Рейтинг: Марказий Осиёда қайси мамлакатдан тўпурарлар кўп?

Рейтинг: Марказий Осиёда қайси мамлакатдан тўпурарлар кўп?

Туркманистоннинг salamnews.tm сайти Марказий Осиё мамлакатлари миллий чемпионатлари тарихига назар солиб, ўзгача рейтинг тузиб чиқди.

Аниқроқ айтганда, сайт ходимлари мавсумлар бош тўпурарларини ажратиб, қайси мамлакат вакиллари кўпроқ эканлигини кўриб чиқишди. Якунда мутлақо кутилмаган натижа юзага келди. Айтиш шарт эмас, Марказий Осиёдаги 5та қардош мамлакат орасида Ўзбекистон ва Қозоғистон футболи қолганлардан кучли ҳисобланади ва бу очиқ эътироф этилади. Бироқ туркман сайти рейтингида тўпурарлар сони бўйича етакчилик бошқа мамлакат томонида...

Хуллас, salam-news.tm сайти ҳисоб-китобига қараганда, 5та мамлакат миллий чемпионатининг ортда қолган мавсумларида Туркманистон футболи вакиллари 38 марта юқори лига бош тўпурари бўлишган. Бу энг юқори кўрсаткичдир. Турк­манистонликлар ўз мамлакатларида 34 марта, шунингдек, Қозоғистон лигасида 2 марта, Ўзбекис­тон ва Қирғизистон чемпионатларида эса 1 мартадан бош тўпурарга аталган совринга эга чиқишган. Жумладан, Ўзбекистон чемпионатида тўпурарлик қобилияти намойиш этган футболчи  - бу Артур Геворкян. Мамлакатимизда яйраб тўп сурган ҳужумкор ярим ҳимоячи 2014 йили «Насаф» либосида 18та гол уриб, чемпионатимиз тўпурарлари пойгасида ғолиб чиққанди. 

Ушбу антиқа рейтинг­нинг 2-қатори Ўзбекис­тон футболига насиб этди. Рақамларда келтирсак, ҳамюртларимиз ортда қолган мавсумлар 5та республика миллий чемпионатларида жами 33 марта бош тўпурар бўлишган. Аниқроқ айтсак, вакилларимиз 27 марта ўз лигамизда ва 6 марта Қозоғистон юқори дивизионида энг яхши голеадор мақомини олишган. Хусусан, Жаъфар Ирисметов легионер сифатида қаторасига 2 мавсум бир хил - 17тадан гол билан («Алмати» сафида) қозоқ лигаси бош тўпурарига айланган. Улуғбек Бақоев эса бу ишни «Тобол»да 2 марта, «Жетису» ва «Иртиш»да 1 мартадан уддалагани билан мақтанишга ҳақли. 

Марказий Осиёда чемпионат тўпурарлари сони бўйича 3-ўрин Тожикистон футболига тегишли. Тўғри, ушбу юрт вакиллари 30та ҳолатда ҳам ўз миллий лигаларида муваффақиятга эришишган. Қирғизистон футболи вакиллари ҳам фақат ўз мамлакатларида бош тўп­урар бўлишган - жами 23 марта. Энг ажабланадиган томони, рейтингда Қозоғистон футболи охирги поғонани банд этди. Яъни қозоғистонлик футболчилар атиги 14 марта мавсум бош тўпурари сифатида соврин ютишган, яна фақат ўз мамлакатлари миллий чемпионатида.

Марказий Осиё мамлакатлари миллий чемпионатларида муайян мавсумда кўп гол уриш бўйича рекорд - Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметовга тегишли. У 2000 йилги мавсум Тошкент вилоятининг «Дўстлик» жамоаси сафида рақиблар дарвозасини нақ 45 марта ишғол қилиб, ҳозирча янгиланмаган рекорд муаллифига айланган. Қирғизистонлик Зокир Бердиқулов 1995 йили 42та гол урган бўлса, туркманистонлик Сергей Казанков ва Режепмурат Агабаев тегишлича 1992 ҳамда 1995 йилги мавсум ўз мамлакатлари миллий лигасида 41тадан гол ҳосил қилишган.

Қозоқ футболини ёритиб бораётган kazfootball.kz сайти ҳам тўпурарларга доир алоҳида мақола чоп этди. Унда мамлакат футболининг энг кучли голеадорлари рўйхати берилди. Тўғрироғи, 1992-2022 йиллар давомида Қозоғистон чемпионати ва кубогида рақиблар дарвозасини энг кўп нишонга олган 100 нафар футболчи алоҳида рўйхатларда кўрсатилди. Ҳар икки йўналишда фаолиятини давом эттираётган футболчилар ҳам бор. Қозоғистон чемпионати рейтингини Нурбол Жумаскалиев бошқариб турибди. Асосан ярим ҳимояда тўп сурган Қозоғистон миллий жамоа­си собиқ етакчиси лига ўйинларида рақиблар дарвозасига жами 167 марта йўл топган. Қўшни мамлакат юқори дивизионида «Тобол», «Жетису» ва «Иртиш» клублари шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз Улуғбек Бақоев 111та гол билан чемпионат тўпурарлари рейтингида 6-поғонани эгаллаб турибди. Ўз ўрнида айтиш керак, Қозоғистон элит лигаси тарихида атиги 8 нафар футболчига 100та гол маррасидан ошиш насиб этган ва «Бухоро»нинг амалдаги бош мураббийи бу гуруҳда ягона легионер ҳисобланади. Оддий айтганда, Улуғбек Бақоев қозоқ диёрида ўйнаган легио­нерлар орасида бош тўп­урардир. «Қайрат», «Олма-Ота», «Актобе» клубларида тўп тепган яна бир вакилимиз Жаъфар Ирисметов ҳисобида чемпионат ўйинларида урилган 61та гол бор. Чемпио­нат тўпурарлари рейтингида икки ҳамюртимиздан ташқари, Кот-д`Ивуар, Бразилия,  Хорватия, Россия, Гана, Турк­манистон, Болгария, Молдова, Украина, Сенегал ва арманистонлик легионерлар ҳам жой олишди. 

Қозоғистон кубоги тўпурарлари рўйхатига келсак, бунисида Андрей Финонченко («Шахтёр») етакчи - 23та гол. Иккинчи йўналишдаги рейтинг­га ўзбекистонлик 3 нафар футболчининг киргани ҳам эътиборга молик. Хусусан, Жаъфар Ирисметов 14та гол билан 11-ўринга жойлашди. Шунингдек, Улуғбек Бақоев (10та гол) ва Игорь Сергеев (6та гол)га ҳам жой берилди. Табиийки, «Тобол» шарафини ҳимоя қилаётган 29 ёшли ҳужумчимизда ўз кўрсаткичини яхшилаш учун имконият етарли. Игорнинг ҚПЛдаги статистикаси ҳам чакки эмас - «Актобе» ва «Тобол» учун жами 25та гол (26 апрель кунги ҳолат).