Айтишича, ўйинларда ҳам, машғулотларда ҳам уларнинг гапларини сира тушанмаган экан...
Андрей Воронин дарҳақиқат, «Ливерпул»да ўзини асло кўрсатолмаганди. Украиналик ҳужумчининг айтишича, ўша муваффақиятсиз уриниши Стивен Жеррард ва Жейми Каррагер, шунингдек, уларнинг скаузча шеваларига боғлиқ экан. Эслатма, Воронин 2007-2010 йиллар оралиғида «Ливерпуль» ихтиёрида бўлган. У бунга қадар Леверкузеннинг «Байер» клубида ўта самарали тўп сурган ва якунда «қизиллар» сафига эркин агент мақомида қўшилганди - текин трансфер. Бироқ «Энфилд»да ҳужумчининг ишлари умуман юришмади. Ҳар ҳолда, АПЛ доирасидаги атиги 27та ўйинда қатнашиб, 5тагина гол урди. «Ливерпуль» раҳбарияти бундан хулоса чиқариб, Воронинни ижара келишуви бўйича «Герта»га юборганди. Украиналик футболчи кейинчалик унинг трансферини Москва «Динамо»сига сотди.
Хуллас, украиналик собиқ футболчининг айтишича, «Ливерпул»да яхши ўйнаб кетишига Мерсисайд графлигида кенг тарқалган скауз шеваси халақит берган эмиш. Хусусан. жамоанинг ўша вақтдаги етакчилари Стивен Жеррард ва Жейми Каррагер клубда асосан скауз акцентида гаплашишган, Воронин эса уларнинг нима деяётганларини асло тушунмаган. Ҳар ҳолда, Андрей Goal нашри мухбирлари билан суҳбатда фаолиятининг ўша қисмини ҳам эсга олиб, «Ливерпуль» афсоналари «томорқасига тош отди». «Скауз. Бу шевада балони ҳам тушунмасдим, боз устига, инглиз тили бўйича билимим ҳам паст эди. Каррагер ва Жеррард эса нуқул шевада гапиришарди ва ҳар сафар улардан айтганларини соф инглизчада такрорлашларини сўрардим. Умуман олганда, Ливерпуль ҳам менга шаҳар сифатида унча мос келмади, гарчи бой тарихга эга бўлсада. Масалан, «Биттлз»ни олайлик, отам бу гуруҳнинг ашаддий мухлиси. Унга «Ливерпуль» билан шартнома тузганимни айтганимда, қувончдан йиғлаб юборгани эсимда. Лекин амалда клуб сафига қишки танаффуссиз бордим ва маҳаллий об-ҳаво шароитига кўниколмадим. Оқибатда ўйин ритмидан чиқиб кетдим. Қисқаси, «Ливерпул»да шунчаки, саёҳат қилдим ва оз ўйнадим - бу катта азоб...», деди Воронин жумладан.