Ҳар йили «Бохум»га етти гол Бу «Бавария»нинг янги хоббиси

Ҳар йили «Бохум»га етти гол Бу «Бавария»нинг янги хоббиси

Кўринишидан, «Бавария» камтарин «Бохум»ни ҳар йили 7:0 ҳисобида енгишни анъанага айлантирмоқда.

Мюнхенликлар бу сафар ушбу рақибни Бундеслига 5-турида «Альянц-Арена»да чинакамига «меҳмон» қилишди. Ҳисобни Эрик Шупо-Мотинг очди, ўйин давомида Маттейс де Лигт, Лерой Сане и 18 ёшли Матис Телль ҳам ўз ҳисобларига гол ёздириб қўйишди. Кечанинг бош қаҳрамони - Гарри Кейн эса «хет-трик» қайд этишдан ташқари, 2та ассист муаллифи бўлди. Хуллас, «Бохум» яна 0:7 даражасида «куйди»...

Ишониш бироз қийин, лекин бу факт: «Бавария» қаторасига 3 йилдан буён бечора «Бохум»ни 7:0 ҳисобида «сийламоқда». Ушбу ғаройиб ёзилмаган қонун қанча амалда бўлишини айтиш қийин, албатта. Лекин Бундеслигадек кучли турнирда қаторасига 3 йил битта рақиб дарвозасига бир ўйинда жавобсиз 7тадан гол уриш - бу нодир воқелик.

Мюнхенликлар ушбу антиқа серияни 2021 йилнинг в сентябрида бошлашди. Яъни Бундеслига-2021|2022 5-туридан ўрин олган баҳсда Лерой Сане, Жошуа Киммих, Серж Гнабри, Роберт Левандовски ва Эрик Шупо-Мотинг урган голлар «Бавария»га 7:0 ҳисобидаги чиройли ғалабани тақдим этди. Орадан деярли 1 йил ўтиб, тарих такрорланди - Мюнхен суперклуби 2022|2023 йиллар мавсуми 3-турида «Бохум» меҳмони бўлиб ортга яна 7:0 ҳисоби билан қайтди. Бу сафар Лерой Сане, Маттейс де Лигт, Серж Гнабри, Кингсли Коман 1тадан гол уришди, Садио Мане эса «хет-трик» расмийлаштирди. Мана, янги мавсумнинг 5-турида яна шу ҳолат... Қизиқ, бечора «Бохум»ни «тепкилаш» серияси 2024 йилига ҳам кўчадими?