Аниқроғи, Manchester Evening News, The Mirror ва The Sun газеталари ходимлари билан гаплашишдан бош тортди. Ажабо, бу қанақаси? Шунга ўхшаш ҳолат ўтган йилнинг охирида ҳам кузатилган эди. Нидерландиялик мутахассис ўшанда («Челси» билан ўйин олдидан) 4 нафар журналистни матбуот анжуманига киритмаганди.
Эрик тен Хагнинг янги тақиқи унча қаттиқ эмас: Manchester Evening News, The Mirror ва The Sun нашрлари вакиллари анжуманга керишлари мумкин, фақат савол беришмаса, бас. Нидерландиялик мутахассис яқиндагина журналистларни ахлоқсизликда айблаганди: «Очиғи, «Ковентри» билан ўйинмимизга реакциянгиз ва шарҳларингиз - шармандалик. Юқори даражали футболда натижа муҳим: мана, «МЮ» финалга чиқди, жамоам бунга фақат охирги ўйини эмас, балки аввалги босқичларда қайд этган натижалари билан ҳам муносиб эди». The Telegraph хабарига кўра эса, Эрик тен Хаг аввалги чоршанба куни «Шеффилд Юнайтед»га қарши кечган ўйиндан кейиноқ баъзи журналистлар саволларини эътиборсиз қолдирган.
Хўш, «МЮ» устозини нима ғазаблантирмоқда? Гап шундаки, декабрь ойида тен Хаг футболчилар ишончини йўқотганини ёзган журналистлар энди клуб раҳбарияти сабри тугаб бораётгани ҳақида бонг уришмоқда. Мана, охирги мисоллар:
Сэмюэль Лакхерст (Manchester Evening News): - «Ковентри» билан ўйинда кузатилган воқеалардан кейин Эрик тен Хагнинг клубда қолишига ишонмайман - у ҳозирнинг ўзида кетиши керак.
Саймон Малок (The Mirror): - Мураббийга яқин манбалардан маълум бўлишича, агар у сэр Жим Рэтклиффдан кафолат олмаса, мавсум охирида жамоадан кетади.
Нил Кастис (The Sun): - Эрик тен Хаг ёзда ишдан бўшатилади, ҳатто Англия кубогидаги ғалаба ҳам уни истеъфодан қутқаролмайди.
Инсайдер Низар Кинселла ҳам Эрик тен Хаг мавсум якунида «МЮ» билан хайрлашиши муқаррар эканлиги ҳақида ёзмоқда. Таъкидланишича, клубнинг янги раҳбарияти нидерландиялик мутахассисга ортиқ имконият бермоқчи эмас. Чунончи, «МЮ» бошқарувини 2022 йили қўлга олган 53 ёшли мураббий кутилган натижани таъминлолмаяпти.