Эронлик ёшлар Қатар ва Парижга бормайдиган бўлишди-я... Кеча ҳакамлар катта хато қилишди, лекин...

Эронлик ёшлар Қатар ва Парижга бормайдиган бўлишди-я... Кеча ҳакамлар катта хато қилишди, лекин...

Қатарга борадиган 16 та жамоа номи аниқ бўлди, аммо...

Хабарингиз бор, Осиё кубоги U23 саралаш босқичи якунларига кўра, 2024 йилнинг апрель-май ойларида Қатарда бўлиб ўтадиган мусобақанинг финал босқичида иштирок этадиган 16 жамоа номи маълум бўлди. Эътиборлиси, мезбон Қатар, 11та гуруҳ ғолиби ва 2-ўринлар орасида энг яхши натижага эга 4 жамоа орасида сўнгги сонияларгача бўлиб турган Эрон олимпия жамоаси мусобақанинг 16-иштирокчиси бўла олмади. 

aYIGO5QkAtmMuQuuvdDnCmG7t1jroF.jpg

Форслар 2-ўриндаги энг яхши натижага эга жамоалар орасида Малайзия билан бир хил натижа қайд этгач, регламентга кўра, жамоаларнинг сариқ карточкалари сарҳисоб қилинди ва интизомсизлик Эронга панд берди. Афсуски, улар 3 ўйинда 9 марта огоҳлантирилган, Малайзияда эса 4та сариқ карточка бор эди. 
Бу устунлик Малайзияга сўнгги 16-йўлланмани тақдим этди ва форслар аламли тарзда финал босқичига чиқа олишмади.
***
Айтганча, Осиё кубоги U23 саралаш босқич 3-тури доирасидаги Ўзбекистон ва Эрон олимпия жамоалари ўртасидаги баҳсда суриялик ҳакам Ҳанна Ҳаттоб футбол қоидаларига зид хатога йўл қўйди.

Учрашувнинг 40 ва 90-дақиқасида Ўзбекистон олимпия жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга сариқ карточка кўрсатилган бўлса-да, суриялик бош ҳакам футболчимизни қизил карточка билан майдондан четлатмади. Қанот ва захирадаги ҳакамлар ҳам қўшимча дақиқалар якунигача реферининг қўпол хатосини тузатишмади.

Бош ҳакамнинг Абдуқодирга қизил карточка кўрсатмагани сабаби учрашувдан кейинги қайднома эълон қилингач ойдинлашди. У 40-дақиқада сариқ карточкани қўполлик қилган Ҳусановга эмас, адашиб Муҳаммадқодир Ҳамралиев номига ёзиб юборган.

ОФК Ҳакамлар қўмитаси тез орада ушбу вазиятни кўриб чиқиб, ҳакамга нисбатан чора кўриши мумкин.