Қуйида, жамоаларимизнинг мавсум тараддуди ва таркибдаги ўзгаришларига оид янгиликлар билан танишасиз.
«НАСАФ»
Амалдаги чемпион тайёргарлик ишларини Қаршида давом эттирмоқда. Илк хориж йиғини эса 3 февралдан Туркияда олиб борилади. Анталия шаҳрида бир қатор ўртоқлик ўйинлари ўтказиш режалаштирган. «Насаф»га «Лиепая» (Латвия), «Верес Ривне» (Украина), «Факел» (Россия), «Балтика» (Россия), «Шахтёр» (Қозоғистон) ва «Спартак» (Россия) клублари спарринг-рақиб бўлади. Ўзгаришларга тўхталсак, дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ва ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев билан шартнома муддати узайтирилди. Грузиялик Жамбули Жигаури эса Қаршидаги 1,5 йиллик фаолиятидан сўнг жамоа билан хайрлашди. Асосий янгилик шуки, «Андижон»даги ўйинлари билан кўпчиликда қизиқиш уйғотган ҳужумчи Рубин Хебай ва Суперлиганинг охирги 6 мавсуми бош тўпурари Драган Черан «Насаф» билан келишувга эришди, ҳисоб. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, 26 ёшли албаниялик воҳа клубида йилига чамаси 270 минг доллар миқдорида маош олади. Юртимиздаги фаолиятини 2016 йилнинг ёзида айнан «Насаф»да бошлаб, мавсум-2018 иккинчи ярмида «Пахтакор»га кўчиб ўтган Черан эса Суперлиганинг жами 196та ўйинида 140та гол ва 32та ассист қайд этган.
ОКМК
Олмалиқ жамоаси янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш ва ёшларга имконият яратиш сиёсатини давом эттирмоқда. Жумладан, Ҳумоюншоҳ Сайётов («Қизилқум»), Асадбек Собиржонов («Металлург») ва профессионал фаолиятини «Навбаҳор-фарм»да бошлаган Аброр Каримов янги мавсумни ОКМК сафида бошлашади. Шунингдек, «Бунёдкор»да ижара муддатини ўтаган Аҳмадулло Муқимжонов ва Асадбек Раҳимжонов ортга қайтишди. Марказий ҳимоячилар Авазбек Ўлмасалиев ва Ислом Тўхтахўжаев билан келишув муддати 2 йилга узайтирилган бўлса, ярим ҳимоячи Ойбек Рустамов мавсум якунигача мўлжалланган битим остига имзо чекди. 2021 йилнинг 9 февралидан буён жамоа шарафини ҳимоя қилган Шоҳруҳ Гадоев эса эркин агент мақомида «Нефтчи»га кетди.
«НАВБАҲОР»
Суперлига-2024 бронза медали совриндори 6 январь куни Тошкентда йиғинга киришди. 3 ҳафталик тайёргарлик давомида асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклашга қаратилади. Машғулотлар якунида спарринг-рақиб танлаб, назорат-синов ўйини ташкил этилиши мумкин. Тошкент сафаридан кейин БААда йиғин олиб бориш режалаштирилган. Жамоа таркиби тажрибали ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев («Металлург») ҳамда иқтидорли ярим ҳимоячи Риан Исламов («Олимпик») ҳисобига бойитилди. Лимитдан ташқари рўйхатдан ўтказилган Абдуғани Камолов ва Шаҳзод Ҳамидов билан тузилган шартнома эса бекор қилинди. Ўтган йили «лочинлар» сафида тўп сурган ҳимоячи Фаррух Сайфиев ва дарвозабон Элдор Суюнов «Нефтчи» билан келишувга эришган бўлсалар, грузиялик ҳужумчи Гиорги Никабадзе «Қизилқум»дан расмий таклиф олган. Жамшид Искандеров ва Жамшид Болтабоевнинг ҳам Фарғона жамоаси билан келишувга эришишгани айтилмоқда.
«СЎҒДИЁНА»
Иван Бошкович бошқарувидаги клуб тайёргарлик жараёнини 10 январь куни бошлайди. Зоминда олиб бориладиган машғулотлар 10 кун давом этади. Шундан сўнг БАА (21-31 январь) ҳамда Туркия (1-25 феврал)да йиғин бўлади. Хорижда Европа ва Осиёнинг кучли жамоалари билан назорат ўйинлари ташкил этиш режалаштирилган. «Сўғдиёна» таркибни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, тожикистонлик марказий ярим ҳимоячи - Эҳсони Паншанбе билан 2025 йил охиригача амалда бўладиган шартнома расмийлаштирилди. «Навбаҳор»даги ўйинлари орқали мухлисларимиз назарига тушган футболчи фаолияти давомида «Зоб-Оҳан» ва «Истиқлол»да ҳам тўп сурган. Эҳсони Тожикистон миллий жамоасининг 56та ўйинида 5та гол муаллифига айланган. Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаб, йилнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилган 18 ёшли дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров эса «Бунёдкор»га қайтди.
«НЕФТЧИ»
Янги мавсумга тайёргарликни аллақачон бошлаган Фарғона жамоаси Акбар Тўраев ва Муҳсин Убайдуллаев билан ўртадаги келишув муддатини 1 йилга узайтириш асносида кетма-кет трансферларни ҳам эълон қилмоқда. Демак, «Нефтчи» қисқа вақт ичида Фаррух Сайфиев, Элдор Суюнов («Навбаҳор»), Шоҳруҳ Гадоев (ОКМК) ҳамда Икром Алибоев («Канвон», Ж.Корея)ни ўз сафига қўшиб олди. Маълум бўлишича, сўнгги йиллар «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган Жамшид Искандеров ҳамда Жамшид Болтабоев ҳам «йўлбарслар» сафини тўлдиришади. Фақат буни расман эълон қилиш қолди, холос. Айтганча, дарвозабонларни кашф қилишда ном қозонган Денис Иванков «Нефтчи» мураббийлар штабидан жой олди. Ўтган мавсум «Нефтчи»да ўйнаган тожикистонлик Манучеҳр Сафаров эса фаолиятини «Бунёдкор»да давом эттириши мумкин. Ҳужумчи Шоҳруз Норхонов ҳам жамоадан кетди ва «Бухоро» аъзосига айланди. Шунингдек, кутилишича, легионер Эффионг Нсунгуси янги мавсумни бошқа жамоада бошлайди. Азиз Амонов ҳам амалда яна 1 йиллик шартномаси бўлишига қарамай, жамоасини ўзгартириш ниятида. Бу борада раҳбарият билан музокара давом этяпти.
«Нефтчи» якшанба куни Туркиянинг Анталия шаҳрига етиб борди. Бош мураббий илк хориж йиғинига 16 нафар футболчини олиб кетди:
Дарвозабонлар - Акбар Тўраев, Ботирали Эргашев, Элдор Суюнов
Ҳимоячилар - Муҳсин Убайдуллаев, Анвар Ғофуров, Шоҳруҳ Ёқубжонов, Дониёр Валиев, Фаррух Сайфиев, Шоҳруҳ Гадоев
Ярим ҳимоячилар - Ғуломҳайдар Ғуломов, Диёр Туропов, Билолхон Тошмирзаев, Аброр Исмоилов, Икром Алибоев
Ҳужумчилар - Тома Табатадзе, Муҳаммадали Ғиёсов
Болқонлик футболчилар Боян Цигер, Йован Жокич, Владимир Йовович ва Зоран Марушич эса 8 январь куни Белграддан тўғри Анталияга боришади.
«ПАХТАКОР»
Португалиялик Педру Морейра бошқарувидаги Тошкент клуби 3 январь куни Туркияда машғулотларни бошлаб юборди. 18 январгача давом этадиган йиғинда Владимир Назаров, Никита Шевченко, Ҳожиакбар Алижонов, Дилшод Саитов, Муҳаммадрасул Абдумажидов, Абдулла Абдуллаев, Шаҳзод Азмиддинов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Умар Адҳамзода, Муҳаммадали Усмонов, Диёр Ортиқбоев, Сардор Собирхўжаев, Абдурауф Бўриев, Диёр Холматов, Иброҳим Ибрагимов, Достон Ҳамдамов, Пўлатхўжа Холдорхонов, Отабек Жўрақўзиев, Улуғбек Ҳошимов ва Игорь Сергеев қатнашишмоқда. Яқин кунларда таркибга янги легионерлар қўшилишлари эҳтимоли бор. «Пахтакор» бош мураббий талаби билан Достон Ҳамдамов ва Сардор Собирхўжаев таркибда олиб қолинди. 2023 йилнинг баҳорида Ўзбекистонда ўтказилган U-20 тоифасидаги Осиё кубогининг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилган Отабек Боймуродов эса жамоадан кетди. Ўтган мавсум «Андижон»да ижара келишуви асосида тўп суриб, 9та гол урган Рустам Турдимуродов бу йил ҳам «бургут»лар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.
«СУРХОН»
Тошкентда шуғулланаётган Термиз клуби 8 январь куни машғулотларни якунлаб, эртасига Туркияга жўнаб кетади. Тайёргарликнинг 2-босқичи Сиде шаҳрида олиб борилади. «Сурхон» сафига аввалги мавсум «Қўқон-1912»да ижара муддатини ўтаган қанот ҳимоячиси Сунатилло Поёнов (ҳуқуқий жиҳатдан «Пахтакор»га тегишли) ва «Олимпик» сардори Нодир Абдухолиқов қўшилишди. Тажрибали ҳимоячи Егор Кримец эса янги мавсумни «Сўғдиёна» либосида бошлайдиган бўлди. Шунингдек, Бобур Асқаров, Диёр Жалолиддинов, Тамирлан Жамалутдинов, Камрон Саидазимов, Миржалол Абдумуталов ва Фаррух Икромов билан хайрлашилди.
«ДИНАМО»
Вадим Абрамов жамоаси дастлабки ўқув-машғулот жараёнини 3 январь куни Тошкентда бошлади. «Динамо» пойтахтда «Хоразм» (8 январь) ва «Бунёдкор» (13 январь)га қарши назорат учрашуви ўтказишни режалаштирган. Январь ойининг иккинчи қисмида эса машғулотлар БААда давом эттирилади. Жамоа ҳозирча украиналик ҳимоячи Александр Кучеренко («Металлург») билан 1 йиллик шартнома тузди.
«БУНЁДКОР»
Таркибини кучайтиришга зўр бераётган пойтахт клуби 29 ёшли ярим ҳимоячи Муҳаммаданас Ҳасанов билан келишувга эришди. У 2024 йили «Локомотив» шарафини ҳимоя қилганди: 27та ўйинда 3та самарали узатма. Шунингдек, «Сўғдиёна»да кўзга ташланган 18 ёшли дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров «Бунёдкор»га қайтди ва 2026 йил якунигача амалда бўладиган битим остига имзо чекди. «Нефтчи»да танилган тожикистонлик Манучеҳр Сафаров ҳам кейинги тақдирини «қалдирғочлар» билан боғлаши мумкин. Аксинча, ҳимоячи Шаҳбоз Жўрабеков «Бунёдкор» билан хайрлашди. Унга «Бухоро» томонидан қизиқиш бор. Дарвоқе, «қалдирғочлар» 13 январь куни «Динамо»га қарши назорат учрашувида майдонга тушишади.
Кутилишича, «Олимпик» ва «Локомотив»нинг собиқ устози Денис Коростиченко «Бунёдкор» U-19 жамоаси бош мураббий ролида фаолият олиб боради. Мазкур ёш тоифасидаги жамоани бошқарган Анвар Ғофуров эса «Сурхон» штабига қўшилиши мумкин.
«АНДИЖОН»
Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби ўз қароргоҳидаги 2 кунлик машғулотлардан сўнг 5 январда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига жўнаб кетди. Александр Хомяков шогирдлари у ерда 17 январгача шуғулланиб, маҳалий клубларга қарши назорат ўйинларида майдонга тушишади. Машғулотларда янги футболчиларни синаб кўриш ҳам кўзда тутилган. «Андижон» билан шартнома тузган Дониёр Абдуманнопов, Валижон Раҳимов ҳамда Олег Зотеев ҳам Тожикистон сафарига йўл олишди. Шунингдек, жисмоний тайёргарлик бўйича руминиялик мутахассис Аугустин Чирица жамоа штабида иш бошлади. Тез орада жамоага йиғинига бразилиялик 29 ёшли ҳужумчи Доминик Винисиус қўшилиши мумкин. Унга таклиф этилаётган маош миқдори маъқул келса, бас. Ҳуқуқий жиҳатдан «Пахтакор»га тегишли Рустам Турдимуродов эса фаолиятини водий жамоасида давом эттирадиган бўлди. Режага кўра, тайёргарликнинг иккинчи босқичи Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлади.
«ҚИЗИЛҚУМ»
«Навбаҳор» билан хайрлашган грузиялик ҳужумчи Гиорги Никабадзе «Қизилқум» билан музокара олиб бормоқда. Якунланган мавсум 24та ўйинда 3та гол ва 2та ассист қайд этган футболчига жамоа бош мураббийи Никола Лазаревичнинг шахсан ўзи қизиқмоқда. Навоий жамоаси шунингдек, «Насаф»дан кетган грузиялик Жамбули Жигаурига ҳам бефарқ эмас. 2024 йили «Қизилқум» дарвозасини қўриқлаган Ҳумоюншоҳ Сайётов эса янги мавсумни ОКМКда бошлайди. У Суперлига ва кубок турнирида жами 10та ўйин ўтказиб, 4тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди. Жамоача унинг ўрнига «Динамо»дан Фарҳод Раҳматов таклиф этилди ва у билан 2 йиллик шартнома тузилди.
«БУХОРО»
Суперлига дебютанти рақобатбардош таркиб шакллантиришга киришди. Хусусан, «Бунёдкор» билан хайрлашган ҳимоячи Шаҳбоз Жўрабеков «Бухоро»дан аниқ таклиф олган. Шунингдек, «Пахтакор»дан кетган иқтидорли дарвозабон Отабек Боймуродов ва «Локомотив» ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов билан ҳам музокара олиб борилмоқда. 2022-2023 йиллар «Бухоро»да ўйнаган Шоҳруз Норхонов эса яна азим шаҳар жамоаси шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Ҳуқуқий жиҳатдан ЦСКА (Москва)га тегишли эронлик чап қанот ҳимоячиси Амирҳусайн Рейванди «армиячилар» ихтиёрига қайтди. шунинг баробарида Фране Икич ва Марко Колакович билан шартнома муддатини яна 1 йилга узайтирди.
«ҚЎҚОН-1912»
Жамоани Про лигадан Суперлигага олиб чиққан бош мураббий Баҳром Ҳайдаров амалдаги келишуви муддатини 1 йилга узайтирди. 4 январь куни бошланган машғулотларда бир қатор маҳаллий иқтидорлар ҳам қатнашишмоқда. Режага кўра, «Қўқон-1912» 11-18-январь кунлари Тошкентда шуғулланади. Тайёргарликнинг кейинги босқичи эса Тожикистонда ўтказилади. Алоҳида таъкидлаш керак, «Қўқон-1912» янги мавсумда асосий эътиборни ёшларга қаратмоқчи. Ҳозирча «Шўртан» сафида ҳаракатланган 27 ёшли ҳужумчи Жасур Холтўраев ҳамда 25 ёшли Алишер Салимовнинг янги мавсумни «Қўқон-1912»да бошлашлари аниқ. Легионер ҳужумчи Сергей Петров билан ўртадаги шартнома ўзаро келишув асосида бекор қилинди.
«ШЎРТАН»
Ғузорликлар ўтган мавсум «Металлург»да тўп сурган Сирожиддин Қўзиев ва тожикистонлик Далер Шариповни ўз сафларида кўрмоқчилар. Ҳужумчи Жасур Холтўраев эса «Қўқон-1912»да ўйнашни ихтиёр этди.
«ЛОКОМОТИВ»
Пойтахт клуби Момчило Расо («Бунёдкор»), Худойшукур Сатторов («Металлург») ҳамда Фарҳод Бекмуродов («Андижон»)ни ўз сафига қўшиб олди. 13 нафар футболчи билан эса ҳамкорлик тўхтатилди. Булар - Муҳаммаданас Ҳасанов, Абдулазиз Абдурашидов, Суҳроб Султонов, Собит Синдаров, Дилшод Жўраев, Санжар Турсунов, Константин Базелюк, Темур Мамасиддиқов, Рустам Халназаров, Михаил Гашенков, Иван Рогач, Тўлқин Эргашев ҳамда Мақсудхўжа Аълохўжаев. Хабарларга кўра, ўтган мавсумни «Металлург»да якунлаган тажрибали ҳимоячи Даврон Ҳошимов ҳам «Локомотив» оиласига қўшилади катта эҳтимол.
«ХОРАЗМ»
«Хоразм» янги мавсумга беш босқичли ўқув-машғулотлар бўйича тайёрланади. 18-28 декабрь кунлари Урганчда ташкил этилган биринчи босқичда асосий урғу маҳаллий ёшларга қаратилди. Иккинчи раунд 5 январь куни Тошкентда бошланди. «Хоразм» пойтахтда 17-санагача шуғулланади ва бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушади:
8 январь - «Динамо»га қарши
12 январь - «Қўқон-1912»га қарши
16 январь - «Локомотив»га қарши
19 январь - 1 февраль оралиғида Тошкентда бўлиши белгиланган учинчи босқич машғулотларида жисмоний тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратилади. 20 январь кунига «Бунёдкор» билан назорат учрашуви режалаштирилган. «Хоразм» ҳал қилувчи охирги йиғин учун хорижга чиқиши ҳам мумкин. Маълумотларга қараганда, Суперлигада қатнашишдан умидвор жамоа 36 ёшли Даврон Эргашевни ўз таркибига чорламоқда. Юртимизда «Бунёдкор» ва «Металлург» шарафини ҳимоя қилган Тожикистон термаси собиқ ҳимоячиси якунланган мавсум «Хўжанд»да ўйнаганини маълумот ўрнида келтириш жоиз.