Жорий мавсумда Портудан кичик ҳисобдаги мағлубият билан қайтган «Арсенал» «Эмирейтс»да йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониб, кейин финалгача етиб борса, буни исботлаган бўлади.
«Аждаҳолар» дарвозабони Диогу Кошта Артета жамоасига қарши дуэлда ғолиб чиқиш имконияти йўқ эмаслигини таъкидлаганди: «Албатта, «Арсенал»да ҳам заиф жиҳатлар йўқ эмас. Лекин биз қандай услубда ўйнашимизни айтмайман. Агар улар ЕЧЛда ғолибликка даъвогар бўлсалар, бизга ўз салоҳиятларини намойиш этишлари керак».
«Тўпчилар»нинг тажрибали мухлислари жамоанинг ЕЧЛ ғолиблиги мавзусига эҳтиёткорлик билан ёндашадилар. Чунки суюкли клублари ўз тарихида атиги бир марта финалга етиб боргани ва таркибида Роналдиньо ва Хенрик Ларссондек афсоналари бўлган «Барселона»ни енга олмаганликларини яхши биладилар. Лекин умид ва ижодий иштиёқ барҳаёт. Шунингдек, сўнгги йилларда юзага келган анъана ҳам «Арсенал» фойдасига ишлашига шубҳа йўқ.
2017 йил баҳори - «Ювентус» «аждаҳолар» тўсиғидан ўтди
ЕЧЛда қуръа муҳим аҳамиятга эга. «Порту» билан орани очиқ қилиш чеки «кекса синьора»га плей-офф босқичининг дастлабки раундида тушди. Бу борада омад туринликлар томонида бўлди. Улар «ПСЖ», «Реал», «Бавария» ёки «Манчестер Сити»га дуч келишлари мумкин эди. Тақдир эса уларга ўз гуруҳида 1-ўринни «Лестер»га бой берган «Порту»ни рўпара қилди. Сафарда Аллегри шогирдлари мезбонлар вакили Теллес майдондан четлатилганидан кейин 2та гол уришга муваффақ бўлдилар. Туринда эса Дибаланинг голидан кейин хотиржам тўп суришди. Қизиғи, Теллес жавоб учрашувида ҳам қизил карточка олди. Кейин «Юве» «Барселона» тўсиғидан ўтди, ярим финалда Мбаппенинг «Монако»сидан устун келди, финалда совринни «Реал»га бой берди.
2018 йил баҳори - «Ливерпуль» «Порту»ни маҳв этди
Эслатиб ўтамиз, 2007 йилдан бери ЕЧЛ финали орзу бўлиб қолаётганди. Қўшимчасига, чемпион ҳам бўлмаган, Клопп даврида ЕЛ Кубогини «Севилья»га ҳадя қилганди. Гарчи ван Дейк 1 январда келган бўлсада, унинг ташрифи жамоага қанчалик самара келтиришини ҳеч ким тасаввур қилолмасди. Бироқ «Порту»га дуч келган палла ЕЧЛ ғолиблигига ташна бўлган «қизиллар»га қандайдир ишонч, хотиржамлик бағишлади. Клопп шогирдлари рақиб дарвозасига 5та жавобсиз гол уришди, кейин «Манчестер Сити»ни, унинг ортидан Алиссондек қўриқчиси бўлган «Рома»ни тиз чўктиришди. Фақат финалда кутилмаган омадсизлик рўй берди - Рамос Кариусга жароҳат етказди, Бензема кипернинг хатоси туфайли гол урди, кейин Бэйл 2 марта дарвозани забт этди.
2019 йил баҳори - «Ливерпуль» яна зафар қучди
Бу сафар «Порту»га қарши беллашув Клопп жамоасига шунчаки, навбатдаги финални эмас, балки нуфузли турнир ғолиблигини ҳам туҳфа этди. Боз устига, «қизиллар» таниш рақибларига қарши майдонга тушишдан аввал, 1-раундда «Бавария»дек даҳшатли даъвогарни томошабинга айлантиришди, кейин «Рома»ни мусобақадан четлатган «аждаҳолар» билан куч синашишди. Заиф жамоанинг чорак финалга чиқиши - ўта камёб ҳолат. Бироқ Клопп Консейсау жамоасини пухта ўрганиб чиққанди. «Энфилд»даги баҳсда Кейта ва Фирминонинг аниқ зарбалари ишончли ғалабани таъминлади, «Драгау»да эса мухлислар мезбонларнинг йирик (1:4) мағлубиятига гувоҳ бўлдилар. Қизиғи, «Ливерпул»нинг ҳужумчилар учлиги - Мане, Салоҳ ва Фирмино биттадан гол уришди, ван Дейк сўнгги нуқтани қўйди. Ҳозир «Реал»да тўп сураётган Эдер Милитаонинг аниқ зарбаси эса шунчаки, юпанч голи бўлди. Кейин «Ливерпуль» «Барселона»га қарши ярим финалнинг жавоб учрашувида 0:3 ҳисобини ғалабага айлантириб, тарихий камбэкни қайд этди. Мадриддаги «Тоттенхэм»га қарши ҳал қилувчи баҳс эса «қизиллар»ни шоҳсупага олиб чиқди.
2021 йил баҳори - «Челси» «Порту»ни «синдирди»
2020 йилда «Порту» ЕЧЛнинг плей-офф босқичига чиқа олмаган. Сабаби, гуруҳ босқичидан аввал уни «Краснодар» мусобақа билан хайрлашишга мажбур этганди. Лекин бир мавсумдан кейин «аждаҳолар» яна топ,клублар рўйхатидан жой олишди. Консейсау жамоаси ўз гуруҳида «Манчестер Сити»дан 3 очкога ортда қолган ҳолда 2-ўринни банд этишди. У ёғига «Порту» сафарда урилган голлар эвазига «Ювентус»дан устун келди. Лекин чорак финалда «Челси»ни енга олмади. Тухелнинг жамоаси плей-офф босқичининг фаворити бўлмасада, «Атлетико»ни маҳв этган, Нголо Канте ва шерикларининг шиддати эвазига «Порту»ни умумий 2:1 ҳисобида енгди Кейин ярим финалда «Реал»ни тўхтатиб, ҳал қилувчи баҳсда яққол фаворит бўлмиш «Манчестер Сити»дан совринни тортиб олди. Ўша даврда Гвардиола жамоасига сермаҳсул Холанд етишмаганди.
2023 йил баҳори - «Интер» «Порту»дан чўчимади
Айни паллада «аждаҳолар» тўсиғидан ўтиб, финалгача етиб келган жамоалар 2 марта рақибларидан устун келиб, 3 марта мағлубиятни тан олишган. Лекин ўтган йили Симоне Инзаги раҳбарлигида «нерадзурри» «Манчестер Сити»га қарши баҳсда овертаймларга яқин келганди. Дарвозабон Эдерсон ўйинга қўшилиб, жамоадошларига ёрдам беришига тўғри келди. Плей-офф босқичида камерунлик посбон Онана ҳам очилиб, Миланда Манчестердагидан ишончлироқ ўйнади. Бироқ «Интер» худди «Челси» каби финалга чиқиш учун асосий даъвогар эмасди. Қуръада омад Италия клуби томонида бўлди - гуруҳдан 2-ўрин билан чиққан жамоа «Порту»га дуч келди. Кейин Инзаги шогирдлари «Бенфика» ва «Милан» тўсиқларини бартараф этишди. Бу ёқда эса «Сити» финал йўлида «Бавария» ва «Реал» қаршилигини синдиришга мажбур бўлди. Қайси йўл машаққатлироқ эканлиги яққол кўриниб турибди.
2024 йил баҳори - «Арсенал» Спортинг»ни унутмаган
Нафақат диндорлар, футболчилар ҳам ўта иримчи бўлишади. ЕЧЛ нимчорак финалининг дастлабки беллашувида рақиблари дарвозасини ишғол этган Арнаутович («Интер») ва Мален («Боруссия Дортмунд») голдан кейин чўқиниб олишди. Марко илоҳий кучларга миннатдорчилик билдирган бўлса, Мален прессинг туфайли қадрдон жамоаси бўлмиш «ПСВ» дарвозасига йўллаган ноаниқ зарбалари учун узр сўради. Артета, «тўпчилар»нинг барча аъзолари ва минглаб мухлислар ҳам ўз эътиқодлари ва таомилларига эгалар. Инсон мияси ўхшаш воқеаларни илиб олади, «Порту»дан ўтган жамоанинг финалга етиб бориши - сўнгги мавсумларда ЕЧЛда кузатилаётган энг ажиб ҳодисалардан бири эканлигига шубҳа йўқ.
Агар бадавлат «Арсенал» қадрдон шаҳридаги «Уэмбли» стадионида майдонга тушишга муваффақ бўлса, «Порту» 7 мавсум давомида 6-финалчига омад келтирган бўлади. Ёки финалда «Порту»нинг ўзини кўрамизми? Ёки у «тўпчилар»ни енгиб, бўлажак ғолибга дуч келадими? Яқин кунлар ичида буни билиб оламиз. Артета эса хотиржамликка берилмаслиги, бўшашмаслиги лозим. Ахир унинг жамоаси ўтган мавсумда Португалиянинг «Спортинг»идан енгилиб, ЕЛ турнирини барвақт тарк этганди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади