ЕЧЛ – бу чемпионлар ва қолганлар кураши ҳам!

ЕЧЛ – бу чемпионлар ва қолганлар кураши ҳам!

Мана, дурдона турнир - Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсумнинг асосий босқичи ҳам йўлга тушди. 

Бу сафар «Манчестер Сити» «шалпангқулоқ» кубокни ўзида олиб қолишга уринади тарихда илк марта. Биламизки, ЧЛ - катта майдон. Мусобақа тарихига бирров назар солсангиз, унда мамлакатларнинг амалдаги чемпионлари ва қолганлар ўртасида ҳам алоҳида рақобат шакллангани кўзга ташланади. Қизиқ, ҳозирги ҳолатда устунлик қайси томонда? Яъни турнирда ҳақиқий чемпионлар кўпроқ ғолиб чиқишганми ёки қолганлар?

ЧЕМПИОНЛАР - ҚОЛГАНЛАР - 16:15

Статистикадан маълум бўлишича, амалдаги ғолиб «Манчестер Сити» туфайли ҳозирда «шалпангқулоқ« кубокни ютиш борасида устунлик чемпионлар гуруҳи томонида. Бир бошдан айтсак, 1992 йили ЕЧК ислоҳ қилинганидан сўнг ЧЛнинг дастлабки 6 мавсуми якунида фақат чин чемпион клублар (турнирга миллий чемпионатларнинг амалдаги ғолиби сифатида киришганлар) - «Марсель» (Франция), «Милан» (Италия), «Аякс» (Нидерландия), «Ювентус» (Италия), «Боруссия» Д. (Германия) ва «Реал» (Испания) ғалаба нашидасини сурган. Умуман олганда, ўз мамлакатида чемпион бўлмаган клублар турнирга илк марта 1997/1998 йиллар мавсумида қўйилганди. Эътиборлиси, кенгайтирилган турнирнинг 2-мавсумидаёқ қолганлар гуруҳи ҳисобига илк кубок ёзилган. Ўшанда АПЛда 2-ўринни эгаллаган «МЮ» чемпионликни нишонлаганди (айтганча, ўша финалда ўйнаган «Бавария» ҳам турнирга Бундеслиганинг иккинчи жамоа­си сифатида қўшилганди, чунончи, мюнхенликлар олдинги мавсум «Кумуш товоқ»ни камтарин «Кайзерслаутерн»га бериб қўйишганди).

Умумий статистика бўйича айтсак, ҳозирга қадар ЧЛда миллий лигалар вице-чемпионлари 9 марта зафар қучди. Шунингдек, яна икки ҳолатда мусобақага ўз миллий чемпионатининг 3-поғонаси орқали чиққан клуб ғолиб бўлди. Эътиборли факт: тарихда миллий лигада кучли учликка киролмаган жамоалар 4 марта «шалпангқулоқ» ютган. Яна бир томони, 2012-2017 йиллар оралиғида ЧЛда вице-чемпионлар гегемонияси кузатилди. Бу орада кубок ютган «Бавария» ҳам ЧЛга Бундеслиганинг кумуш медали эгаси сифатида қўшилганди (ўшанда Германия чемпионати олтин медали Дортмунд «Боруссия»сига насиб этган). Европа клуб футболи бош турнирининг янги тарихида 2 марта шоҳсупага кўтарилган «Ливерпуль» эса ҳар икки ҳолатда АПЛ турнир жадвалидаги 4-ўрин орқали йўлланма олганди. Хуллас, амалдаги ғолиб «Манчестер Сити» туфайли ушбу норасмий рақобатда тарозу палласи чин чемпионлар гуруҳи томон оғди - 16:15!

ЧЛ: 1992 ЙИЛДАН КЕЙИНГИ УМУМИЙ ЖАДВАЛ

Янги мавсум баҳона ЧЛнинг умумий жадвалига ҳам бирров назар солсак бўлар. Ҳар ҳолда, совриндорлар рейтингини кўришдан ҳеч қандай маъно йўқ: «Реал» мутлақ олдинда, қолганлар анча орқада. Табиийки, ЧЛнинг сарҳисоб жадвалида ҳам «Мадрид» пешқадам, албатта. Эътиборга олиш керак, умумий жадвални шакллантиришда «плей-офф» босқичлари ўйинларининг асосий вақтдаги натижаси инобатга олинган (умумий қоида бўйича ғалабага 3 ва дурангга 1 очко). Демак, сарҳисоб жадвалининг дастлабки икки поғонаси Испания клубларига тегишли: «Реал» ортида «Барселона» бор. Англия футболининг ҳам ўзига яраша устун жиҳати йўқ эмас: жадвалнинг юқори 20талигида АПЛдан 5та клуб бор (4таси кучли 10таликда). Шунингдек, топ-20га Испаниянинг 4та, Италиянинг 3та, Франция, Португалия ва Германиянинг 2тадан вакили киради. Қолган 2та позиция «Аякс» (Нидерландия) ҳамда «Олимпиакос» (Греция)га тегишли.
echl2.jpg

«Реал» етакчи, аммо «Барселона»дан унча олдинда эмас. «Бавария» (3-ўрин) ва «МЮ» (4-ўрин) ўртасида эса нақ 116 очко бор. «Порту»нинг бир қатор грандлардан олдинда эканлиги ҳам эътиборга молик. Бунда ажабланадиган томони йўқ: Португалия вакили ЧЛнинг доимий иштирокчиси саналади (ҳозирга қадар атиги 3 мавсумни ўтказиб юборган). Яна унутмаслик керак, «Порту» - ЧЛ-2002/2003 ғолиби. 2 карра чемпион - «Ливерпуль» ЧЛ умумий жадвалининг топ-20талигига кирган нақ 15та жамоадан камроқ мавсум ўйнаганини алоҳида айтиш керак. Умуман, «қизиллар» ўтган асрнинг 90-йиллари турнир юзини кўришмаган, фақат мавсум-2001/2002да дебют қилишган. ЧЛнинг биринчи ғолиби «Марсель» эса атиги 28-ўринда. Россия клубларидан «Спартак» дейлик, «Наполи» ва «Тоттенхэм»дан юқорида - 29-ўрин. «Шахтёр» эса собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг муваффақиятли клуб - 22-ўрин.

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади