Бундеслигадаги Бундесжамоа

Бундеслигадаги Бундесжамоа

18 ғалаба, 2 дуранг ва 0 мағлубият - Хаби Алонсо «Байер»ининг жорий мавсумдаги монстрларга хос натижаси.

«Доришунослар»нинг бошқалардан фарқли жиҳатларидан бири - метиндек мустаҳкам асосий таркиб. Бундеслига доирасида ротация йўқ ҳисобида. Муваффақиятнинг бош меъмори мураббий эканлигига шак-шубҳа йўқ. Бироқ уни майдондаги ижрочилар рўёбга чиқарадилар. Келинг, улар билан бафуржа танишиб чиқайлик.

Лукаш Градецки - дарвозабон

Статистик факт: ички чемпионатда Лукаш таҳлилий тахминга нисбатан 2,4та камроқ гол ўтказиб юборади. Бу борада «Дортмунд» посбони Грегор Кобелдан кейин 2-ўринда.

Алонсонинг таъсири: Градецки ўйинидаги пасайиш тўхтади. Хабига қадар тобора ишончсиз ўйнаётганди - хатолар кўпайиб, сэйвлар кама­йиб кетганди. Лекин Лукашни айнан янги мураббий моҳир посбонга айлантирган эмас - собиқ жамоадоши Андрей Луневнинг айтишича, Хави дарвозабонлар билан шуғулланмайди, бу вазифани ёрдамчиларига юклаган. Бироқ Хаби рақобатни ваъда қилганди. Лунев доимий захира посбони, Градецкининг янги ўриндоши Матей Коварж еврокубоклар ва Германия Кубоги ўйинларида майдонга тушади.

Ҳаётий воқеалар: Алонсо финляндиялик посбонга қуйидагича топшириқ берган: Лукаш янги ўйинчиларга жамоа муҳитига мослашишларида ёрдам беради.

Эдмонд Тапсоба - марказий ҳимоячи

Статистик факт: Эдмонд узатмалар орқали ҳаракатланиш бобида Бундеслигадаги 2-марказий ҳимоячи. 1-ўрин Ким Мин Чжэга тегишли.

Алонсонинг таъсири: буркина-фасолик маймоқоёқ позицион ҳужумларда ҳам, тезкор қарши ҳужумларда ҳам яхши ўйнайди. Баъзан хатолар ҳам бўлсада, ижобий ҳаракатлари кўп. Хаби уни таянч ҳудудида ҳам синаб кўрди, эксперимент муваффақиятли ўтди.

Ҳаётий воқеалар: қитъадошларидан фарқли равишда, Тапсоба Франциянинг нуфузли академиясида таҳсил олмаган. У 14 ёшгача Буркина-Фасо кўчаларида тўп тепган, кейин маҳаллий футбол-интернат эътиборига тушган. 19 ёшгача Эдмонд ўша ерда таҳсил олиб, нафақа пули билан ота-онасига ёрдам берган. 19га чиққунга қадар Эдмонд интернатда яшади. Ўша ерда уни агент Деку кўриб қолди ва Португалияга ўтишига ёрдам берди. 3 йил ичида Тапсоба Бундеслиганинг 2020/21 йиллар мавсумидаги энг яхши ҳимоячиси даражасига кўтарилди. Пандемия даврида футболчи жонажон шаҳри бўлмиш Уагадугу аҳолисига ниқоблар, қўлқоплар ва дезинфекция анжомларини эҳсон қилиш билан ёрдам берди.

Жонатан Та - ҳимоячи

Статистик факт: ҳаводаги яккакурашларда устунлик бўйича Бундеслигада 2-ўринда (81 фоиз). Ундан яхшироқ натижани «Штутгарт» вакили Дань-Аксель Загаду қайд этмоқда.

Алонсонинг таъсири: «Харри Магуайр» брендининг музлаткичи бўлганди, «Рубен Диаш» брендида шкафга айланди. Яна бурчак зарбаларидан гол ура олади. Айтишича, Алонсо даврида «Ба­йер» 11 ёшлилар жамоасига айланган. Машғулот пайтида Хаби футболчи ролига ўтиб, шогирдларига берган кўрсатмаларини амалда ижро этаркан.

Ҳаётий воқеалар: ёзда қандайдир агент Клаудио Бегани 20 ойга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. У ўзини Танинг агенти, деб таништириб, футболчини «Байер»дан олган маошидан товон тўлашга мажбур этган, бермаса оёғини отиб ташлаш ва яқинларига ҳужум қилиш билан қўрқитган.

Одилон Коссуну - марказий ҳимоячи

Статистик факт: марказий ҳимоячилар ўртасида Бундеслиганинг энг яхши дриблинг соҳиби. 11та самарали алдаб ўтишнинг 6тасини у «Бавария»га қарши ўйинда намойиш этган.

Алонсонинг таъсири: «Байер» Коссунуни «Брюгге»дан 23 млн. еврога харид қилганида, икки жамоадоши ундан қимматроқ эди. Боз устига, ҳайратомуз куч-қувватга эга Одилон ҳимояланишни умуман билмасди. Кўпинча у ярим йўлда тўхтаб қолар, дриблинг қўлламоқчи бўлган рақибларига қўполлик ишлатарди. Алонсо Коссуну ўйинини тубдан ўзгартирди. Энди у улкан титан, контрпрессинг монстри. Ҳужум пайтида рақиб жарима майдончасигача боради, тўпни йўқотганида узун оёқлари ёрдамида тезда қайтариб олади. Одилон майдонда бўлса, «Байер»нинг ўйинлари фақат битта дарвоза томонида бўлади.

Ҳаётий воқеалар: Коссуну худди Тапсоба каби футбол илмини Африкада ўрганди. Лекин ўта обрўли масканда - у Кот-д~Ивуарнинг энг совриндор клуби «АСЕК Мимозас» академиясида таҳсил олди. Яя Туре, Жервиньо ва Эммануэль Эбуэ каби афсоналар Одилоннинг ўтмишдошлари.

Алекс Гримальдо - чап Қанот латерали

Статистик факт: топ-5 лигаларнинг энг сермаҳсул (7+4) қанот ҳимоячиси. Бу фақат Бундеслигадаги натижаси. У ЕЛда 2+1 ва Германия Кубогида битта ассистга эга.

Алонсонинг таъсири: ҳатто «Бенфика»даги 8 мавсумнинг бирортасида Алекс чемпионатда 5тадан ортиқ гол ура олмаган. Энди 13та турда 7та гол.

Ҳаётий воқеалар: Ламин Ямалга қадар Гримальдо «Барселона»да дебютини нишонлаган энг ёш футболчи эди. Тўғри, у «Барса Б»га келди ва асосий таркибга жалб этилмади. Балки оёғидаги жароҳат халал бергандир. Лекин фақат шу эмас. «Энрике ҳеч қачон мен билан гаплашмаган, бирор марта ҳам кўришмаганмиз», - деганди Алекс иккинчи жамоада юрган пайтида. Бошқа футболчилар элитага ўтиб кетишди, Гримальдо ўтмади. Энрикега оид очиқ гапиргани учун Алексни ҳатто асосий жамоанинг машғулотларига ҳам чақирмай қў­йишди.

Жереми Фримпонг - ўнг Қанот латерали

Статистик факт: топ-5 лигаларнинг иккинчи энг сермаҳсул (3+5) қанот ҳимоячиси.

Алонсонинг таъсири: узил-кесил энг яхши ҳужумкор латералларнинг бирига айланди. Ҳозир Хаби Жеремини тўпдан тезроқ фориғ бўлишга ўргатмоқда - ижобий силжиш бор. Жорий мавсумга қадар Жереми билан жуфтликда тўп сурган, қарши ҳужумда энг хавфли дуэт мақомини олганди. Энди Мусса йўқ. Андрей Лунев мавзуга қисқача изоҳ берди: Диабисиз ўнг қанотнинг ҳужумкорлик салоҳияти камайиб қолмади. Ёлғиз қолган Фримпонг уддалаяпти. Шундай экан, битта ўйинчи қила олган ишга иккинчиси керак эмас.

Ҳаётий воқеалар: голланд тилини билмайдиган голланд. Фримпонглар оиласи Нидерландияни Англияга ўзгартирганда Жереми 7 ёшда эди. У ерда узоқ вақт «Манчестер Сити» академиясида таҳсил олди, «Селтик»ка, кейин «Байер»га йўл олди. Унинг ота-онаси ганалик эмигрантлар, Нидерландияда ҳам ўз тилларида мулоқот қилишган. Лекин футболчи ўзи туғилган мамлакат шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрди.
bayer04.jpg

Гранит Жака - марказий ярим  ҳимоячи

Статистик факт: олдинги чизиққа йўлланган узатмалар (127) бўйича топ-5 лигалар етакчиси.

Алонсо таъсири: Алонсо жамоасида Алонсо ролининг ижрочиси. Пойдевор, каркас, скелет, «Байер»нинг позицион ҳужумлари кафили. Атрофида топ-жамоа шаклланадиган топ-ўйинчи.

Ҳаётий воқеалар: агар сизни нима учун Жака «Манчестер Сити»ни тахтдан қулатиш орзусидаги «Арсенал»ни ЕЧЛдан четда қолган «Байер»га алиштиргани ажаблантирган бўлса, Гранитдан жўя­ли жавобга умид қилманг: «Мен юксак чўққиларни забт этишни режалаштирган топ-клубга ўтдим». ОАВнинг тахмини - Гранитнинг рафиқаси Леонита Лекай позицияси. У Менхенгладбахда туғилган ва маҳаллий «Боруссия» сафида тўп сураётган Жака билан танишганди. Леверкузен эса Гладбахга жуда яқин.

Эксекиэль

Паласиос - марказий ярим ҳимоячи

Статистик факт: контрпрессинг (32) бўйича Бундеслига пешқадами.

Алонсо таъсири: доимий шикастланишлардан фориғ бўлди ва Жака билан идеал жуфтликка айланди. Паласиос - савияли замонавий ярим ҳимоячи: ҳимоя илмини пухта эгаллаган, узатмалари аниқ, «Байер»нинг штатли пенальтичиси - 5та зарба, 5та гол.

Ҳаётий воқеалар: яқингача футболчи 3 нафар қизлар - модель, раққоса ва маникюр ўртасида талаш бўлганди. Айни паллада Паласиос улар билан ўзаро муносабатларни тўхтатган.

Флориан Виртц - 1-раҚамли ўнлик

Статистик факт: топ-5 лигаларда 2023 йилнинг энг яхши ассистенти - 18та самарали узатма.

Алонсо таъсири: Хаби Флорианга Месси фаолиятидан мисоллар келтириш орқали сабоқ беради: «Нима учун Лео шунчалик машҳур? Чунки у керакли узатмани қандай ва қачон амалга оширишни билади: «Сен энг яхши позициядамисан? Мана, тўпни эгалла». Пас доимо томошабоп бўлиши шарт эмас. У энг яхши, ақлли узатма бўлиши лозим. Флориан Мессидек ўйнашга қодир». Ҳозирда Виртц Бундеслиганинг энг ёрқин ўйинчиларидан бири, терма жамоанинг янги етакчиси, дунёдаги энг сара футболчилардан бири бўлиши мумкин.

Ҳаётий воқеалар: «Болалигимдан ҳар куни футбол ўйнардим. Отам, ўртоқларим билан, кейин мактабда ва академияда. Футбол - менинг доимий машғулотим».

Йонас Хофманн - 

2-раҚамди ўнлик

Статистик факт: зарбага олиб келган ҳаракатлар бў­йича Бундеслигада 2-ўринда (Лерой Санедан кейин).

Алонсо таъсири: «Байер»­нинг позицион ҳужумлари рамзи. Уни «Гладбах»дан 10 млн. еврога харид қилишганди. Жамоаси мавсумни 10-ўринда якунлаган бўлсада, Йонас сермаҳсул ўйин кўрсатганди: 12+9. У 55 млн. еврога «Астон Вилла»га сотиб юборилган Диаби ўрнини тўлдирди.

Ҳаётий воқеалар: Хофманн фақат футбол билан кифояланиб қолмайди, баскетбол, гандбол, гольф ва дартсни ёқтиради. Шунингдек, саёҳат шинавандаси.

Виктор Бонифасе - 

ҳужумчи

Статистик факт: топ-5 лигаларнинг энг кўп тепувчи футболчиси - 60та зарба.

Алонсо таъсири: замонанинг энг оригинал ўйинчисига эрк берди! Викторни вазиятлардан унумли фойдаланмасликда айблаш мумкин бўлсада, гол урмаган ўйинларида ҳам у сеҳрли услубда тўп суради. 12та ўйинда 8та гол ва 5та эса, ёмон натижа эмас.

Ҳаётий воқеалар: Бонифасе декабрда 23га тўлади. Лекин 18 ва 19 ёшида икки марта мушак пайларидан жароҳат олиб, 535 кунни майдон таш­қарисида ўтказди. Таажжубки, «Байер»да жуда кўп ўйинчилар шундай шикастланишга дуч келишган: Жака 16 ёшида, Гримальдо 17, Виртц 18, Фосу-Менса 19 ва 23 ёшида.

Холис мухлис сифатида мавсумда пешқадамлик қилаётган «доришунослар» ҳар хил жароҳатлардан йироқ бўлишларига тилакдошмиз.

Содиқ СОБИР тайёрлади