АНА, ХОЛОС! Леваголга «дарахт» персонажи ёқмади...

АНА, ХОЛОС!  Леваголга «дарахт» персонажи ёқмади...

Роберт Левандовски учун мавсумдаги «қора доғ».

«Барселона» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 4-турида «Шахтёр»дан енгилди, жамоанинг польшалик ҳужумчиси Роберт Левандовски эса клуб либосида қаторасига 6-ўйинда гол уролмади. Чинакам «қуруқ» серия.

«Барселона»нинг Украина клубига имкониятни бой бергани ўз йўлига, айтиш керак, бу мағлубият Каталония клубининг турнирдаги истиқболига жиддий  таъсир кўрсатмаса керак. Бироқ Роберт Левандовскининг голсиз серияси 6та ўйинга етгани ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди-қўйди. Зеро, польшалик ҳужумчи Дортмунд «Боруссия»сида ўйнаган давридан буён бундай «қуруқ» даврни бошдан кечирган эмасди. Аниқроқ айтсак, Левагол 2010 йил декабрь - 2011 йил февраль оралиғида клуб либосида қаторасига 10та ўйинни самарасиз якунлаганди.

Асосий масалага кўчсак, «Барселона» мухлислари Робертдан шунчалик норози эдиларки, уни ҳаттоки, дарахтга қиёслашди. Боз устига, шунда ҳам устунлик дарахт томонида. Қўпол ҳазил, жуда қўпол. Балки ҳазил ҳам эмасдир, дердик, агарда... агарда Ла Лига 13-тур доирасидаги «Алавес»га қарши баҳс- (2:1)ни «дубл»и эвазига қут­қариб қолмаганида. Ҳа, Левагол қайтди, унинг голлари туфайли жамоаси муҳим очколарни қўлга киритди. Балки, унга шу қўпол ҳазил таъсир қилгандир...

ДАРАХТ:

- ЮГУРМАЙДИ 

- АЛДАБ ЎТМАЙДИ      

- ГОЛ УРОЛМАЙДИ     

- ТЎП УЗАТСАНГИЗ, 

ЎЗИНГИЗГА

ҚАЙТАРАДИ    

ЛЕВАГОЛ:

- ЮГУРМАЙДИ 

- АЛДАБ ЎТМАЙДИ      

- ГОЛ УРОЛМАЙДИ     

- ТЎП УЗАТСАНГИЗ, 

ҚАЙТАРмайДИ