АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Бўйи 186 сантиметрга тенг марказий ҳимоячи тилидан сарлавҳага чиқарилган гапга шубҳаланиш ортиқча.
«Унинг ривожланиши жаҳон даражасига мос келади», - деганди «Бавария» бош мураббийи Юлиан Нагельсманн 24 ёшли Дайо Упамеканони мақтаб. Тобора важоҳат билан тўп сураётган франциялик футболчи Германияда чемпионлик бўйича рекордчи саналган Мюнхен суперклубининг тарихдаги энг кучли ҳимояга эга бўлишида катта роль ўйнамоқда. Мана, «Бавария» Бундеслиганинг жорий мавсуми энг кам гол қўйиб юборган жамоа бўлиб турибди. Қолаверса, Нагельсманн шогирдлари Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида атиги 2та гол қабул қилишдики, бу турнирнинг энг яхши кўрсаткичи ҳисобланади («Манчестер Сити» ҳозирга қадар 3та гол қўйиб юборди - иккинчи яхши натижа). Дайо яна мушоҳада борасида ҳам чакки эмас. Бунга унинг «Бавария» расмий сайтига берган интервью далил. Франциялик бақувват ҳимоячи суҳбат жараёнида Лионель Мессига қарши индивидуал ўйини, майдонда Маттейс де Лигт билан осонгина тил топишиб кетгани ва Юлиан Нагельсманн таҳлиллари ҳақида гапирди.
- Дайо, якунланган жаҳон чемпионатида энг яхши ҳимоячилардан бири бўлдингиз, аммо Франция миллий жамоаси 2-ўрин билан чекланди. Хўш, Қатар мундиалидан нималар олдингиз?
- Албатта, чемпионлик мақомини ҳимоя қилолмаганимиздан қаттиқ ранжиганимиз рост. Лекин иккинчи томондан қарасак, жаҳон чемпионати ҳамиша - катта мактаб. Қатар мундиали шахсан мен учун қимматли тажриба майдони бўлди. Ўйлайманки, турнир ўйинимни ҳар томонлама яхшилашимга ёрдам берди. Профессионал футболчи сифатида кучли рақобатни қадрлайман ва доимо фақат олдинга қарайман. Хусусан, клубимга бор кучим билан ёрдам беришим шарт. Оддий айтганда, ўзимни чинакам жангчидек тутаман ва мағлубиятни асло қабул қилмайман. Енгилиш, таслим бўлиш - бу табиатимга ёт нарса. Ўзи «Бавария»дек катта амбицияга эга клубда бошқача ёндашув билан жой олиш амри-маҳол.
- Лионель Месси билан ЖЧ финалида тўқнаш келгандингиз. Яқинда эса ЕЧЛ 1|8 финали биринчи ўйинида нафақат аргентиналик, балки бутун «ПСЖ» ҳужумига қарши муносиб ўйнадингиз...
- Аввало, айтишим керак, Месси Аргентина термаси ёки Париж клуби учун ўйнашидан қатъий назар, мутлақо идеал футболчи. Тўғри, бу сафар фақат Леогагина алоҳида ёндашмадик. Ахир «ПСЖ» — энг кучли ҳужумкор футболчиларни ўз сафига жамлаган жаҳон даражасидаги клуб. Демак, жавоб ўйинида ҳам жамоавий ҳимояланиш ва ҳар сонияда тўғри қарор қабул қилишга тайёр туришимиз шарт.
- «Бавария»нинг ЕЧЛ жорий мавсумидаги энг ёрқин ўйинларидан бири октябрь ойи охирида кузатилди - «Барселона» 3:0 ҳисобида доғда қолдирилган ўша оқшом Маттейс де Лигт билан жуфтликда ҳимояни мустаҳкам ушладингиз. Кўринишидан, нидерландиялик майдонда сиз учун идеал шерикка айланди.
- Ҳа, Маттейс билан бир-биримизга жуда тез мослашиб олдик. Ўзаро муносабатимиз ҳам яхши ва майдон ташқарисида кўп мулоқотга киришамиз. Ажойиб футболчи, ўзига нисбатан ишончи ўта баланд ва бу майдонда менга ҳам қўшимча куч бағишлайди. Де Лигтдан ташқари, Бенжи Павар ва Люка Эрнандес билан ўйнаш ҳам жуда мароқли, албатта.
- Нагельсманн «Майнц»га қарши ўйинда ҳимояга 3 нафар, «Волфсбург» билан баҳсда эса 4 нафар футболчи қўйди. Айтингчи, мудофаа тузилмаси ўзгарганида, ноқулайлик сезмайсизми? Бунда шахсан сиз учун нималар ўзгаради?
- «Бавария»да жуда мослашувчан футболчилар тўпланишган. Дейлик, мен чап ёки ўнг томонда Маттейс билан бирга ўйнашим мумкин. Зарурат туғилса, ҳар иккимиз марказда ёлғиз ҳаракатлана оламиз. Бундай вариантлар ҳам мураббий, ҳам жамоа учун яхши. Асосийси - ҳар доим майдонда бор кучни сарфлаш. «РБ Лейпциг»да ҳам уч ҳимоячидан тузилган орқа чизиқда етарлича ўйнаганман ва тактик чизма ўзгарганида, айтарли ноқулайлик сезмайман.
- Люка Эрнандес, Буна Сарр ва Нуссаир Мазрауи узоқ муддатга сафдан чиқишгач, «Бавария» Жоау Канселу ҳамда Дэйли Блинд эвазига ҳимоя барқарорлигини юқори даражада сақлаб қолди. Бу футболчилар сизнинг ўйинингизга қандай янги элементларни олиб киришди?
- Жоау ва Дэйли жамоавий ҳаракатларга жуда мос тушишди. Жоау дебютидаёқ 2та голга ассистентлик қилди, Дэйлида эса катта тажриба бор. Албатта, ҳар иккисининг услубидан нималарнидир олиш мумкин ва бундай ижрочилар билан бирга тўп суришдан манфаатдорман.
- 2019 йилдан буён Юлиан Нагельсманн билан бирга ишлаяпсиз. Футболчи сифатида шаклланишингизда унинг таъсири қандай?
- Юлианнинг асосий ютуқларидан бири шуки, футболчилар билан кўп гаплашади, вазиятларни таҳлил қилади. Ўз навбатида, хатоларни аниқ кўрсатиб берадиган ва ечим бўйича ҳам тавсиялар берадиган бундай мураббийларни қадрлайман. Юлиан шундай - мақташни ҳам билади, камчиликларни рўй-рост айтишдан ҳам қайтмайди. Асосийси, бунда таҳлилга асосланади. Табиийки, ўйинимнинг ривожланишида унинг роли катта.
- Мавсумолди тайёргарлик жараёнида бир вақтнинг ўзида ҳам фитнесс-мураббий, ҳам опера қўшиқчиси билан алоҳида шуғулландингиз. Бунинг моҳияти нима?
- Ҳа, ёзда якунланган мавсумни обдон таҳлил қилиб чиқдим. Якунда хулоса ўлароқ, ўзимга енгил атлетика бўйича мураббий ёлладим. Шунинг баробарида опера қўшиқчиси билан кунига 1 соатдан ишлай бошладим. Гап шундаки, марказий ҳимоячи сифатида майдонда жамоадошларимга тинмай кўрсатма бериб туришим муҳим. Бироқ муттасил бақириш туфайли ўйинлардан кейин томоғимда оғриқ кучайиб борди. Хуллас, опера қўшиқчиси баланд овоз чиқариш техникасини ўргатди, энди қанча бақирсам ҳам, томоғимга оғирлик тушмаяпти. Профессионал спортчи ҳамиша яхшиланиш йўлларини қидириши керак. Йўқ, хавотирга тушманг, ҳали ҳам футболчиман ва мусиқа оламига ўтишни режалаштирмаяпман...
- Тўп учун курашда ўта тажовузкорсиз, ёшлигингизда ҳужумда ўйнаганингиз ҳам маълум. Бироқ «Бавария»да 1тагина гол урдингиз. Упамеканонинг иккинчи голини қачон кўрамиз?
- Умид қиламанки, тез орада! Машғулотларда ишлаяпман, кўпроқ гол уриш учун ҳужумга қўшилганда, «иккинчи қават»да эффектлироқ ҳаракатланиш ва тўғри позиция танлашни ўрганишим керак. Аммо ҳисобга олинг, мен учун гол уришдан кўра, дарвозамизни «қуруқ» сақлаш муҳимроқ. Ахир ҳимоячиман.
- «Бавария» сиз билан илк марта алоқага чиққан пайт 16 ёшда бўлган экансиз. Қандай ҳолатга тушганингиз эсингиздами?
- Ўшанда катта қадам қўйишга эрта эди. «Бавария»га 2021 йилнинг ёзида келдим ва бу тўғри вақт эди, менимча.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789