АНА, ХОЛОС! Рамзий жамоага «рамзий» дарвозабон

АНА, ХОЛОС! Рамзий жамоага «рамзий» дарвозабон

Италия «А» серияси 8-тури турли-туман воқеаларга бой бўлди:

«Интер» ўз майдонида «Болонья»ни енголмади (2:2), амалдаги чемпион «Наполи» эса «Фиорентина» олдида «куйиб» қолди (1:3), боз устига, ўз майдонида. Шунингдек, «Женоа» - «Милан» ўйинида ҳам икки жамоа дарвозабони «қизил» олди. жумладан, «россонерлар» кипери майдондан четлаштирилган паллада ўйиннинг 90}3-дақиқаси кетаётганди. Стефано Пиоли жамоасида захира лимити қолмагани туфайли дарвозабон ролини майдондаги ҳужумчи Оливье Жиру ўз зиммасига олди.

Муҳими, франциялик фахрий голеадор қолган вақт давомида битта чиройли «сейв» кўрсатиш асносида жамоаси ғалабаси (1:0)ни сақлаб қолди. Табиийки, Жирунинг дарвозабон ролидаги қаҳрамонлиги эътибордан четга қолгани йўқ. Хусусан, «Милан» матбуот хизмати ўйиндан кейиноқ франциялик 37 ёшли ҳужумчини клуб дарвозабонлари қаторига қўйиб қўйди расмий саҳифасида. «А» серия матбуот хизмати эса яна креативликка бориб, Оливье Жируни 8-тур рамзий терма жамоасига голкипер сифатида киритди. 3-4 дақиқалик ҳаракат, 1та «сейв» ва умумэътироф! Қойил!

«А» серия 8-тури рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Оливье Жиру («Милан»)

Ҳимоячилар: Федерико Гатти («Ювентус»), Иларио Монтеризи («Фрозиноне»), Леонардо Спинаццола («Рома»)

Ярим ҳимоячилар: Матиас Весино («Лацио»), Жакомо Бонавентура («Фиорентина»), Леандро Паредес («Рома»), Рейньер («Фрозиноне»)

Ҳужумчилар: Валентин Кастельянос («Лацио»), Ромелу Лукаку («Рома»), Матиас Соуле («Фрозиноне»)