АНА, ХОЛОС! 7 нафар полициячи овора...

АНА, ХОЛОС! 7 нафар полициячи овора...

ХИТОЙЛИК ЎСМИРНИНГ ШУҲРАТ ДАҚИҚАСИ.

Пекин шаҳрида Аргентина ва Австралия миллий жамоалари ўртасида ташкил этилган ўртоқлик ўйини воқеаларга бой бўлди. Биринчидан, жаҳон футболи юлдузи Лионель Месси «Пролетарий» ёхуд «Ишчилар» стадионида бутун фаолия­тидаги энг тезкор голни расмийлаштирди. Яқиндагина «Интер Майами» билан шартнома тузган 35 ёшли футболчи «соккерузлар» дарвозасини учрашувнинг 76-сония­сидаёқ ишғол қилди. Асосийси, гол жуда чиройли чиқди - Леога хос «бежирим» зарба маҳсули. Иккинчидан, маҳаллий мухлислардан бири чаққонлик эвазига ўзининг шуҳрат дақиқасини топди...

Аргентина миллий жамоасининг ишончли ғалабаси билан якунланган ўйин (2:0)да стадион мухлислар билан лиқ тўлди. Эътиборли томони, хитойлик 18 ёшли ўсмир кучли назоратга қарамай, баландлиги чамаси 4 метрга тенг трибунадан сакраб тушиб, майдон томон чиройли кроссни амалга оширди. У ўз юриши давомида аргентиналик дарвозабон Эмилиано Мартинес билан қўл бериб сўрашиш ва асосийси, Лионель Мессини қучоқлаб олишга улгурди. Бу вақтда айнан Месси либосини кийиб олган шоввоз йигитни 7 нафар (!) полициячи қуршаб олди. Шу тариқа ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ўсмирни майдондан судраганча олиб чиқиб кетишди. Энг қизиғи, бу орада бутун стадион уни ўзгача олқишлади. Ҳа, йигитча тавваккал иш тутиб, ўзининг шуҳрат дақиқасини топди. 

Пекиндаги Чаоян райони полицияси баёнотига кўра, Ди фамилияли мухлис энди 12 ой давомида стадионларга киритилмайди. Унга нисбатан шундай ҳукм ўқилди. Умуман, Мессининг ташрифи хитойлик фанатларда катта қизиқиш уйғотди. Дейлик, 40 даражали иссиққа қарамай, Пекин кўчаларида 10-рақамли оқ-кўк футболка кийиб олган одамлар кўпайганидан кўпайди. Қолаверса, спорт либослари дўконлари олдида Месси футболкаси учун узундан-узун навбат юзага келди.