Илёс Зейтуллаев ҳам «Бунёдкор» да ишлайдиган бўлди…

Илёс Зейтуллаев  ҳам «Бунёдкор» да ишлайдиган бўлди…

«Бунёдкор» клуби ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги таниқли собиқ футболчиларидан бири Илёс Зейтуллаев клубда иш бошлаганини маълум қилди.

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, «Ювентус» собиқ футболчиси Тошкент клубида бош мураббий Сергей Арслоновга ёрдамчи сифатида ишлайди.
«Бугун ОАВда тарқалган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз, «Бунёдкор» футбол клуби Илёс Зейтуллаев билан шартнома тузилганини тасдиқлайди. Аммо мутахассис «Бунёдкор» асосий жамоаси бош мураббийи эмас, балки ёрдамчи мураббийи сифатида фаолият юритади. Яъни, бугунги кунда «Бунёдкор» жамоаси бош мураббийи Сергей Арслонов, унга Анвар Ғофуров ҳамда Илёс Зейтуллаев жуфтлиги ёрдам беради», - дейилади клуб расмий хабарида.
Маълумот учун, 41 ёшли собиқ футболчи футболчилик фаолиятида Италиянинг «Ювентус» (2001-2005 йиллар), «Режина» (2005-2007), «Кротоне», «Женоа», «Верона», «Пескара», «Виртус Ланчано» (2008-2013 йиллар) сингари клублар шарафини ҳимоя қилган. Илёс сўнгги йилларда болалар мураббийи сифатида фаолият юритаётганди. 
Зейтуллаев 2001-2007 йиллар давомида Ўзбекистон миллий жамоаси сафида майдонга тушган.