Футбол атрофида: Вилли Орбан – донор

Футбол атрофида: Вилли Орбан – донор

Бундеслига футболчиси донорга айланди ва шу туфайли клубининг расмий ўйинини ўтказиб юборди.

 Гап «РБ Лейпциг» ҳимоячиси Вилли Орбан ҳақида кетмоқда. Алоҳида маълумот: Венгрия миллий жамоасининг 30 ёшли вакили бунга қадар жорий мавсум Бундеслига доирасидаги барча ўйинларда тўлиқ вақт майдонда ҳаракатланган эди. 11 февраль куни эса «Унион»га қарши баҳсда футболга дахли йўқ иш туфайли мажбуран дам олишига тўғри келди.

Нега айнан Орбан?

Вилли 2015 йилдан буён Орбан «РБ Лейпциг» шарафини ҳимоя қилмоқда. Венгриялик футболчи 2017 йили Германия суяк илиги донорлари реестрида рўйхатдан ўтди. Мана, Вилли яқинда донорликка жалб этилди. У шу тариқа кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини тушунди. «Бу минимал ҳаракат билан инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятидир. Ортиқча ўйлаб, бош қотирадиган ҳеч нарса йўқ. Донорлигим қайсидир беморларнинг тўлиқ соғайиб кетишларига ёрдам беришидан умидворман», - дея футболчи сўзларини келтирди Бундеслига расмий сайти. Вили илик ҳужайралари топширишдан олдин «қизил буқалар» машғулотларида қатнашгани йўқ. Шунингдек, «Унион» билан баҳсда жорий мавсум ҳисобидан илк марта четда қолди. Чунки донорларга амалиёт арафасида чамаси 10 кун хотиржам ҳодиқ чиқариш тавсия этилади.

Орбан йўқлиги таъсир қилдими?

Эҳтимол. Ҳар ҳолда, «РБ Лейпциг» ўз майдонида Орбансиз анча қийналди ва меҳмонлар ортга иродали ғалаба билан қайтишди. Хуллас, «буқалар» совринли ўринлар учун курашда муҳим очколарни қўлдан чиқаришди.

Спортчи қон донори бўлиши мумкинми?

Антидопинг қоидалари нуқтаи назаридан спортчининг қон топшириши тақиқланмаган. Тўғри, донорликнинг айрим турлари бўйича тақиқ бор. Германияда жорий мавсум бундай ҳолат илк бор кузатилгани йўқ. Дейлик, Бундеслига 2 иштирокчиси «Карлсруэ» вакили Марцель Франке қон саратонига чалинган бемор донорига айланди.

Жаҳон футболидаги энг машҳур донор - бу Криштиану Роналду. «Олтин тўп»нинг 5 карра соҳиби мунтазам равишда қон топширади. Шунинг учун ҳам унинг танасида бирор татуировка йўқ. Шунингдек, «Ливерпуль» клуби ва Англия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Эмиль Хески 2022 йили қон донорига айланди.