Бир аҳмоқлик ортидан

Бир аҳмоқлик ортидан

ОЧЛ «Ғарб» минтақаси гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган «Сепаҳон» - «Ал-Иттиҳод» ўйини сиёсий қарашларга йўғрилган иш туфайли ўтказилмади.

Бу ҳолат бутун Осиёда кучли акс-садо келтириб чиқаргани ҳам айни ҳақиқат. Бинобарин, Эрон ва Саудия Арабистони футболи ўртасидаги муносабатлар энди изга туша бошлаганди. Яъни икки мамлакат клублар ўзаро ўйинларни ниҳоят, яна ўз майдонида ўтказишга тушганди. Таниқли функционер Алишер Никимбаев ҳам ушбу ёқимсиз ҳолатга ўз ўрнида муносабат билдирди. *** - Исфаҳондаги «Нақш Жаҳон» аренасига ўлдирилган генерал Қосим Сулаймони ҳайкали (Бюсти)ни ўрнатган аҳмоқ қилган иши ортидан қандай катта муаммолар пайдо бўлишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Гап севимли жамоа - «Сепаҳон» футболчилари билан бирга Бензема бошчилигидаги «Иттиҳод» юлдузлари ўйинини кўриш учун трибуналарни тўлдирган 60 минг мухлиснинг томошадан қуруқ қолганида ҳам эмас. Бу қайсар аҳмоқ Саудия клубларининг Эрондаги ўйинларга ташрифини шубҳа остида қолдирди. 7 йил давомида икки томоннинг ўзаро ўйинларни Эрон ёки Саудияда ўтказишига имкон бўлмади. Бу оралиқда барча учрашувлар нейтрал ҳудудларда ташкил этилди. Фақат жорий йилга келиб тақиқ олиб ташланди. 2 ҳафтача олдин «Персеполис» - «Ал-Наср» ўйини муамоллар билан бўлсада, Теҳронда ўтказилди. Ўшанда муаммо мухлисларни Роналдуни кўриш илинжида меҳмонхона олдида тўпланиб, «Ал-Наср» вакилларининг автобусга чиқишларига йўл беришмагани, шу тариқа саудияликлар расмий машғулотини йўққа чиқаришгани билан боғлиқ бўлганди. Исфаҳондаги жанжал эса нафақат «Сепаҳон», балки Эроннинг барча клубларига қимматга тушиши мумкин. 
Аслида «Сепаҳон» - «Ал-Иттиҳод» ўйини арафасида ҳеч қандай муаммо юзага келмаганди. Барчаси шай ҳолатда эди, аммо генерал Қосим Сулаймони ҳайкали пайдо бўлгач, саудиялик футболчилар майдонга тушишдан бош тортишган. Ўйинни бевосита кузатиш илинжида аренага ташриф буюрган 60 минг мухлис эса баралла бақирқан: «Сиёсат спортга аралашишини истамаймиз». Бу орада «Ал-Иттиҳод» вакиллари стадиондан чиқиб кетишган. ОФК бу воқеа юзасидан оддий баёнот берди: «Сепаҳон» - «Ал-Иттиҳод» учрашуви кутилмаган ҳодиса сабаб бекор қилинди. ОФК футболчилар, мухлислар ва иккала томон хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Бу масала тегишли қўмиталар томонидан кўриб чиқилмоқда». Саудия матбуотида ёзилишича, «Сепаҳон»га 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзилиши керак. Чунончи, майдон атрофи ва трибуналарда сиёсий ёки диний қараш белгилари (объект ва шиорлар) бўлиши ОФК Низомига зид. «Сепаҳон» спорт директори Муҳаммад Ризо Сакет эса Сулаймони бюсти ўйинолди машғулот пайти ҳам стадионда бўлгани, саудияликлар фақат ўйин бошланишидан бир неча дақиқа олдин майдонга тушмасликларини айтишганини таъкидлаб, «Ал-Иттиҳод»га техник мағлубият ёзилиши кераклигини айт¬моқда. 

Давоми бор. Ушбу мақолани тўлиқ ҳолда “ИнтерФУТБОЛ” газетасининг 5 октябрь кунги пайшанба сонида ўқишингиз мумкин. 

Манба: «Футболиум», Алишер НИКИМБАЕВ