Ана, холос! Ҳаммаси биргина Лео учунми?

Ана, холос!  Ҳаммаси биргина Лео учунми?

Лионель Мессининг янги клуби - «Интер Майа­ми» Лига кубоги гуруҳ бос­қичи 2-турида «Атланта»га имконият қолдиргани йўқ - 4:0.

Бу Флорида клуби тарихидаги рекорд натижанинг такрорланишидир. Нисбатан ёш жамоа 2021 йили MLS дои­расида «Цинциннати»ни 5:1 ҳисобида енгиб, энг йирик фарқли ғалабасини расмийлаштирганди. Мана, Месси ёрдамида ўша рекорд такрорланди. Қолаверса, клуб ўз тарихида илк марта ўйиннинг биринчи бўлимида 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди.

Аргентина футболи фахрига келсак, «Интер Майами» либосида 2-марта майдонга тушган даҳоча ўз ҳисобига «дубль» ва самарали узатма ёзиб қўйгач, 78-дақиқада захирага олинди. Шундан сўнг қисқа вақтда қувноқ трибуналардан асар ҳам қолмади. Яъни америкалик мухлислар бирин-кетин стадиондан чиқиб кетишди ва трибуналар деярли бўшаб қолди. Кўринишидан, «Интер Майами» бош мураббийи Херардо Мартино энди шу ҳолатни ҳам ҳисобга олмаса бўлмайди, шекилли. Бунинг энг осон йўли - Мессини тўлиқ вақт ўйнатиш. 

* Лионель Месси барча янги клубдошларини алоҳида совға билан сийлади - Beats by Dre қулоқчинлари. Улар «Интер Майами» ранглари (қора-пушти)га ҳамоҳанг. «Бундай қулоқчинни қаердан олдик? Мессидан сўранг. У сотиб олганми ёки махсус буюртма асосида тайёрлатган - буни билмайман. Билганим, «Интер Майами»даги дебют ўйини шарафига ҳаммамизга қулоқчин улашди», - деди Флорида жамоаси вакили Деандре Йедлин. 

* «Атланта» Лионель Месси голидан «жабр кўрган» 100-клуб бўлди. Оддий айтганда, аргентиналик 36 ёшли юлдуз фаолияти давомида 100-рақиб дарвозасига йўл топди. 

* Лионель Месси трансферидан кейин «Интер Майами» футболкалари сотуви нақ 25 баравар ошди. Marca нашрида ёзилишича, Adidas ҳозирда «Интер Майами» формасига нисбатан талабни қондиришга улгурмаяпти. Маълум қилинишича, айнан Месси рақами туширилган футболкаларга октябрь ойигача буюртма бор. 

* Флоридада Barbie-мания бошланди. Яъни ижтимоий тармоқларда Лионель Мессининг «Интер Майами» либосидаги образида ишланган ўйинчоқлар сурати пайдо бўлди - Leo in Miaimi.