«Ливерпуль» эса асосий рақибларининг ўзаро муросаларидан жойида фойдаланди. «Қизиллар» «Брайтон»ни ирода эвазига енгиб, турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олишди. Алоҳида факт шуки, Юрген Клопп «Ливерпуль» бош мураббийи ролида юбилей - 300-ғалабасини нишонлади. Германиялик мутахассисга бунинг учун 478та ўйин керак бўлди.
* «Челси» жорий мавсум АПДда 9та пенальти ишлади (энг юқори кўрсаткич). «Аристократлар» шунингдек, 5та ўйиндан буён ютқазишмаяпти - 3та ғалаба ва 2та дуранг.
* Коул Палмер «Челси»даги дебют мавсумида 21та голда иштирок этиб (13та гол ва 8та ассист), бу кўрсаткич бўйича Эден Азар натижасини янгилади.
* Сон Хюн Мин «Тоттенхэм» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 5-ўринга кўтарилди - 160та гол. 31 ёшли ҳужумчидан фақат Мартин Чиверс (174та), Бобби Смит (208та), Жимми Гривз (266та) ва Гарри Кейн (280та) олдинда.
* «Брентфорд» АПЛнинг муайян ўйинида рақиб жарима майдонида тўпга 80 мартадан ортиқ тегинган биринчи клуб бўлди. Бу борадаги аввалги рекорд «Манчестер Сити» томонидан 2019 йили айнан «МЮ»га қарши баҳсда ўрнатилганди - 79 марта тегиниш. Қизиғи, «қизил иблислар» ҳар икки ўйинда ютқазишмади.
* «Брентфорд» зарбалар сони бўйича «МЮ»дан 31:11 кўринишида устун келди. Жумладан, дарвоза устуни ва тўсини «қизил иблислар»ни 4та голдан қутқариб қолди. Бурчак зарбалари бўйича ҳам «арилар» олдинда - 14:4.
* «Манчестер Сити»нинг ўз майдонида 57та ўйинга етган голли серияси хотима топди. Хосеп Гвардиола жамоаси бунга қадар «Иттиҳод»да охирги марта 754 кун олдин, яъни 2022 йилнинг 9 март куни ЧЛда «Спортинг»га қарши кечган баҳсда гол уролмаганди.