Чиро Иммобиле: «Танқидга майдонда жавоб бериш керак»

Чиро Иммобиле: «Танқидга майдонда жавоб бериш керак»

Ўтган ҳафта ЕЧЛ ўйинларида кўплаб футболчилар ўзларини кўрсатишди ва гуруҳ босқичи 5-тури лауреати бўлишга даъвогарлик қилишди.

 Мутасаддилар эса италиялик «қария» - Чиро Иммобиле кароматини юксакроқ баҳолашди. Бинобарин, «Лацио» - «Селтик» ўйинининг 61-дақиқасида майдонга тушган тиним-тинчимас ҳужумчи якунда (атиги 3 дақиқа оралиғида) 2та гол уриб, Рим жамоасини муддатидан олдин «плей-офф»га олиб чиқди. Чиро шу ажойиб оқшомдан кейин журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб беришга ҳам вақт ажратди.

- Чиро, бугун ўйинга жуда зўр киришдингиз...

- Ҳа, бундай вазиятда жамоанинг ғалаба қозониши қийин эди. Умуман, ҳозирги футболда тенг кучли рақиблар жой олган гуруҳда ҳар бир ғалабанинг қадри баланд. Муҳими, миссияни чиройли ўйин орқали бажардик. Мухлисларимизга ҳам раҳмат - улар ўйиннинг бошидан охиригача бизни олға бошлашдан тинмадилар. Оддий ифода этганда, «Лацио» фанатлари ғалаба учун худди биз каби бор имкониятларини ишга солишди. Ҳар ҳолда, мен урган голларда уларнинг улушлари катта. Зеро, айнан стадионда юзага келган тўлқиндан ўзгача илҳомландим.

- Бу ғалаба шахсан сизга нима берди?

- Аввало, ички имкониятимиз чакки эмаслиги, нафақат ЧЛ, балки бошқа турнирларда ҳам шундай фаол ўйнашимиз шартлигини тушундик. Табиийки, халқаро ўйин муҳити йигитларга ўзгача эҳтирос беради, аммо «А» серияда ҳам айрим муаммолардан тезроқ қутилиш керак, айниқса, ўйин динамикасига боғлиқ камчиликлардан. Менимча, «Лацио» янада йиғинчоқ ва уйғун ҳолда ўйнаш салоҳиятига эга.

- Сизнингча, Роттердамдаги ўйинда нима бўлади (интервью «Фейеноорд» - «Атлетико» баҳсидан олдин олинган)?

- Албатта, бугуноқ «плей-офф» масаласи ҳал бўлишини афзал кўраман. Умуман, ЧЛ оғир турнир ва ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача курашиш талаб этилади.

- Бу фаолиятингиздаги энг гўзал оқшомми?

- Эҳтимол... Ҳаммаси кўп жиҳатдан стадион муҳитига ҳам боғлиқ. Тўғри, хотирамга муҳрланган бундай сеҳрли оқшомлар жуда кўп.

- Ўйин қаҳрамонига айланишни олдиндан ўйлаганмидингиз?

- Ҳаммаси орзудан бошланади - футболчи нимагадир интилмаса, қандайдир каромат кўрсатолмайди. Очиғи, асосий таркибдан жой олмаслигимни билгандим, чунки жамоавий ҳаракат нуқтаи назаридан қийин даврни бошдан ўтказ­япмиз. Бундай ҳолатда шахсий муаммоларни биринчи ўринга қўйиш асло ёрдам бермайди. Лекин захирадан тушиб жамоага наф келтиришни ўйлагандим, албатта.

- «А» серия ва ЧЛ ўртасидаги асосий фарқни айта оласизми?

- Менимча, ЧЛда ўйнаш борасидаги кучли иштиёқ - энг яхши томонимизни кўрсатиш учун имконият. Ҳаммаси онгсиз равишда амалга ошадиган ҳолатдир. Энди «А» серияда ҳам кучли иштиёқ билан ўйнаб, футболдан завқ­ланишимиз керак. Ҳозир натижалар билан боғлиқ кайфиятсизлик бор, лекин ўтган йилги ўйинларни ёдда тутиб, ўзимизни ўнглаб олсак бўлади. 

- Гуруҳда бугунгидек мураккаб ўйинларни кутганмидингиз?

- Анча мувозанатлашган ва мураккаб гуруҳга тушганимиздан келиб чиқсак, очколар осонгина берилмаслиги тайин эди. Ҳар бир рақиб ЧЛнинг доимий иштирокчиси саналади, биз эса охирги йилларда иккинчи марта гуруҳ босқичига чиқдик. Асосийси, яхши старт олдик ва айнан илк очколар қўшимча мотивация бағишлади.

- Бугунги голларингиз билан охирги пайтлар янграган танқидларга жавоб бергандексиз...

- Ўзи менга жарима майдони ичида самарали ҳаракатланиш етишмаётганди. Бугунги голлар катта ишонч бағишлаши турган гап. Умуман, адолатли ва конструктив танқидга ҳамиша майдонда жавоб беришга одатланганман. Ҳа, бу йилги танқидлар бироз бош­қача бўлиб, мени ғазаблантирди, яралади. Айнан шу нарса халақит бераётганди. ўйлайманки, энди ҳаммаси ўз изига тушади.

МУҲАММАДХОН тайёрлади