Элдор Шомуродов: «Ҳеч қандай лақабим йўқ - оддий Элдорман!»

Элдор Шомуродов: «Ҳеч қандай лақабим йўқ - оддий Элдорман!»

Янги мавсумни «Кальяри»да бошлайдиган Элдор Шомуродов мухлису мутахассислар диққат марказида турибди.

 Ўзбек легионерининг «А» сериядаги дебюти ёрқин чиққан эди. «Женоа»да тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб, катта клублар эътиборига тушган Элдор Шомуродовнинг кейинги фаолиятида пасайиш кузатилди. «Рома» ва «Специя»даги давр ўзбек ҳужумчисига кутилган муваффақиятни келтирмади. Энди «Кальяри»да, машҳур мураббий Клаудио Раньери қўл остида Элдорнинг фаолиятида кескин бурилиш бўлиши кутилмоқда. Шомуродов Tuttosport нашрига берган интервьюсида ҳозирги ҳолати ва келажакдаги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

- Элдор, «Рома» билан хайрлашиб, «Кальяри»даги янги саргузашт сари қадам босдингиз. Бу чекиниш қандай бошланди?

- Мен бу жамоада, бу ердаги йигитлар ва мураббий билан ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Таътил узоқ бўлди, бир ойга яқин ҳордиқ чиқардик. Келганимдан кейин дастлабки кунлар қийин ўтди, лекин ҳозир ҳаммаси анча яхши ва ўзимни тетик ҳис қиляпман. Чемпионат бошланишини интизорлик билан кутяпман.

- Клаудио Раньери билан терма жамоангиздан танишсизлар. Нима деб ўйлайсиз, у ўзгарганми?

- Бош мураббий Клаудио Раньерининг таъсири жуда яхши сезиляпти. Мавсум энди бошланяпти. У мендан жисмоний ҳолатим ҳақида сўраган эди. Ўзимни ҳар тарафлама яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қиляпман.

- «А» сериядаги дебют мавсумингиз ажойиб ўтганди. Ҳозир барча сизнинг ўша пайтдаги формангизга қайтиш ва ҳатто унданда яхшироқ бўлишингизни кутишмоқда...

- Албатта, буни яхши тушуниб турибман ва биринчи навбатда «Женоа»да ўйнаган даражамга чиқиб олишим керак. Бу руҳий томондан муҳим аҳамият касб этади. Ўша пайтлари ўзимни кучли ҳис қилардим, аниқ мақсадларим бор эди, ўзимга ишонч кучли эди. «Кальяри»да яна ўша ҳолатга қайтишим учун ҳамма нарса етарли. Биринчи навбатда, тажрибали ва яхши тайёргарликка эга мураббий бор. Асосийси, клубда менга ишонишмоқда, яхши гуруҳ тўпланган, уларнинг иштиёқи баланд. Кўп мухлислар йиғин вақтида ҳам бизларни қўллаб-қувватлаш учун машғулотларга келишди. Улар майдонда ҳам, меҳмонхонада ҳам ёнимизда. Ўтган мавсумда жамоанинг юқори дивизионга қайтишида мухлисларнинг муҳим роль ўйнаганини ҳис қилдим. Жамоада ўзаро тушуниш ва бир бирига ишонч бор.

- Жамоага мослашув жараёнида мураббийдан ташқария на ким кўпроқ ёрдам беряпти?

- Бу саволга Эдоардо Гольданига, деб жавоб бераман. Чунки уни «Женоа»да ўйнаган давримдан яхши биламан. Кейин жамоадаги катта ўйинчилар ҳам кўмаклашмоқда. Масалан, Паволетти.

- Жамоадаги вазифангиз қандай бўлади?

- Жамоа иккита ҳужумчиси билан ўйнаса, менга анча енгил бўлади. Мен ҳар доим шу схемада ва дарвозага яқин ўйнаганман. Агар уч нафар ҳужумкор футболчи билан ўйнасак, мен чап қанотда қолишим керак. Тўпни олиб юриш ва кенг майдон бўйлаб ҳужум уюштириш учун менга бироз вақт керак бўлади. Бу энди бошқа масала.

- Бу йил қанча гол урмоқчисиз? Ўз олдингизга аниқ марра қўйиб олдингизми?

- Асосий мақсадим - «Кальяри»га ёрдам беришдир. Ҳар ҳолда улар мени ўз сафига қўшиб олди, демак, ишонч катта. Бунга жавобан мен ҳам жамоа муваффақиятига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Голлар сонига келсак, ўзимнинг мўлжалим бор, лекин уни сизларга айтмайман.

- «Рома»да Моуриньонинг талаблари қандай эди?

- Жозе Моуриньо билан авваллари менинг салоҳиятим ҳақида гаплашганмиз. «Специя»га кетишимдан олдин у менга кўп гол уришим кераклиги ва жамоага ёрдам бериш учун янада кучли бўлиб қайтишим лозимлигини айтди. Бу ёз Моуриньодан ҳеч қандай садо чиқмади. Лекин у менга фақат ғалабага эътибор қаратишни, доим ғалаба ҳақида ўйлашни, ҳар қандай ҳолатни ғолиблик нуқтаи назаридан таҳлил қилишни ўргатганини ҳеч қачон унутмайман.

- «Ўзбек Мессиси» лақаби қаердан келган?

- Италиялик журналистлар мени шундай атай бошлашган. Лекин Лионель Мессига менинг ҳеч қандай алоқам йўқ. Тана тузилишим бўйича ҳам, майдондаги ўйин услубим жиҳатидан ҳам ўхшаш жойимиз йўқ. Месси бу Месси. Ҳозир менинг ҳеч қандай лақабим йўқ - оддий Элдорман.

- Унда кумирингиз ким?

- Болалигимда Дидье Дрогба ва Фернандо Торрес кумирим бўлишган. Айнан улардан нималарнидир ўрганганман ва ҳужумчи сифатида ҳаракатларини тушунишга уринардим. Ҳозир эса, мураббийлар томонидан тақдим этилаётган ҳаракатлар йўналишлари қандай бўлиши кераклиги ва ўйин схемаларини ўзлаштиришга эътибор қаратяпман. Айниқса, Клаудио Раньеридан кўп нарса ўрганаман.

«КАЛЬЯРИ»ДА ҲАМ 61-РАҚАМ ОСТИДА

Championat.asia журналисти Толибжон Қосимовнинг хабар беришича, яқинда «Кальяри» сафига қўшилган миллий жамоамиз сардори Элдор Шомуродов яна 61-рақамни танлади. Ҳамюртимиз Италиядаги биринчи клуби - «Женоа»да айнан шу рақам остида тўп сурганди. Айтганча, Элдор «Комо»га қарши кечган ўртоқлик ўйинида 34-рақамли футболкада майдонга тушганди.

 А.АҲМЕДОВ тайёрлади