Диққат, Сан-Марино термаси "С" Лигада!

Диққат, Сан-Марино термаси "С" Лигада!

УЕФА таркибидаги энг «митти» ва ожиз жамоалардан бири - Сан-Марино миллий термаси бу йил ўз тарихида мисли кўрилмаган ютуқларга эришди.

Европа Миллатлар Лигаси-2024|2025 «D» лигасида қатнашган Сан-мариноликлар ўз гуруҳларида 1-ўринни қўлга киритишди ва «С» лигасига сакрашди. Қолаверса, «митти» жамоа ўз ҳаётида бир қатор «илк марта» туркумига мансуб натижаларга эришди.

1. Сан-Марино термаси илк марта муайян гуруҳда ғолиб чиқди. 

2. Сан-Марино термаси илк марта сафар ўйинида ғалаба қозонди. 

3. Сан-Марино термаси илк марта 1тадан ортиқ гол фарқи билан ғалаба қозонди.

4. Сан-Марино термаси илк марта ўйин давомида ҳисобда ортда бора туриб, якунда ғалаба қозонди.

5. Сан-Марино термаси илк марта муайян йил давомида 2та ғалаба қайд этди. 

Факт. Сан-Марино термаси ўз ҳаётида 3-марта ғалаба кўчасига кирди. Ҳар 3та ғалаба Лихтенштейн термасига қарши ўйинларда қўлга киритилган. Сан-мариноликлар жорий йилнинг 5 сентябрь куни бу рақибни 1:0 ҳисобида енгиб, нақ 20 йилга чўзилган ғалабасиз серияга чек қўйишганди. Аниқроқ айтсак, жамоа илк ғалабасини 2004 йилнинг 28 апрель куни нишонлаганди.