Эътироф: Буюк тўққизлик!

Эътироф: Буюк тўққизлик!

Лионель Месси ниҳоят, ўз фаолиятидаги кемтик нуқтани ёпди - аргентиналик даҳо хазинасида энди жаҳон кубоги ҳам бор.

 У шу тариқа футбол тарихида 3та асосий соврин (ЕЧЛ ва ЖЧ кубоги ҳамда «Олтин тўп»)га эришган буюк саккизликни тўққизликка айлантирди. Хўш, афсонавий гуруҳ яна кимларни ўз ичига олган?


1. Бобби Чарльтон (Англия) ЖЧ: 1966 йил ЕЧК (ЕЧЛ): 1968 йил  «Олтин тўп»: 1966 йил

Шубҳасиз тарихдаги энг буюк футболчилардан бири. Чарльтон айнан футбол учун туғилганди. У болалигиданоқ Англия миллий жамоасида ўйнашини билган. Машҳурлик бобида эса ҳатто Гарринча ёки Пеледан ҳам қолишмаган. Қисқаси, Чарльтон Англия футболи учун ҳамон бош юлдуз мақомида қолмоқда. Зеро, инглизларнинг ЖЧ-66ни ғалаба билан якунлашларида бош ролни бажарганди. 


2. Герд Мюллер (Германия)   ЖЧ: 1974 йил   ЕЧК (ЕЧЛ): 1974, 1975 ва 1976 йиллар   «Олтин тўп»: 1970 йил

Беҳисоб рекордлар қолдирган бутун тарихдаги энг буюк ҳужумчилардан бири. Герд Мюллернинг баъзи кўрсаткичлари ярим аср давомида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Масалан, ЖЧдаги голлар сони бўйича рекорд узоқ вақт айнан Мюллерга тегишли бўлди. Фақат 2006 йилга келиб, унинг кўрсаткичи Роналдо томонидан янгиланди, кейинроқ Мирослав Клозе рекордни яна Германия томон оғдирди. Энди эса бунга Килиан Мбаппе жуда яқин...

 

3. Франц Беккенбауэр (Германия)   ЖЧ: 1974 йил   ЕЧК (ЕЧЛ): 1974, 1975 ва 1976 йиллар

«Олтин тўп»: 1972 ва 1976 йиллар

Германия футболининг чин жавоҳири. Беккенбауэр - мукаммал либеро намунаси. Бўйи баланд бўлмаган озғин футболчи кўп қиррали ва ғоят ақлли ўйини билан ҳаммани ҳайрат кўчасига киритган. Ўша даврдаги умумий тушунчага мувофиқ, марказий ҳимоячи новча ва кенг елкали бўлиши шарт эди. Франц шу тушунчани йўққа чиқарган ақл бовар қилмас эталондир. У бутун мамлакат футболини ўз ортидан эргаштира олган ноёб ижрочи эди.


4. Паоло Росси (Италия)  ЖЧ: 1982 йил   ЕЧК (ЕЧЛ): 1985 йил

«Олтин тўп»: 1982 йил

Италия футболи тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири. Паоло 1982 йилги жаҳон чемпионатида узоқ вақт ўзига келолмаган, кейин иккинчи гуруҳ босқичида Бразилия термасига қарши кечган ўйинда «хет-трик» қайд этган ва ярим финалда польшаликларни «дубль» билан «сийлаганди». Ўзи афсоналар тарихни шундай ёзадилар.


5. Зайниддин Зидан (Франция)  ЖЧ: 1998 йил   ЕЧЛ: 2002 йил   «Олтин тўп»: 1998 йил

Зиданнинг буюклиги уни амалда кўрган ҳар бир кишига аён. Харизма, ишонч, ўйин интеллекти - барчаси Зизуда мужассам ҳолда намоён бўлганди. У 1998 йили Франция термасининг «олтин» таркибида энг яхши футболчи эмасди, лекин ҳаммасини ўз назоратига олди ватан майдонларида. 2006 йили эса ёлғиз ўзи терма жамоасини ҳал қилувчи ўйинга судраб чиқди. Тўғриси, футбол тарихида ҳеч ким фаолиятига бу қадар драматик тусда нуқта қўймаган бўлса керак.

|
6. Ривалдо (Бразилия)   ЖЧ: 2002 йил   ЕЧЛ: 2003 йил   «Олтин тўп»: 1999 йил

2002 йилги жаҳон чемпионатида охирги марта ғалаба нашидасини сурган Бразилия футболининг буюк триоси айнан Ривалдо билан бошланади. Кўпчилик хулосасига кўра, жамоа­ни «пентакампеон»ликка шу футболчи етаклаган. Роналдо ортида тўп сурган Ривалдо нафақат ном, балки ўйин нуқтаи назаридан ҳам «сўйлоқ»қа идеал тарзда мувофиқ келганди: майдонда «қора ишлар»ни эффектли бажариши билан нафақат рақиб таянч ярим ҳимоячилари, балки бутун жамоаларни сеҳр­лаб, осонгина парчалаб ташлаганди.


7. Роналдиньо (Бразилия)   ЖЧ: 2002 йил   ЕЧЛ: 2006 йил    «Олтин тўп»: 2005 йил

22 ёшли Роналдиньо ЖЧ-2002 вақти футбол дунёсини забт этишга энди-энди чоғланаётганди. Унга фақат барқарорлик ва озгина тажриба етишмасди. Ронни ўйин тарихидаги энг ажиб жарима зарбаларидан бирини қандай амалга оширганини кўпчилик яхши эслайди - тўпни Дэвид Симэн устидан ташлаб қўйганди нақ 35 метр узоқликдан... Ўша ижро ҳурмати ҳам ЖЧда ғолиб чиқмаслик жиноят ҳисобланарди.


8. Кака (Бразилия)  ЖЧ: 2002 йил  ЕЧЛ: 2007 йил  «Олтин тўп»: 2007 йил

Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг олтин давридан олдин «Олтин тўп» ютган сўнгги футболчи. Кака 2002 йилги ЖЧни фао­лиятидаги энг муҳим турнир сифатида тилга олади, ваҳоланки, Бразилия миллий жамоа асосий таркибига кириш учун ёш эди. Айтишича, дебют ЖЧдаги ҳис-ҳаяжоннинг ўзи ҳеч қачон унутилмайди.


9. Лионель Месси (Аргентина)  ЖЧ: 2022 йил  ЕЧЛ: 2006, 2009, 2011 ва 2015 йиллар     «Олтин тўп»: 2009, 2010, 2011, 2012, 2015, 2019 ва 2021 йиллар 

Футбол даҳоси мақомига муносиб натижалар, рекордлар, совринларбуларнинг барчаси Лионель МессиОчиғи, шундай беназир футболчи жаҳон чемпиони бўлолмаганида, адолат бузиларди гўё. Мана, Лео энди буюк тўққизликда! Аргентина фахри бу гуруҳга мутлақо ярашади, албатта.

ДарвоҚЕ...

90min футбол тарихидаги энг яхши футболчилар рейтингини янгилади. Унда Лионель Месси бразилиялик Пеле ва ҳамюрти Диего Марадонадан ўзиб, 1-ўринга кўтарилди. Криштиану Роналду эса ҳамон кучли 10таликда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади