Ақлдан оздирувчи якун

Ақлдан оздирувчи якун

Польшалик «Ракув» клуби ҳимоячиси Матей Родин аввалги ҳафтанинг ўзига хос қаҳра-мон/антиқаҳрамонига айланди.

У ўйиннинг 90+10-90+14-дақиқалари оралиғида 2та гол урди ва ҳар икки ҳолатда футболкасини ечгани учун сариқ карточка «ишлади». Хуллас, ўйин қаҳрамони якунда ўзига тегишли «қизил»ни ҳам олди.

Голни маъносиз нишонлаш. Матей Родин «Погонья»га қарши ўйиннинг 82-дақиқадасида майдонга тушди. Ўша вақт таблода 0:0 ҳисоби порлаб турганди. Матей кейинчалик ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда бош ролга кўтарилди. У аввалига 90+10-дақиқада рақиб дарвозасини нишонга олди уни нишонлашда футболкасини ечгани учун дарҳол сариқ карточка билан «сийланди». Ҳечқиси йўқдек, чунки бу гол «Ракув»га ғалаба келтирарди агар VAR аралашувидан кейин бекор қилинмаганида.

Муҳим голи ҳисобга олинмаганидан ғазабланган Родин умидсизликка тушмади ва яна олдинга интилди. Шу тариқа 90+13-дақиқада яна 1та гол урди ва бу сафар ҳакамлар уни инобатга олишди. Матей эса эҳтирослар туғёнида яна футболкасини ечди, оқибатда иккинчи огоҳлантириш туфайли «қизил» олди. Яхшиямки, «Ракув» 1:0 ҳисобини финал ҳуштаги янграшига қадар сақлаб қолди, акс ҳолда... Нима бўлишидан қатъий назар факт шуки, Родин амалда 1та ҳаққоний гол учун 2 марта сариқ карточка олди. Бугунги футбол қоидалари шунақа...