, шунингдек, Виллиан Роша, Матвей Лукин ва Данил Круговой ҳаракатланишди. Эътиборлиси, улар қорбобо кийимида тўп суришди. Қизиғи, академиячилар дарвозасини нақ 10 нафар кипер қўриқлади. Аббос эса голларидан бирини пенальти воситасида урди. 

ХУРШИДБЕК тайёрлади