АПЛда энг харидоргир либослар кимларники?

АПЛда энг харидоргир либослар кимларники?

Thesun.co.uk сайти мухбири Костас Лианос АПЛ клубларининг энг машҳур футболчиларини уларнинг либослари сотувига қараб аниқлашга урунди.

Келтирилган маълумотларнинг айримлари кутилмаган туюлиши мумкин. The Athletic берган хабарга кўра, «Манчестер Сити» юлдузи Холанд айни дамда «Кўҳна қитъа»да энг кўп мухлисга эга, яъни унинг либоси анча оммабоп. Бу борада у «Реал» ярим ҳимоячиси Жуд Беллингемни ортда қолдирди. Шу сабабли «шаҳарликлар»нинг маркетинг борасидаги юзи, айнан норвегиялик супер ҳужумчидир.

«Арсенал»нинг энг машҳур футболчиси Букайо Сака. «Тўпчилар»нинг аксарият мухлислари айнан Сака ёзуви туширилган футболкалардан фойдаланишмоқда. Бу борада 22 ёшли вингер 105 миллион фунтлик Деклан Райсни ортда қолдирган. «Манчестер Юнайтед»нинг энг харидоргир либоси - Рэшфорд номи туширилган футболкалар бўлиб турибди. Унинг либоси сардор Бруну Фернандешникидан кўпроқ талабгорларга эга. «Челси»нинг энг кўп сотилаётган либоси - бу Рис Жеймс ёзувлисидир. Бу борада жамоа сардори энг қиммат футболчилар бўлган Энцо Фернандес ва Мойзес Кайседодан олдинда бормоқда. «Ливерпуль» маркетинг йўлини ҳали ҳам Муҳаммад Салоҳ номи белгилаб бермоқда. Гарчанд Салоҳнинг Саудия Арабистонига кетиши билан боғлиқ миш-мишлар тобора авж олаётганига қарамасдан, мисрлик мухлислар томонидан қадрланади. «Тоттенхэм» либосини истовчилар асосан Сон Хён Минга мухлислик қилишар экан. «Ньюкасл»нинг харидоргир либослари Гимараэш номи билан бозори чаққонлашяпти. Ривожланишда давом этаётган «Астон Вилла»да энг машҳур футболчи Олли Уоткинс, «Брентфорд» ва «Брайтон»да эса бу мақом мос равишда Айван Тоуни ва Кауру Митомаларга тегишлидир.

Қолган ўртамиёна клубларнинг энг харидори кўп футболкалари қуйидаги футболчиларга тегишли. Доминик Соланке, Мануэль Бенсон, Эберечи Эзе, Кальверт-Льюин ва Жоау Пальиньялар мос равишда «Борнмут», «Бёрн-ли», «Кристал Пэлас», «Эвертон» ва Фулхэм»да машҳур номларга айланган. «Лутон», «Ноттингэм», «Шеффилд», «Вест Хэм» ва «Вулверхэмптон» учун Пелли Руддок, Гиббс-Уайт, Камерон Арчер, Жаррод Боуэн ва Хи-Чанлар маркетинг юзи бўлиб бермоқда.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади