Эътироф: У бизнинг сайёрадан эмас

Эътироф:  У бизнинг сайёрадан эмас

Ажойиб факт: Эрлинг Холанд ЧЛда 12та клубга қарши ўйнаб, улардан атиги 2таси дарвозасига гол урмаган, холос.

Мана, «Манчестер Сити» ҳужумчиси мавсум-2022|2023 гуруҳ босқичи 2-турида собиқ клуби - Дортмунд «Боруссия»сини ҳам аягани йўқ. Оддий айтганда, Холанд ЧЛда 21-ўйинини ўтказиб, голлари сонини 26тага етказиб қўйди. Фантастик статистика!

Дортмунд «Боруссия»си ЧЛда Эрлинг Холанддан гол қабул қилган 10-клуб бўлди. Умуман, норвегиялик голеадор турнирда жами 12та клубга қарши майдонга тушган. Демак, ҳозирча атиги 2та жамоа унинг голидан омонда. Булар - «Аякс» ва «Манчестер Сити». Эрлинг ўтган мавсум «Аякс»га қарши 1та ўйинда иштирок этди ва унда ҳужумчининг собиқ жамоаси «Боруссия» 0:4 ҳисобида «куйиб» қолди. Норвегиялик футболчи Амстердам дружинаси билан бўлган иккинчи ўйинда эса жароҳат туфайли четда қолди. «Манчестер Сити»га келсак, Холанд мавсум-2020|2021 1|4 финалида ҳозирги клубига қарши 2 бора майдонга тушди. Уларда «шаҳарликлар» бир хил - 2:1 ҳисобида устун келишди, Холанд эса гол уролмади. Тўғри, у биринчи тўқнашувда самарали узатма муаллифига айланган эди.

Айтганча, «ПСЖ» ҳужумчиси Лионель Месси гуруҳ босқичи 2-турида «Маккаби» Т-А. дарвозасига гол уриб, ЧЛ рекордини янгилади. Аргентиналик юлдуз турнирда жами 39та клубни гол билан «сийлаган». Қаранг, 22 ёшли Холанд ЧЛдаги 21та ўйиндаёқ аллақачон 10та «қурбон» рақиб тўплади. Ҳа, шу кетишда Мессининг рекорди омонат...