АНА, ХОЛОС! Ҳар бир раунд учун янги мураббий!

АНА, ХОЛОС!  Ҳар бир раунд учун янги мураббий!

Германия Бундеслигасида ишлари асло юришмаётган «Штутгарт» мамлакат кубоги ярим финалига йўл олди.

Бунақаси футболда кам бўлсада, учраб турадиган ҳолат, албатта. Аммо масаланинг яна бир томони бор - «Штутгарт» ярим финал довонини қандай забт этгани кишини ҳайратлантиради.

Бундеслига турнир жадвалининг охирги 18-поғонасидан чиқолмаётган «Штутгарт» 5 апрель куни мамлакат кубоги чорак финалида қуйи дивизион вакили - «Нюрнберг» меҳмони бўлиб, 83-дақиқада урилган ягона гол эвазига ортга ғалаба билан қайтди. Бундеслига аутсайдери шу тариқа ярим финалчилар қаторига қўшилди. Штутгартликлар Германия кубоги 1|2 финалигача бўлган йўлда 4та босқичдан ўтишди. Энди энг асосий факт: жамоа мамлакат кубогининг ҳар бир босқичи ўйинига янги бош мураббий бошқарувида киришди:

1|32 финал - Пеллигрино Матараццо билан

1|16 финал - Михаэль Виммер билан

1|8 финал - Бруно Лаббадия билан

1|4 финал - Себастьян Хёнесс билан
shtutgart1.jpg

«Штутгарт»нинг мамлакат кубок сари йўлини оддий ва қисқача ифода этсак, «4» рақами асосий ўринга чиқади: 4та босқич, 4 нафар мураббий, 4та ғалаба. Ҳа, жуда ноодатий йўл. 

«Штутгарт»ни энди олдинда ярим финал довони кутмоқда. Қизиқ, яқиндагина иш бошлаган амалдаги бош мураббий Себастьян Хёнесс бу довонга етиб борармикан? Бундеслигадаги умумий вазиятга қарасак, бир нарса дейиш қийин. Эҳтимол, «Штутгарт» куьок турнирига доир асосий рақамни «4»дан «5»га айлантирар ҳали - 5та босқичи, 5 нафар мураббий, 5та ғалаба ва финал...