Чиройли дизайн, ёрқин ранглар жилоси...

Чиройли дизайн, ёрқин ранглар жилоси...

ЖЧ-2022нинг ЭНГ ЧИРОЙЛИ ФУТБОЛКАЛАРИ.

Жаҳон чемпионатида миллионлаб (балки миллиардга ҳам етар) мухлислар нафақат жамоалар таркибидаги юлдузлар, балки уларнинг футболкаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишади. Football365.com шуни назарда тутган ҳолда, Қатар мундиали учун тайёрланган формалар орасидан энг чиройли дизайнга эга 10тасини ажратиб кўрсатди (албатта, ўз таъби ва мухлислар ўртасидаги сўров натижасига мувофиқ). Диққат қилинг, Adidas томонидан Япония миллий жамоасига тайёрланган футболка энг кўримлиси сифатида танланди.

1. Япония (таъминотчи - Adidas)

Японлар ҳамиша кўк рангли формага содиқлар. Бу сафар футболка ўзгача   дизайн асосида ишланган. Қизил ҳошия, кўк ва оқ ранглари аралашмаси - жимжимадор либос. 

 

2. Камерун (таъминотчи - Оne All Sports)

Камерун миллий жамоаси Le Coq Sportif брендидан суд орқали воз кечиб, «нотаниш» Оne All Sports компаниясига юзланди. 2018 йилги мундиалда «дам» олган камерунликлар Қатарда Африкага хос дизайнли формани кўз-кўз қилишади.

 

3. Испания (таъминотчи - Adidas)

Adidas гуруҳининг яна бир маҳсулоти. Бу - Испания миллий жамоасининг захира либоси. Оддий дизайн, мураккаб элементлардан холи ёрқин форма. 

 

4. Гана (таъминотчи - Puma)

Қора юлдуз Гананинг тарихий рамзи, яна ғалаба ва шараф белгиси. Puma дизайнерлари ганаликларга либос тайёрлашда бунга алоҳида эътибор қаратишган. 

 

5. Германия (таъминотчи - Adidas)

Оқ ва қора ранглар уйғунлиги - бундестимнинг энг ёрқин белгиларидан бири. Adidas маҳсулотида 4та юлдуз яққол кўзга ташланади - бу Германия термасининг жаҳоннинг 4 карра чемпиони эканлигига ишора. 

 

6. Аргентина  (таъминотчи - Adidas)

Лионель Месси Қатарда қандай либосда майдонга тушди? Ҳаммага таниш анъанавий оқ-ҳаворанг футболкада-да, албатта. Аргентина термаси бу дизайндан асло воз кечмаса керак.

 

7. Мексика (таъминотчи - Adidas)

Яна бир анъанавий дизайн. Яшилликка бурканган Мексика вакилларини яшил ранг­ли футболкадан бошқасида кўришнинг ўзи бироз ғалати бўлади. Бу сафар Мексика миллий жамоаси формасида яшил янада бўрттирилган.

 

8. Дания (таъминотчи - Hummel)

Данияликлар турнирга бироз норози кайфиятда ташриф буюришди. «Сирли тулпор» мақомидаги жамоа Қатардаги ишчиларга ноўрин муносабатга эътироз ўлароқ, ЖЧда ҳеч қандай безаги йўқ бир тусли либосда ўйнашни лозим топишган.

 

9. Хорватия  (таъминотчи - Nike)

Ўзига хос дизайн - шахмат доскаси! Ҳаммани олдинда Хорватия миллий жамоаси қадрияти ҳисобланган квадратли либоснинг янгича кўриниши кутмоқда.

 

10. Франция  (таъминотчи - Nike)

Хўроз тасвири бор тўқ кўк рангли либос. Бу қайси жамоа­га тегишли эканлиги ҳаммага маълум. Эътиборли факт: Франция термасининг оқ тусли иккинчи либоси 10 ёшли бола чизган дизайн асосида ишланган.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади