Эътироф: Дунёнинг энг қимматбаҳо дарвозабони

Эътироф: Дунёнинг энг қимматбаҳо дарвозабони

Сарлавҳани ўқигач, қайси посбон хаёлингиздан ўтди?

Жанлуижи Доннарумма ёки Эдерсонми? Балки Тибо Куртуа, балки Марк-Андре тер Штегендир? Ажабланарли, лекин улар эмас. Ҳатто Майк Меньян, Алисон ва Ян Облак ҳам эмас. Гап «Порту» посбони Диогу Кошта ҳақида бормоқда.

Диогу Кошта ким ва у қандай натижаларга эришган?

«Трансфермаркт» рўйхатида Коштадан ташқари Доннарумма, Меньян ва Куртуалар баҳоси 45 млн. евро қилиб белгиланган. Бироқ портал айнан португалиялик посбонни етакчи сифатида эътироф этган. Диогу - Доннарумманинг тенгдоши (24 ёшда). Бироқ Жижи «Милан»даги дебютини 2015 йилда нишонлаган бўлса, Диогу 2019 йилнинг кузида «Порту»нинг асосий таркибида майдонга тушди. Бунгача посбон «аждаҳолар» ўринбосарлари шарафини 2-лигада ҳимоя қилди, ўсмирлар ЧЛда майдонга тушди, турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларда тўп сурди. Қисқаси, тажриба тўплаш учун етарли ўйин амалиётига ва совринларга эга бўлди. 2016 йилда Кошта 17 ёшгача бўлган ўсмирлар жамоаси қитъа чемпионлиги ва энг яхши дарвозабон унвонларини қўлга киритганди. Ўшанда Диогу 6та ўйинда атиги битта гол ўтказиб юборганди. Лекин Испанияга қарши финалдаги ўша голдан кейин, пенальтилар сериясидаги ажо­йиб сэйви билан айбини ювганди. Шунингдек, 17 ёшли Диогу 2016 йилда 19 ёшлилар терма жамоаси сафида ҳам 2 марта майдонга тушди.

Янги йил - янги марралар

U19 термаси билан Кошта Европа чемпионатининг кумуш медали ва рамзий терма жамоа сафидан жой олишга сазовор бўлди. 20 ёшлилар жамоасида эса ЖЧнинг чорак финалига кўтарилиб, пенальтилар сериясида Уругвайга имкониятни бой берди. 2018 йилда Диогунинг термаси аввалги натижани яхшилаб, Европа чемпиони бўлди.

Клуб миқёсида Кошта «Порту» билан ўсмирлар ЧЛда ғолиб чиқди, финалда «Челси»ни 3:1 ҳисобида маҳв этди. 2019Ғ20 йиллар мавсумида анчайин улғайган посбон Португалия ва лига кубоги мусобақаларида асосий жамоа таркибидан жой олди, кейинги мавсумда эса катталар ўртасидаги ЕЧЛда дебютини нишонлади.

2021 йил ёзида Кошта U21 терма жамоаси билан Евро финалигача етиб борди, рамзий терма жамоа таркибидан жой олди. Ўша турнирдан ке­йин Диогу «Порту»нинг асосий дарвозабонига айланди. Шундан кейин навбат миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилишга келди. Ёш посбон тез орада «Лион»даги Антони Лопеш, «Рома»даги Руи Патрисиу, «Бетис»даги Руи Силва, «Вулверхэмптон» посбони Жозе Садан устун эканлигини исботлади. Қатар мундиалидаги барча беллашувларда Португалия шарафини Кошта ҳимоя қилди. Ундан аввал дарвозабон 2 марта ички чемпионатда шоҳсупага кўтарилди. Қўшимчасига, мавсумдаги 15та учрашувни «қуруқ» ўтказиб, лиганинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди.

Кейинги мавсумда «Порту» чемпионликка эриша олмаган бўлсада, Диогу ишончли фаолиятини давом эттирди: пенальтини ҳисобламаганда, ўз дарвозасидан 15та тўп ўтказиб юборди. Дарвоқе, 11 метрли жарима зарбалари ҳақида. Ўтган йилдаги ЕЧЛда Диогу бирданига 2та рекорд ўрнатди:

• Турнир давомида 3та «нуқта»дан йўлланган зарбани бартараф этди;

• Битта учрашувда пенальтини қайтарди ва самарали узатмани амалга оширди.

Диогу Коштанинг  устунлик жиҳатлари

11 метрли жарима зарбаларини қайтариш - Диогунинг асосий «фишка»ларидан бири. Унинг дарвозаси томон йўлланган 35та зарбанинг 11таси (31 фоизи) самарасиз бўлди.

Коштанинг яна бир ажойиб қобилияти - оёқлари билан тўп суриш. Ўта совуққон Диогу прессингдан қўрқмайди, жамоадошларининг бўшлиққа ўтишларини кутади. Худди марказий ҳимоячидек ўйнайдиган посбон жуда кўп вазиятларда шерикларининг камчиликларини тузатади.

Шу билан биргаликда, Кошта ўзининг асосий вазифасини унутмайди, чаққонлиги эвазига касбдошларига нисбатан кўпроқ сэйвларни амалга оширади. Бундан ташқари, тезкорлиги эвазига рақибларини у билан яккама,якка вазиятга чиқиш имкониятидан маҳрум этади.

Коштанинг юксак салоҳияти грандлар эътиборида:

• 2022 йил ноябрида «Порту» Диогуни 75 млн. евродан камига сотмаслигини билдирди, баҳо «МЮ»ни қониқтирмади;

• Шу йилнинг январида «Бавария» «МЮ»нинг таклифини такрорлади ва айнан шундай жавобни олди;

• Июнда «МЮ» яна баҳони пасайтиришга уриниб кўрди, натижа бўлмагач, Андре Онанани харид қилди;

• «МЮ» билан параллел равишда «Челси» ҳам курашга киришди. Бироқ «Порту» 75 миллионни бирданига тўлиқ тўлашни талаб қилди, «Челси» талабни бажара олмади.

Учта вариант барбод бўлди. Лекин дарвозабон топ-клубда ўйнашга улгуришини яхши билади: «Севимли жамоа шарафини ҳимоя қилиш - бахт ва шараф! Кетишим ҳақидаги гап-сўзлар жуда кўп, бироқ шартномам 2027 йилгача мўлжалланган».

Ҳақиқат юзасидан олганда, Диогу ўта жиддий хатоликларга ҳам йўл қўйган: энг асосийлари - ЖЧ-2022 доирасидаги Гана ва Марокаш терма жамоаларига қарши беллашувларда. Бироқ унинг юксак салоҳияти бу камчиликларни ювиб юборди, ҳозир экспертлар уни Доннарумма, Куртуа ва Меньянлар билан ёнма-ён қўйишмоқда. «Порту» эса ўз қадрини билади, у жуда юқори. Лекин Коштанинг топ-лигага ўтиши ҳам эртами-кечми, юз бериши аниқ. Янги иш жойида унинг айрим камчиликларига барҳам берилса, узоқ йиллар давомида янги Икер Касильяс мақомида тўп суришига шубҳа йўқ. Айтганча, фаолиятини Португалияда якунлаган Икер навқирон Диогунинг тараққиётини бевосита ўз кўзлари билан кузатиб борган. Афсонавий дарвозабон 2018 йилда ёш ҳамкасби маҳоратига юксак баҳо берганди: «Бу ерда янги юлдуз кўтарилмоқда. Унинг исм-шарифи Диогу Кошта. Ўйлайманки, ундан ўта моҳир дарвозабон чиқади».

Орадан 5 йил ўтди, ҳозирча афсонанинг башорати ўзини тўлиқ оқламоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади