Сумма бўйича нақ 502,3 фоиз ўсиш...

Сумма бўйича нақ 502,3 фоиз ўсиш...

2024 йил якуни бўйича барча футболчиларнинг трансфер баҳосини оширган, ўз ҳолича қолдирган ёки пасайтирган transfermarkt портали янги тасниф бўйича турли-туман рейтингларни ҳам қайта шакллантирмоқда

Қуйида яна Европанинг кучли 5та лигасига назар соламиз. Хўш, 2024 йилда таркибидаги футболчиларнинг умумий трансфер суммаси бўйича энг қимматлашган ва арзонлашган 5тадан клуб рўйхатида қайси чемпионатлар вакиллари бор?

ТАРКИБ БАҲОСИ БЎЙИЧА ЭНГ ҚИММАТЛАШГАН БЕШ КЛУБ

Бу мини-рўйхатда Италиядан 3та жамоа борлиги ҳам «А» серия қайта тикланиш даврида турганидан далолат бўлса керак. АПЛ вакили - «Ипсвич Таун»га дахлдор ўсиш эса ҳар қандай кишини ҳайратга солиши турган гап. Бу жамоа бир йил давомида нақ 502,3 фоиз даражасида қимматлашганига нима дейсиз? 

5-ўрин — «Осер» (Франция). Бургундия жамоаси 2024 йили 142,2 фоиз қимматлашди. Ҳозирда унинг қиймати 38,05 млн. еврони ташкил қилмоқда.

4-ўрин — «Венеция» (Италия). Қадим шаҳар клубининг умумий баҳоси 39,4 млн. еврога етди. Ўсиш даражаси - 147 фоиз. 

3-ўрин — «Парма» (Италия). 2024 йилда таркиб баҳосининг ўсиши 152,8 фоизни ташкил этди. Энди «Парма» ихтиёрида 82 млн. евролик футболчилар бор. 

2-ўрин — «Комо» (Италия). Италиядан яна бир клуб. Бунисида ўсиш меъёри 241,9 фоизга тенг. Қойилмисиз! Шунча плюсдан кейин «Комо» 69,9 млн. еврога баҳоланмоқда. 

1-ўрин — «Ипсвич» (Англия). «Комо»даги ўсиш шунчаки, «ҳолва». Қаранг, АПЛдаги иштирок ортидан «Ипсвич Таун» 502,3 фоиз «вазн» олди ва 200 «лимон» маррасига яқинлашди - 196,65 млн. евро.

ТАРКИБ БАҲОСИ БЎЙИЧА ЭНГ АРЗОНЛАШГАН БЕШ КЛУБ

Салбий рейтингнинг 5талигига Германия ва Испаниянинг 2тадан клуби кирди. Яна бир жамоа Франциядан. Энг жиддий пасайиш даражаси - 42 фоиздан баландроқ («Хетафе»). 

5-ўрин — «Райо Вальекано» (Испания). Мадрид теварагида фаолият юритувчи бу жамоа 2024 йили 24 фоиз арзонлашди. Ҳозирда «Райо»нинг таркиби 20 млн. еврога баҳоланмоқда.
qim-arzon.jpg 

4-ўрин — «Унион» (Германия). Берлин клуби умумий трансфер суммаси бўйича 27,6 фоиз орқага кетди. Шу билан «Унион»нинг якуний суммаси 46,08 млн. еврога тушди.

3-ўрин — «Ренн» (Франция). Лига 1 иштирокчиси 12 ой давомида 27,8 фоиз даражасида арзонлашди. 72,05 млн. евро - бу айни вақтдаги сумма.

2-ўрин — «Боруссия» М. (Германия). Менхенгладбах клуби таркиб баҳоси бўйича 30,9 фоизлик йўқотишга дуч келди. 63,05 млн. евро - бу кучли футболчиларга эга жамоа учун кам эмасми? 

1-ўрин — «Хетафе» (Испания). «Қора-кўклар» таркиби айни пайт 62,90 млн. еврога баҳоланмоқда. Бу 42,1 фоиз пасайиш демакдир.