Мюнхен клубини тарк этиш ниятида бўлган польшалик футболчи жамоа машғулотларига қўшилди. У базага 6 дақиқа кечикиб келди. Машғулотларга эса кийим алмаштириш хонасидан охирги бўлиб чиқди. Машқларни охиригача бажарди, лекин суст кўринди. Роберт шериклари ва бош мураббий билан деярли мулоқот қилмади. У фақат Леон Горетцка ва Жамол Мусиала билан гаплашди. Бош мураббий Юлиан Нагельсманн жамоага нутқ сўзлаганида, ҳужумчи узоқда турди ва тез-тез атрофга қаради. Левандовски машғулотларда «А» жамоада эди. У тўп учун курашда охиригача бормади ва гол урмади. Унинг жамоаси мағлуб бўлди ва улар жазо сифатида «отжимания» қилишлари керак эди, аммо Роберт буни бажармади.
Оқшомда «Бавария» иккинчи машғулотни ўтказди. Нагельсманн ҳужумкор ўйинчилар билан юқори босим ўтказиш устида ишлади - мураббийнинг фикрича, жамоа кейинги мавсумда яхшиланиши керак. Биринчи гуруҳда Томас Мюллер, Садио Мане, Габриэль Видович ва Лерой Сане, иккинчи гуруҳда Серж Гнабри, Жамол Мусиала, Кингсли Коман ва Жошуа Зиркзе бор эди. Левандовски бу машғулотларда қатнашмаган ягона ҳужумчи эди. У жамоанинг қолган аъзолари билан майдонннинг бошқа томонида турди. Шунга қарамай, у иккинчи машғулотда биринчисига қараганда анча яхши таассурот қолдирди. Ўз вақтида келди, кўзга кўринадиган ҳаракатлар қилди. Эрталабгидан фарқли ўлароқ, у «Бавария»нинг бошқа ўйинчилари билан ҳам гаплашди.
Эслатиб ўтамиз, 33 ёшли ҳужумчи май ойидан буён жамоани тарк этиш истагини очиқчасига билдирмоқда. Бироқ клуб раҳбарияти уни қўйиб юборишни истамаяпти. «Барселона» футболчининг трансфери устида ишламоқда. «Бавария» унинг учун 50-55 млн. евро талаб қилмоқда.