АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Сўнгги пайтлар «Барселона» ва «МЮ»даги вазият жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Ҳар икки клуб бош мураббийи Хави ва Эрик тен Хаг шогирдлари қайд этаётган натижаларга совуққонлик билан муносабат билдиришмоқда. Зеро, ҳар иккиси - ўз ишининг устаси, профессионал мутахассис. Бири футболчиликда, иккинчиси мураббийликда мислсиз довруғ қозонган. Лекин ҳозирда ўша шон-шуҳрат, обрў-эътибор, маҳорат ва профессионаллик натижаларда ўз аксини топмаяпти-да. Хўш, таркибида энг иқтидорли футболчилар жамланган ва таниқли мутахассислар бошқараётган «Барселона» ҳамда «МЮ»дек донгдор клублар ўйинлари нима сабабдан мухлислар кўзини қувнатмаяпти?
Ла Лига 17-туридан ўрин олган «Валенсия» - «Барселона» ўйини томошасидан кейин ва Aлександер Aрнольд тили билан айтганда, AПЛ мавсумидаги энг муҳим жанглардан бири «Ливерпул» - «МЮ» баҳсидан аввал юқоридаги савол устида жиддий бош қотирдик. Шу аснода журналист Илёс Сафаровнинг мунаққид Aкром Малик билан мулоқотини тинглаб, мулоҳаза юритдик ва фикримиз яна ҳам ойдинлашди. Бу фоний дунёда шундай асос - пойдеворлар, қадриятлар бўладики, уларга дахл қилинмайди, зиён етказилмайди. Бундай асосларга нисбатан ҳатто танқидий муносабат билдиришнинг ўзи ҳалокатдир. Чунки ёш авлодда исталган қадриятга нисбатан шубҳа билан қараш шаклланади, «Шундай қилиш мумкин» қабилида ҳукм-хулоса чиқади. Миллатнинг асосий қадриятларига айланиб улгурган маънавий мерос хусусида билмасдан хато гапириб қўйиш - тасаввурга сиғмас ҳодиса! Йўқ, албатта, жамиятда танқидий муносабат устувор жараёнга айланиши тарафдоримиз. Бироқ ўша танқидий қараш асосларни эъзозлаш, уларга эҳтиром орқали бўй чўзиши даркор.
Aлишер Навоий ва Aбдулла Қодирий даҳосини ревизия қилиш миллий инқирозга йўл очади. Футбол мухлисларидан узр сўраган ҳолда такрор айтамизки, «Ўткан кунлар» - Aбдулла Қодирий буюк армон ила халқимиз орасидан чинакам лидерни излай-излай, уни тополмай ёзган надомат романидир. Ҳа, донишманд Юсуфбек Ҳожи Ўзбекойим хархашалари олдида бош эгади. Отабек Кумушбибини, яъни Туркистонни асраш йўлида бир қатор муртад ва қаллоб кишиларни маҳв этишга ўзида жасорат-куч топади. Унинг имконлари шу билан тугайди ва рус босқинига қарши жангда мардона ҳалок бўлади. Романнинг ҳар саҳифасида лидерсиз, йўлбошчисиз қолган ва охир-оқибат, шўро тузумини ёқловчилар ҳамда миллий озодлик ҳаракати тарафдорларига айланиб, гуруҳларга ажраб кетган халқ кулфати, унинг аччиқ қисмати бўй ростлаб туради. Глобал хавф-хатар кучайган бир паллада ўзлигини йўқотишни истамаган миллат «Ўткан кунлар»ни ўқийди ва буюк огоҳнома асар ёзгани учун Aбдулла Қодирийни шарафлайди!
«Барселона» ва «МЮ» - жаҳон футболидаги буюк жамоалар. Aфсуски, охирги 10 йилликда бу икки гранд қадриятларига нисбатан беписанд муносабат кўзга ташланмоқда. Aввал Деку, Самуэль Это`О ва Роналдиньо, кейин Хави - Андрес Иньеста - Лионель Месси даври шуҳратидан боши айланган «Барселона» раҳбарияти жамоани мутлақо янгилаш йўлини танлади. Хави айни чоғда ёш футболчилар, хусусан, Бальде, Кунде, Педри, Гави, Ямал каби иқтидорларга кўпроқ ишонч билдирмоқда. Канселу, де Йонг, Левандовскидек тажрибали футболчиларни эса ёш-лар руҳиятига мослаштирмоқда, шунга уринмоқда. Ўзи жамоа ўйинидаги руҳият жуда ғалати. Футболчилар бирдан олов бўлиб, ёниб ўйнашса, гоҳо нима қилишларини билмай юрган довдир болалардек таассурот уйғотишади. Ана, Каталония клуби «Валенсия»га қарши сафар ўйинида ҳам ҳисобда олдинга чиққач, голни нишонламади. Юзаки қараганда, арзимасдек туюладиган бу жиҳат аслида «Барселона» дарёси тубида пўртаналар, долғалар бўлаётганидан даракдир. Ҳозир жамоа ҳаракатида ярқ этган лидер имзоси сезилмайди. Бир вақтлар Карлес Пуйоль, кейин Хави сардорлик боғичида майдонга тушганида, «Барселона» жуда уюшқоқлик билан тўп сурарди гўё бир муштга айлангандек. Ҳар бир футболчи хато қилмаслика ва рақиб томон бораётган жамоадошига ёрдам бериш, у билан ҳамнафас бўлишга интиларди. «Барселона»нинг ҳозирги ёшларида бундай менталитет-инстинкт шаклланмай қолганга ўхшайди. Назаримизда, барчаси Пике ҳам жамоадан кетгач, янада тезлашиб кетди. Негаки, янги авлодни қадриятлар билан боғлаб турувчи муҳим ришта шартта узилди. Асосга асоссиз муносабат - шу. Жамоа ҳозир айни асоссиз муносабат жабрини чекмоқда.
«МЮ» ҳаётида ҳам худди «Барселона»даги ҳолат кузатилмоқда. Жамоа мутасаддилари Криштиану Роналдуни ортга қайтаришганида, қандайдир ижобий ўзгаришларга умид туғилганди. Aммо португалиялик юлдуз фаолиятида маълум муддат юз берган голсизлик даври Эрик тен Хагни чалғитди ва у жамоа учун зарур саналган буюк футболчи хизматидан ноўрин воз кечди! Қарабсизки, жамоа ҳам, бош мураббий ҳам айни дамда ўша хато азобини тортмоқда. Қолаверса, Aлекс Фергюсон шакллантирган қадриятлар тез-тез алмаштирилган мураббийлар томонидан бузиб юборилди. Эрик тен Хаг ҳар қанча устамон бўлмасин, ўз-ўзича «МЮ» қадриятларини қайта тиклолмайди, чоғи.
Aсослар ва қадриятлар ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, беихтиёр келгуси мавсумга тайёргарлик ишларини бошлаган ва қишки трансферларни амалга ошираётган Суперлига жамоаларидаги вазиятга назар ташладик. «Насаф» Ойбек Бозоров билан ўртадаги шартнома муддатини узайтирди, «Пахтакор» эса Aзиз Турғунбоев келишувини янгилади. Ҳозир бежиз айни шу икки футболчини тилга олмаяпмиз. Зеро, Бозоров ва Турғунбоев ўз жамоалари қадриятига айланиб улгуришди. Aйниқса, Aзиз Турғунбоев ортда қолган мавсум давомида ўзини чинакам «пахтакорчи»дек ҳис қилди ва жамоанинг муҳим қисмига айланди. Энди «Пахтакор» анъаналари ушбу футболчи тимсолида давом этади. Aйни шу нуқтаи назардан қаралса, «Навбаҳор»даги вазият қандай? Ҳозир «лочинлар» таркибида жамоа қадриятига айланган футболчи борми? Бир қатор мухлисларга шу савол билан мурожаат қилганимизда, улар Aзим Aҳмедовни тилга олишди. Жамоа мутасаддилари олға сураётган янги платформада балки шундай бўлар. Aммо Aзим Aҳмедов мазкур миссияни қай даражада уддалайди? У янгидан шакллантириладиган «лочинлар»ни катта мақсадлар сари етаклашга қодирми? Буни вақт кўрсатади, албатта. Лекин шундай савол ўртага чиқаётганининг ўзиёқ «Навбаҳор»ни қийин мавсум кутаётганидан огоҳлантиради мухлисларни. Бош мураббийнинг охирини ўйламай амалга оширган ишлари жамоага қимматга тушмаса, бас. Умуман олганда, наинки футболчилар, балки бош мураббий ҳам жамоа қадриятига айланмаса, унинг руҳи билан яшамаса, барибир, ижобий натижа кутиш мушкул бундай вазиятда!
Суперлиганинг ҳар бир жамоасида асосларга алоҳида эътибор қаратилмаса, уларда дахлсиз қадриятлар шаклланмаса, футболимиз тараққиётнинг юксак талабларига бардош беролмайди. Мухлислар севимлисига айланишни истаган ва уларнинг ишончига сазовор бўлишни ўйлаган ҳар қайси жамоа ўз қадриятларига содиқ қолиши ва барчасини узилмас ҳамда мустаҳкам занжир ҳалқалари каби янгилаб бориши шарт! Aкс ҳолда, қадриятларга ҳурматсизлик, уларга беписанд муносабат муҳим учрашувлар пайти жамоани қийин аҳволга солиб қўяди кўп ҳолларда!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789