Елизавета II билан видолашиш учун навбат...

Елизавета II билан видолашиш учун навбат...

Англия футболи афсонаси Дэвид Бекхэм марҳум қиролича Елизавета II билан видолашиш учун нақ 13 соатдан ортиқ навбатда турди

 Таъкидланишича, Англия миллий жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси маҳаллий вақт билан тахминан соат 02:15да узундан-узун навбат қаторига қўшилган ва чамаси соат 15:25да қиролича тобути олдига етган.

Дэвид Бекхэмнинг ўзи шунча навбат кутганини оддий изоҳлади: «Кутиш қийин, лекин чидаш мумкин. Принглс едик, шербет лемонс бор, сендвич ва қаҳва ҳам. Роялчилар оиласида улғайганман. Мени шундай тарбиялашган: агар бувам ва бувим тирик бўлганларида, улар ҳам шу ерда навбат кутишарди - бунга ишончим комил. Хуллас, бу ерда марҳум бувам-бувим, оилам ва албатта, яқинларим номидан турибман. Омади чопган инсонман. Англия миллий жамоаси сардори сифатида мамлакатим шарафини ҳимоя қилдим ва марҳум қиролича билан кўп марта кўришиш бахтига муяссар бўлдим. Ҳар доим терма жамоа либосида майдонга тушганимда, қўлимда сардорлик боғичи бўларди ва ҳаммамиз дуо қилардик - «Яратган, қироличани ўзинг асра». Бу биз учун катта аҳамият касб этган. 

Мен учун энг муҳим лаҳзалардан бири - Елизавета II қўлидан Британия империяси орденини олганим. Ўшанда шунчаки, мукофот олгани чиқмаганман, Ҳазрати олиялари билан дилдан гаплашганман, у менга саволлар берганди. Ҳаётимда шундай дамлар бўлгани - менинг омадим».

Дэвид 13 соат навбат кутганига қарамай, «оёқлари жойида» эканлигини қўшимча қилди. Эслатма, 2003 йили унга Британия империяси орденини марҳум қироличанинг шахсан ўзи топширганди.