Бундеслига 2 элитадан устун!

Бундеслига 2 элитадан устун!

Диққат, Германия футбол пирамидасида иккинчи ўринда турувчи лига муайян тур ўйинларига мухлис тўплаш масаласида Бундеслигани ортда қолдирди.

Бунақаси мамлакат тарихида илк марта кузатилди. Kicker нашри маълумотларига қараганда, Бундеслига 2 22-турдан ўрин олган 9та ўйинни стадионларда жами 284643 мухлис бевосита кузатди. Натижада Бундеслига илк марта ортга чекинди... Ҳа, немислар юртида футболни ўзгача севишади, жамоаларга садоқат кучли.

Савол туғилиши табиий: Бундеслига 2 айнан ниманинг ҳисобига мухлис тўплаш масаласида элитадан яхшироқ натижага эришди? Асосий сабаблардан бири Бундеслига 21-турида «Боруссия» Д. ва «Бавария» каби сермухлис жамоалар сафарда ўйнади. Оқибатда 21-турнинг умумий кўрсаткичи 261099 мухлисни ташкил этди. Жумладан, энг юқори натижа «Кёльн» - «Вердер» ўйини (0:1)да қайд этилди - 50000. Бундеслига 2да эса аксинча, 2та ўйинда мухлислар сони 50 минг даражасидан ошди. Шунинг ҳисобига 9та ўйиннинг умумий кўрсаткичи 284 мингдан ошиб кетди. 

Диққат қилинг, иккинчи рақамли дивизондан ўрин олган «Шальке» - «Висбаден» ўйини (1:0)ни трибуналарда 60542 мухлис кузатди. Космик рақам, айниқса, қуйи лига учун. Бундеслига 2 натижасида яна «Герта» - «Магдебург» баҳси (3:2) улуши ҳам катта - 52652 фанат.