Альваро Вальесни биласизми?

Альваро Вальесни биласизми?

Европанинг энг кучли 5та лигаси жорий мавсуми биринчи ярмида ким энг ишончли дарвозабон сифатида гавдаланганини биласизми?

 Энг омадсиз кипер мақоми кимга «насиб» этганини-чи? Россиялик ижодкорлар айни шу масалага қизиқиб кўришди. Хўш, мавсумнинг биринчи қисмида дарвозабонларда эффектлилик рейтинги қандай кўриниш олди?

Аввало, кутилган голлар сони ва амалда қўйиб юборилганлари миқдори ўртасидаги баланс бўйича энг юқори ижобий кўрсаткичга эга киперлар ҳақида. Ла Лига вакили «Лас-Пальмас»нинг «нотаниш» дарвозабони Альваро Вальес мавсумнинг биринчи ярмида камтарин жамоасини деярли 9та соф голдан қутқариб қолди - энг яхши натижа. Дарвозабоннинг ишончлилик эффекти «Лас-Пальмас» натижаларида ҳам ўз аксини топмоқда - мавсум-2017|2018дан буён Ла Лигада илк марта иштирок этаётган клуб Испания чемпионати биринчи даврасини 10-ўринда якунлади. Дебю­тант учун чакки эмас, тўғрими? 3-яхши натижа эгаси - 27 ёшли Гульельмо Викариога ҳам алоҳида тўхталиш керак. Ёзда «Эмполи»дан «Тоттенхэм»га ўтган кипер дарҳол «шпорлар» сардори Уго Льорисни «ишдан чиқарди» ва энди голлар олдини олиш кўрсаткичи бўйича топ-лигалар вакиллари орасида етакчилардан бири бўлиб турибди. Эътиборли факт: кучли 5та лигадаги энг кучли 10 нафар шотстоппер рўйхатида Италия футболининг уч вакили бор - Викариодан ташқари, Пьетро Терраччано ва Микеле ди Грегорио. Лигалар бўйича тақсимот эса тенг: Ла Лига, «А» серия, АПЛ, Лига 1 ва Бундеслиганинг ҳар биридан 2 нафар дарвозабон бор.

Энди кутилган гол (xG) ва амалда қўйиб юборилганлари миқдори ўртасида энг катта салбий фарқ муаллифлари ҳақида. «Салернитана» дарвозабони Гильермо Очоани салбий рейтингнинг кучли учлигида кўриш ғалати. Ҳар ҳолда, мексикалик тажрибали дарвозабон терма жамоалар ўртасидаги йирик турнирларда амалга оширган сеҳрли «сэйв»лари билан эсда қолган. Тўғри, Очоанинг келаси ёз 39 ёшга тўлишини ҳам инобатга олиш керак. Эътиборлиси, эффекти энг паст киперлар қаторида Ла Лига ва Лига 1 жамоаларидан вакил йўқ. Оддий айтганда, энг омадсиз дарвозабонлар Бундеслига (3 нафар), «А» серия (3 нафар) ва АПЛ (4 нафар)да. Агар мамлакатлар бўйича олсак, Нидерландия, Мексика, Германия, Англия, Чехия, Греция, Руминия, Дания ва Италия (2 нафар) вакиллари салбий рейтингдан жой олишди.