ЭЪТИРОФ: Чарчоқ билмас оқсоқол

ЭЪТИРОФ: Чарчоқ билмас оқсоқол

Ҳаётининг бешинчи ўнталигини майдалашга улгурганига қарамасдан, 41 ёшли афсонавий Роке Санта Крус ёш жамоадошлари ва мухлисларга ўзига хос «мастер-класс» намойиш этишда давом этмоқда.

Шу йилнинг 13 августида у жарима майдончаси яқинида рақиб ҳимоячисини алдаб ўтди, кейин зарба йўллашга чоғлангандек ҳаракати билан яна икки нафар рақибини ортда қолдирди ва тўпни дарвозага йўллади. Мухлисларни қўяверинг, ҳатто шарҳловчи ҳам фахрийнинг фантастик голи таъсирида бўкириб юборганини сезмай қолди.

Энди энг муҳими - мазкур суперголни Роке «Бавария» ёки «Блэкберн» сафида эмас, Парагвай олий лигаси вакили «Либертад» таркибида амалга оширди. Ҳужумчи шу тариқа ўзининг 41-туғилган кунига муносиб совға тайёрлаганди.

Санта Круснинг амалдаги шартномаси шу йил охирида ниҳоясига етади. Бироқ Роке яшил майдонни тарк этишни хаёлига ҳам келтирмаяпти. «Йил якунида хайрлашув учрашуви? Узр, бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрмадим», - деди футболчи юбилейга бағишланган базмдан кейин.

2016 йилда ватанига қайтган фахрий 1-2 мавсумдан кейин фаолиятини якунлаш ниятида эди. Лекин иштаҳа тамадди чоғида очилганидек, ҳар йили шартномани янгилаш у учун одатий ҳол бўлиб қолди. Қизиғи шундаки, «Бавария» ва «Манчестер Сити»нинг собиқ юлдузи шу ёшда ҳам ўртача икки ўйинда битта гол уришни уддаламоқда.

У чиндан ҳам кўп гол урадими?

Сермаҳсул статистика - ҳужумчини яшил майдонга жалб этаётган яна бир омил. 2018, 2019 ва 2020 йилларда Санта Крус чемпионатнинг ўзида 56та гол урди. 2021 йилда муайян сабабларга кўра, кўрсаткич пасайиб кетди. Лекин бу йил фахрий ҳаммасини ўрнига қўйди.

Энди Рокега тегишли статис­тик маълумотлар билан танишинг:

• 2016 йилда Санта Крус дастлабки 3та ўйинда «Олимпия»га биттадан гол совға қилди;

• 2018 йилда яна 3 учрашувли голлар сериясини такрорлади;

• 2018 йилдаги «Депортиво Капиата»га қарши баҳсда покерга эришди;

• 2019 йилда 17 учрашувда 12та гол урди;

• 2019 йил мавсумини ўта муваффақиятли якунлади: ашаддий рақиби - «Серро Портеньо» дарвозасини 4 марта забт этди, биттадан хет-трик ва дублга эришди;

• 2019 йилдаги 26та гол - Санта Крус фаолиятидаги рекорд кўрсаткич. Бунга қадар ҳужумчи «Блэкберн»га 19та гол (2007|08) келтирганди;

• Сермаҳсул серия 2020 йилда ҳам давом этди: Роке икки марта қаторасига 5тадан учрашувда (2 серияда 7тадан гол) рақибларини ранжитди;

• Шу йилнинг июлида Либертадорес Кубогида «Атлетико Паранаэнсе» дарвозасига гол уриб, нуфузли турнир рекордини янгилади - ундан аввал 40 ёшли ҳеч қайси футболчига бу турнирда гол уриш насиб этмаганди;

• «Либертад»даги охирги 7 беллашувда Роке 5та гол урди. Маълумотни сизга етказгунимизга қадар яна гол урган бўлса, ажабмас.

Балки бу юксак натижалар Парагвай чемпионатининг нисбатан заифлиги билан боғлиқдир? Бу масалада Параг­вай футболи бўйича эксперт Ральф Аннага мурожаат қилдик:

«Парагвай чемпионатининг савияси - улкан баҳс-мунозарали мавзу. Ўйлайманки, футболимиз пандемиядан сезиларли жабр тортди. Бразилия футболи мавқеидаги сезиларли ўсиш Либертадорес Кубоги беллашувларида бизнинг жамоаларимиз аввалгидек муносиб рақобат қила олмаётганликларини кўрсатиб берди.

Лекин бу пасайиш Роке Санта Круснинг қудратига соя сола олмайди: унинг жисмоний имкониятлари шунчалик юқорики, рақиблариникидан асло кам эмас. У Европадан қайтган Дерлис Гонсалес («Бенфика», «Базель», «Динамо,К»ларнинг собиқ аъзоси), Лоренцо Мельгарехо ва Оскар Кардосо («Бенфика», «Трабзонспор», «Олимпиакос») лар билан бемалол беллаша олади».

Дарвоқе, Мельгарехо ва Кардосо - Рокенинг «Либертад»даги жамоадошлари.

Анна Парагвайни бежизга Бразилияга таққосламади: 2022 йилда Либертадорес Кубогига Бразилиянинг 5та клуби чиқди, Парагвайдан эса фақат «Либертад» плей-офф­га чиқиб, 1|8 финалда «Атлетико Паранаэнсе»дан енгилди. Ҳатто қаҳрамонимизнинг голи ҳам жамоани умумий мағлубиятдан (1:2, 1:1) қутқара олмади.

Хуллас, нуфузли мусобақанинг қаторасига 8-финали ҳам Парагвай клубининг иштирокисиз ўтадиган бўлди. Ваҳоланки, яқин ўтмишда вазият ёмон эмасди: 2013 йилда «Олимпия», 2014да «Насьонал» ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушишганди.

Парагвайлик иқтидорлар борасида Европадаги скаутлар Санта Крусга муражжат қиладилар:

«Европадан жуда кўп қўнғироқлар бўлди. Айниқса, Боберто Моралес бўйича. У ҳозир тиззасидаги жароҳатини даволаш билан машғул. Лекин Европада тўп суриш имконияти йўқолган эмас» - дейди Роке.

Уйга футболдан зериккан ҳолда қайтганди. Лекин сўнган иштиёқни уйғотди. Энди ёшларни беллашувга чорлаяпти

Парагвайлик афсона ватанига 6 йил аввал, Мексикадаги ажабтовур саёҳатдан кейин қайтганди. 2015 йилда «Крус Асуль» уни 2 млн. еврога «Малага»дан сотиб олган, ярим йилдан кейин испанларга ижарага берганди. Яна 6 ойдан кейин ҳужумчи она юртига йўл олди.

Роке Санта Круснинг фаолияти чиндан ҳам азоб-уқубатларга бой. Европадаги барча клубларида уни турли шикастланишлар таъқиб этди: Англияда 329 кун, Испанияда 209 кун давомида ўз жамоаларига ёрдам бера олмади.

Парагвайда ҳам қаҳрамонимиз мунтазам ўйнай олмади - «Олимпия»нинг 39 ёшли етакчиси 2021 йилда 16 учрашувда жароҳат туфайли майдонга туша олмади. Ҳатто ковид карантини даврида ҳам фахрий кучли иштиёқи эвазига юксак спорт формасини йўқотмади: уйида ҳаркуни 2,5 соатдан машқ қилиб, кейин рўзғор юмушларига ёрдамлашарди. қўшимчасига, Рокега яшил майдондаги муваффақиятлар қўшимча куч ва илҳом бахш этарди. Унинг иштирокида «Олимпия» 6 йилда 5 марта шоҳсупага кўтарилди ва Парагвай Кубогини қўлга киритди. Шундай натижага у «Бавария»да ҳам эришган бўлсада, ўз юртида эришилган ютуқлар даврини у фаолиятининг энг ёрқин саҳифалари сифатида эътироф этди.

«Мана шу совринлар футболга бўлган иштиёқимни ошириб, яшил майдонга етаклайди. Мана шу лаззатни йўқотмаслик учун бор кучимни машғулотлар ва ўйинга сарфлайман», - деганди ҳужумчи ўтган йили Кубокни қўлга киритганида. 

Қизиғи шундаки, 2016 йилдан кейин Санта Крус ҳар йили таътилга отланаётганида келажаги хусусида аниқ маълумот бермас, фақат бу масалани пухта ўйлаб кўриши кераклигини айтарди. Таътилдан эса қуйидаги хабар билан қайтарди: «Фаолиятимни юксак савияда давом эттира олишимдан бахтиёрман, яна бир йил ўйнашга тайёрман».

Дарҳақиқат, парагвайлик афсона кўпчилик касбдошлари каби клуб тизимидан бирорта лавозимни эгаллаб олиб, маошини тинчгина кутиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди, ҳалол тер тўкишни ва шунга яраша ҳақ олишни истайди. Футбол унинг ҳаёти десак, асло муболаға бўлмайди. Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан ва миллий терма жамоанинг энг яхши тўпурари унвонига сазовор бўлган 40 ёшли фахрийнинг сўзларига эътибор беринг:

«Ҳамонки майдонда эканман, клуб рамзи мақомида эътироф этишларини истамайман. Фаровонликда ҳаёт кечириш - мен интилган мезон эмас. Жамоада эканлигимнинг асосий сабаби ёшларга ёрдам бериш эмас. Аксинча, улардан мен учун мураккабликлар яратишларини кутаман. Ҳеч қайси футболчи фақат ёшроқ бўлганлиги учунгина ўйнамаслиги керак. Менга «жамоада қанча ўйнамоқчи бўлсанг, бемалол ўйнайвер» дейишларини ёқтирмайман. Машғулотларга зўр бериб, янги марраларга интилмаганимда, рақобатчилик хислатини аллақачон бой берган бўлардим».

Афтидан, шу кетишда Роке қачонлардир ўз набираси билан битта жамоада тўп суришни кутаётгандек.

Содиқ СОБИР