ЎФА раҳбарияти олимпиячилар(U23)имиз билан учрашди

ЎФА раҳбарияти олимпиячилар(U23)имиз билан учрашди

Бир неча кунлардан сўнг Қатар майдонларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги баҳслари старт олади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси гуруҳ босқичида Малайзия, Қувайт ва Ветнам жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
u23boss.jpg

Бугун ЎФА Президенти Абдусалом Азизов ушбу муҳим турнир олдидан Ўзбекистон U-23 терма жамоаси аъзолари билан учрашди. Футболимиз раҳбари ёшларимиз олдида турган ушбу мусобақанинг масʼулияти ҳақида фикр билдирар экан, мусобақада жамоамизга шахсан Президентимиз ҳам катта қизиқиш билан мухлислик қилаётганини айтиб ўтди. Ўзбек футболи тарихида илк бора Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиб, бутун халқимизга байрам ва хурсандчилик тақдим этиш имконияти мавжудлиги, бу борада жамоанинг потенсиали етарли эканлиги айтилди. Энг муҳими — жамоада ғалаба руҳи борлиги ҳамда жанговар таркиб йиғилгани қайд этилди. 

Жамоа бирдам бўлиб, интизомли ўйин кўрсатган ҳолда юрт обрўсини муносиб ҳимоя қилиши кераклигини таъкидланди. 

Ўз ўрнида жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ҳам фикрларини билдириб ўтишди. Абдусалом Азизов мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашди. Тиббий штаб томонидан футболчиларнинг соғлиги, тикланиши ва витаминизациялаш жараёни борасида маʼлумотлар эшиттирилди. ЎФА Президенти футболчиларга энг замонавий, юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттиришга кўрсатма берди.

Учрашув якунида Абдусалом Абдумавлонович масъулиятли турнир олдидан жамоамизга яна бир бор омад тилади.