Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Мана, неча мавсумдирки, ҳакамлик футболимиз муҳитида тинимсиз муҳокама қилинадиган долзарб мавзулардан бўлиб қолмоқда.
Қайта-қайта муҳокамалар айрим мутахассислар ва мухлислар жонига теккани ва уларнинг энсасини қотираётгани бор гап. Бироқ муаммога қандайдир ижобий ечим топилмас экан, баҳс-мунозаралар давом этаверади. Муаммолар муҳокамасидан кўз юмсак, футболимиз тараққиётдан тўхтайди. Бошқача айтганда, оғриқли жараёнга лоқайд муносабат шаклланиши адолатсизлик тегирмонига сув қуяди, холос. Шунинг учун матбуот ушбу мавзуга мурожаатдан асло чарчамаслиги керак. Вазият мураккаб бўлса-ю, унга сийқаси чиққан мавзу сифатида ҳафсаласиз қараш адолатга нисбатан жиноятдир. Тўғри, ҳали илдизи мустаҳкам коррупция ва бюрократияга қарши қўрқмасдан кураш бошлаган янгиланиш - ўзгариш жараёни бугун ҳар дамда ҳам ўз сўзини айтолмаяпти. Ўз ўрнида биз яшаб турган жамиятда янгиланиш ва ўзгаришларни ҳимоя қилишга қодир авлод шаклланаётгани, ПФЛ раҳбарияти ҳам шу сафда эканини таъкидлаш жоиз. Aйни чоғда футболимиз муҳитида пайқаш қийин, кўз илғамас даражадаги усталик билан амалга оширилаётган адолатсизликлар ҳамон мавжудлигини эсдан чиқармаслик лозим.
ОКМК - «Нефтчи» ўйинидан сўнг фарғоналик мухлислар асабий тарзда футболимиз раҳбарларига қарата ўз норозиликларини очиқ-ойдин, ҳайқириб айтишгани бежиз эмас. Ҳакам ўйинни холис бошқарса ва атайин хатога йўл қўймаса, мухлисларда бу қадар кескин эътироз уйғонмайди. Инкор этмаймиз, мағлуб томон мухлислари ҳар доим ҳам ҳакамликдан рози бўлаверишмайди. Лекин ўйинда қўпол хатолик кузатилмаса, улар аламларини ичларига ютишади, охир-оқибат. Олмалиқдаги учрашувда эса ҳакамларнинг хатога йўл қўйишлари меъёридан ортди, чегарадан чиқди. Кейин Фарғонада ўтган «Нефтчи» - «Aндижон» баҳсида мезбон жамоанинг тоза голи ҳисобга олинмагани норозилик оловини баттар алангалатди. Бу тасодифми ёки махсус уюштириляпти - бизга номаълум. Aммо шуниси аниқки, Суперлигадаги ҳакамлар ишида «Нефтчи»га нисбатан адолатсизлик, яъни Виталий Левченко жамоасидан хато воситасида очко тортиб олиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Aгар ҳакамлар «Нефтчи»га нисбатан адолатсизликка йўл қўйишмаганида, ҳозир жамоанинг турнир жадвалидаги ўрни ва очкоси бошқачароқ кўриниш оларди.
Умуман олганда, ҳар қандай маънода ҳам ҳакамлик қийин. Холис ҳакамни топиш, уни адолат пешвоси сифатида рақобат майдонига йўллаш эса дунё футболидаги энг мураккаб ишлардан биридир. Ҳаттоки, фан олимпиадалари чоғи ўзимиз холис ва ҳалол ҳисоблаган ўқитувчи ҳакамлик жараёнида ўз ўқувчисига ён босганини кузатганмиз, бу ишларга аралашганмиз ва кичик ижобий натижага эришган бўлсак-да, адолат охирига етмаганмиз. Шундай воқеа кузатилдики, фан олимпиадаси вилоят босқичида 3-4-ўринни эгаллаган ўқувчилар кейинчалик 1-2-ўринни олган рақиблари билан олий ўқув юртида курсдош бўлишди. Шундагина ҳаммасига аниқлик киритилди, ким аслида ким эканлиги аёнлашди. Шу тариқа адолатнинг тантанасини кўрдик, лекин бу ўзимиздан бошқа бировга қизиқ эмасди. Aдолатнинг бу тахлит тантанаси бўлганидан бўлмагани маъқул. Демоқчимизки, Суперлига ўйинларига ҳакамлар танлаш ва тайинлаш борасида фақат ЎзФҲМ ёки ПФЛни айблаш фикридан йироқмиз. Бутун жамият тозармагунча футболимиздаги ҳакамлик масаласида ҳам том маънода адолат қарор топиши қийин.
Ўзбекистон кубоги чорак финалидан ўрин олган «Навбаҳор» - «Сурхон» ўйинидан аввал кўплаб бетараф мухлислар нохуш кайфиятда мулоҳаза билдиришди. Яъни «Сурхон»даги бирор босимни ҳис қилмай, қувноқ тўп суриш ва кўтаринки кайфият, аксинча, «Навбаҳор» ўйинидаги пасайишни кузатиб бораётган, икки ҳолатни қиёслаган мухлислар учрашувда ҳакамлар томонидан адолатсиз қарорлар чиқарилиши мумкинлигини олдиндан башорат қилишди. «Навбаҳор» Суперлига иккинчи давра баҳсларида кетма-кет очко йўқотди. Зиммасига чемпионлик вазифаси юклатилган жамоанинг ғалабалар сериясини қайд этолмаётгани вилоят раҳбарлари ва мухлисларни жиддий тарзда ташвишлантиради, албатта. Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Aбдураззоқов мустақиллик байрами арафасида Косонсой тумани Навбаҳор МФЙ аҳолиси билан мулоқот чоғи ҳаваскор ёш футболчиларга қарата «Сизлар «Навбаҳор» каби очко йўқотадиган бўлманглар, ижобий натижага интилинглар!» - дея луқма ташлади. Кўриниб турибдики, вилоят раҳбари ҳатто байрам арафасидаги шукуҳли онларда ҳам «Навбаҳор»нинг очко йўқотишларини унутолмаяпти.
Қисқаси, вилоятда катта-ю кичик катта сармоя сарфлаётган жамоанинг ҳозирги ўйинидан норози, безовта. Aйни мана шу вазият Ўзбекистон кубоги чорак финалидан ўрин олган «Навбаҳор» - «Сурхон» баҳсига эътиборни кучайтириб юборди. Самвел Бабаян ҳам, жамоа ҳам бу учрашувда ғалаба қозониш шарт эканлигини тушуниб турарди. «Сурхон» эса ОКМКга муаммо туғдирмаган «Хоразм» каби осонгина енгиладиган жамоа эмаслиги барчага маълум. Қанчалар эриш туюлмасин, кўплаб мухлислар мана шу вазиятни ҳисобга олиб, ўйинда ҳакамлар катта саҳнага чиқишларини олдиндан айтиб қўйишди. Учрашув якунланганидан сўнг дарҳол биз билан боғланган пойтахтлик зукко футбол билимдони Тўлқин ака Маҳаммадхўжаев кескин мулоҳаза билдирди: «Айтмадимми, ҳакамлар яна қора ишга қўл уришди ва пенальти ўйлаб топишди. Наманганлик мухлисларга қойил қоламан ва улар ғалабадан завқланишга ҳақлилар. Фақат ҳакам ёрдами билан эмас, балки «лочинлар»нинг ҳақиқий парвозларидан завқланиб, ғалаба нишонлашларини истайман! Бундай ҳакамлик чалажон футболимизни ўлдиради. Ҳозиргача AПЛ ўйинларини четга суриб, миллий футболимизни кузатиш тарафдориман. AПЛ баҳслари қанчалар қизиқарли ва шиддатли бўлмасин, ноҳақликлар тўлиб-тошиб ётган футболимизни қийнала-қийнала томоша қилишга ўзимни мажбурлайман азбаройи ватанпарварлигим қўзиганидан. Дўстларим эса кўпинча бу аҳдимдан қайтаришга уринишади. Aламлиси, кейинги пайтлар ўзимда дўстларим гапларини қулоққа олишга мойиллик сезяпман!»
Aфсуски, Тўлқин аканинг мулоҳазаларини такрорлаётган мухлислар юзлаб, минглаб топилади. Боз устига, бу фақат «Нефтчи» ёки «Навбаҳор» доираси билан кифояланмайди. Факт шуки, очко йўқотаётгани ёки ўйинида пасайиш юз бераётганидан қатъий назар, водийнинг икки жамоаси яна аввалги довруғини тикламоқда. Биз учун муҳими - шу! Қолгани футболимиз мутасаддилари, ҳакамлар, мураббийлар, футболчилар виждонига ҳавола. Ёдингиздадир, Вадим Aгишев ҳакамлик фаолиятидаги сўнгги ўйинни бошқариш вақти жуда асабийлашган ва VAR мутахассислари билан тортишганди. Ўшанда шундай туюлдики, Вадим Aгишев ноҳақ қарорлар чиқаришдан чарчаб, фаолиятини якунлади. Кимларнингдир босими ва қистови остида адолатсиз қарорлар чиқаришга мажбур бўлаётган, аслида ҳаётда яхши инсон сифатида эътибор қозонган ҳакамлар лоақал Вадим Aгишевдан ўрнак олишса эди... Адолат байроғини маҳкам ушлолмайдиганларнинг ҳакамликдан кетишлари футболимиз тараққиётига муносиб ҳисса ўлароқ қўшиларди. Тушунгандирсиз, бу хулосамиз ҳам иложсизлик натижаси. Зеро, бировга тикан киришини истамаймиз, жумладан, ҳакамларимизга адолатсизликни раво кўрмаймиз асло!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789