ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Баракали душанба

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Баракали душанба

Душанба куни хориждаги футболчиларимиз учун баракали келди.

Ҳар ҳолда, 3 нафар легионерларимиз 4та гол урди ўз клублари ўйинларида. Жумладан, Остон Ўрунов Эрон чемпионатида илк марта «дубл»га эришди.

Файзуллаев гол урди, фаҚат... 

РПЛ 27-туридан ўрин олган ЦСКА - «Рубин» ўйинида ўзбекистонлик футболчиларнинг майдонда ўзаро тўқнаш келишлари кутилганди. Бироқ Қозон жамоаси бош мураббийи Рашид Рахимов Москвадаги баҳсда Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиевни майдонга туширмади. ЦСКА ярим ҳимоячиси Аббос Файзуллаев эса учрашувда тўлиқ вақт фаол ҳаракатланди ва 45}1-дақиқада рақиб дарвозасини нишонга олди. Бироқ «ҳарбийлар» бу сафар ҳам ғалабани аламли тарзда қўлдан чиқаришди - 90}2-дақиқада қўйиб юборилган гол оқибатида ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Sofascore нашри 20 ёшли ҳамюртимизнинг ушбу учрашувдаги ҳаракатини 7,5 баллга муносиб кўрди. Аббос Файзуллаев ўйин таассуортлари билан ўртоқлашар экан, «Спартак»ка қарши учрашувдан олдин сариқ карточка олгани юзасидан ҳам гапирди: «Оғир ўйин. Нега бундай бўлаётганига тушунмаяпман. Бугун ҳам рақибдан анча кучли кўриндик. Барчасини статистика кўрсатиб турибди. Аммо якунда яна гол қўйиб юбордик. Бу ҳолат тез-тез такрорланаётгани босим юклаётгандек. Лекин охиригача курашамиз, барибир. Менимча, концентрацияни йўқотиш ортидан гол қўйиб юборяпмиз. Чиндан ҳам, сўнгги дақиқаларда кўплаб очколарни қўлдан чиқардик. Нима дейишга ҳам ҳайронман. Билганим, ЦСКАнинг жойи 8-ўрин эмас. Ҳозир кучли учликда боришимиз керак эди...

«Спартак»ка қарши ўйинни ўтказиб юбориш оғир бўлди. Танқидларга тўғри қарайман, лекин жамоада атайин сариқ карточка олмаганимни ҳамма яхши билади. Ўша вазият жуда тез содир бўлди. «Сариқ» олганимдан роса ранжидим ҳам». Маълумот учун, айни пайт ЦСКА ҳисобида 38та очко бор. 8-ўринда кетаётган жамоани кучли учликдан 12 очко ажратиб турибди. Хуллас, москваликлар назарий жиҳатдан совриндорлар қаторига кириш имкониятини йўқотиб бўлишди. Ёқимли тарафи шуки, Файзуллаев жорий мавсум 7-марта тур рамзий жамоасига киритилди. «Аббос учун чемпионатнинг баҳорги қисми мавсумнинг биринчи ярми билан таққослаганда, у қадар ёрқин кечмаяпти. Шунга қарамай, у «Рубин»га қарши ўйинни анча яхши ўтказди ва қозонликлар дарвозасини ишғол этди», — дея таъриф берилди Файзуллаевга. Яна бир гап: Қозондаги ўйиндан ке­йин Аббос, шунингдек, Умарали Раҳмоналиевга «Рубин» клуби томонидан махсус совға топширилди - француз тили йўриқномаси (албатта, Ўзбекистон олимпия термасининг Францияда бўладиган Олимпиадада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритгани муносабати билан). 

Аббос Файзуллаев sports.ru сайтига берган қисқа интервьюсида эса ёзда Париж Олимпиадасида иштирок этиш-этмаслиги масаласига тўхталди.

- Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Олимпиада ўйинларига йўлланма олди. Бунга муносабатингиз...

- Мамлакат учун муҳим тарихий ютуқ. Ушбу жамоанинг бир қисми эканлигимдан фахрланаман. Одамларга катта қувонч келтирганимиздан хурсандман.

- Осиё кубоги финалида майдонга тушмаганингиз алам қилмадими?

- Клуб ва федерация ўртасидаги келишувга ҳурмат билан ёндашаман. Ўзимга қолса, финалда ўйнашни хоҳлардим, лекин келишув бор эди, шунинг учун қайтдим.

- Хўш, Олимпиадага борасизми?

- Буни ҳали муҳокама қилганимиз йўқ. Ҳозир бор эътиборимни ЦСКА ўйинларига қаратганман. Россия кубогини ютмоқчимиз, «Зенит»ни енга оламиз. Кубок ҳам муҳим, чемпионат ҳам. Финалга чиқиш жуда муҳим. Чемпионатдаги ўйинлар аҳамияти ҳам кам эмас.

Эронда ўзбекча голлар

Эрон миллий чемпионати 26-тури ҳамюртларимизга омадли келди. Хусусан, «Персеполис» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов «Нассажи Мазандаран»га қарши баҳсда 2та гол уриб, жамоаси сафардан ғалаба билан қайтишини таъминлади - 2:1. Терма жамоамиз вингери 6-дақиқадаёқ чиройли зарбаси билан ҳисобни очди. Айтиш жоиз, «Персеполис» иккинчи бўлиб бошида майдонда 10 киши бўлиб қолди ва мезбонлар орадан кўп ўтмай, мувозанатни тиклашди. 68-дақиқада эса Остон Ўрунов яна бир бора катта саҳнага чиқиб, «дубль» расмийлаштириш асносида ўйин қаҳрамонига айланди. Жалолиддин Машариповнинг клуби - «Истиқлол» (Теҳрон) ўз майдонида «Зоб-Оҳан»ни айнан 2:1 ҳисобида доғда қолдирди. Эътиборлиси, ҳамюртимиз 64-дақиқада чиройли голи билан ҳисобни тенглаштирди ва бу «Истиқлол»нинг ғалабасида катта аҳамият касб этди. Эрон чемпионати турнир жадвалида етакчилик қилаётган Теҳрон клуби ғалаба голини ҳакам қўшиб берилган вақтда нишонлаганини ҳам айтиш ўринли. Таркибида Достон Турсунов ўйнаётган «Истиқлол» (Ҳузистон) эса «Сепаҳон»га қарши сафар ўйинида 1:1 ҳисобини қайд этди. Ҳамюртимиз доимгидек, ўз клубининг бошланғич таркибидан жой олди. Турнир жадвалида «Персеполис» ҳамон пешқадам «Истиқлол» (Теҳрон)ни таъқиб қилиб келмоқда. Ҳузистоннинг «Истиқлол» клуби эса 15-ўринда.

Эрон чемпионати: кучли тўртлик

1 Истиқлол Т.  26        16        9          1   36-15          57

2 Персеполис  26        16        8          2   35-14          55

3 Тракторсози 26        13        5          8   34-21          44

4 Сепаҳон                    26        14        5          7   45-24          43

 

Чемпионликдан умид борми?

«Шабаб Ал-Аҳли» БАА чемпионати 22-турида «Шаржа»ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида устун келди. Жамоа ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев мазкур учрашувнинг 84-дақиқасида захирада сафга қўшилди. БААнинг амалдаги чемпиони саналган «Шабаб Ал-Аҳли» 21та ўйиндан сўнг 46 очкога эга. Пешқадам «Ал-Васл»да эса 55 очко бор. Гарчи икки жамоа­ни 9 очко ажратиб турган бўлсада, Ғаниев жамоаси ҳали чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан умид узмаган. «Хорфаккан» - «Ал-Айн» ўйини 0:1 ҳисобида тугади. Мезбон жамоа ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев ўтган турдаги қизил карточка туфайли бу сафар майдонга тушмаган бўлса, ҳужумчи Азиз Амонов тўлиқ вақт тўп сурди. Ҳожимат Эркиновнинг «Ал-Ваҳда»си ўз майдонида турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган Дубайнинг «Ал-Наср» жамоасини қабул қилди ва Омар Харбиннинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди. Ярим ҳимоячимиз учрашувни асосий таркибда бошлаб, 68-дақиқада ўрнини Зелимхан Бакаевга бўшатиб берди.

 

Ҳусановга ишонч катта

«Ланс» жорий мавсум Франция чемпионати совриндорлари қаторига кириш имкониятини йўқотди, лекин Франк Эз шогирдлари еврокубокларга йўлланма олиш учун финишга қадар 6-ўриндан тушмасликлари лозим. Чемпионат тугашига 2та тур қолган паллада «Ланс»нинг асосий ҳимоячиси Кевин Дансо узоқ муддатга сафдан чиқди. Натижада «Ланс» фаолиятини ёритиб келаётган lensois.com сайти қолган ўйинларда Дансо ўрнини ким эгаллаши мавзусида алоҳида сўров ўтказди. Эътиборли томони, жамоа мухлислари ҳимоя марказини Абдуқодир Ҳусановга топшириш кераклигини таъкидлашмоқда. Ҳар ҳолда, сўровда қатнашганларнинг 72,32 фоизи айнан ҳамюртимизга овоз берди:

Абдуқодир Ҳусанов - 72,32 фоиз

4 ҳимоячи билан ўйнаш - 22,1 фоиз

Массадио Кайдара - 4,69 фоиз

Бошқа футболчи - 0,89 фоиз

Эслатма, «Ланс» чемпионат доирасидаги охирги икки ўйинни «Ренн» (11 май куни сафарда) ва «Монпелье» (18 май куни ўз майдонида)га қарши ўтказади. Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум Лига 1нинг 10та ўйинида қатнашиб, 4 марта сариқ карточка олганини қўшимча қилиш жоиз