Никола Лазаревич: "Сиз ("Навбаҳор") бу тарзда чемпион бўлишга лойиқ эмассиз..."

Никола Лазаревич: "Сиз ("Навбаҳор") бу тарзда чемпион бўлишга лойиқ эмассиз..."

Суперлиганинг 19-турида «Қизилқум» «Навбаҳор»га қарши баҳсда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Никола Лазаревич матбуот анжуманида иштирок этди ва қуйидаги тарзда ўз тассуротлари билан ўртоқлашди...

Ўйин ҳақида

Биласизми, шуни таъкидлашим керакки, мавсум олдидан «Навбаҳор»нинг ўйинларини, тайёргарлигини томоша қилганимдаёқ уларни чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири деб айтгандим. Буни тан олишим лозим. Аммо бундан кейин нималар юз бергани борасида саволлар бор. Охирги уч ўйинда ҳакамлик борасида тушунарсиз саволлар кўпайиб кетмоқда. Бу ерда ҳакамлик қандай бўлса шундай. Бу ҳаммага аён. Ўзбекистонликларнинг барчаси бу ердаги ҳакамлик қандай эканлигини яхши билади.

Бугунги ўйинга келсак, бизга қийин бўлишини олдиндан билгандик. Икки сафардан бери буни кўрмоқдамиз, учинчисида ҳайрон қолиш шарт эмас. Мен Наманган раҳбариятини ҳурмат қиламан. Сиз бораётган йўл тўғрими? Наманганлик мухлислар, сизларни ҳурмат қиламан, қўллаб-қувватлайман. Сиздан ҳам шуни сўрамоқчиман. Яхши, чемпион бўлишингиз мумкин. Аммо сиз чемпион бўлмоқчи бўлган йўл тўғрими? Сиз бутун мавсум давомида жамоани тортиб юрган айрим кимсаларнинг ёрдамидан кўра анча яхшироғига лойиқсиз.

Майдонда ҳаммаси кўриниб турибди. Видеода ҳам ҳаммаси аниқ кўриниб турибди. Яна бир марта мухлислардан сўрамоқчиман: шу тарзда чемпион бўлмоқчимисиз? Мана шу йўл орқали чемпион бўлмоқчимисиз? Чемпионликка муносиб эканлигингизга умуман шубҳам йўқ. Сизда яхши жамоа, мураббийлар, захира ўйинчилари бор. Чин дилдан гапиряпман. Сиз бу тарзда чемпион бўлишга лойиқ эмассиз.

Ўзбекистонда исталганча чемпион бўлишингиз мумкин, аммо ОЧЛда бундай бўлмайди. Тўғри тушунинг, биз хорижликмиз. Бу ерга ишлаш учун келганмиз. Бу ердаги вазиятни ҳис қилганимиздан сўнг бизда ҳеч қандай умид қолмайди. Пулимизни ишлаймиз ва уйимизга қайтиб кетамиз. Барча муаммолар эса сизлар билан қолади. Бу муаммолар бугун пайдо бўлиб қолмаган буни яхши биласиз. Муаммолар 10, 15 балки 20 йиллик муаммолар.  Мен яна қайтараман, бу ерда истеъдодлар жуда кўп. Миллат сифатида истеъдодларга тўласиз. Сизларга бундай йўлдан юриш керак эмас. Сиз тўғри йўлдан юришингиз, ривожланишингиз керак. Шундагина эртага Осиё чемпиони, Жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлишингиз мумкин.

У айтаётган бошқа йўл қайсилиги ҳақида

Фақат ҳалол футбол. Ҳеч қандай ҳакамларнинг аралашувисиз тоза футбол. Мен шунчаки ўз фикримни айтдим. Бугун борман эртага йўқ. Наманган эмас умуман ўзбек футболи ҳақида гапиряпман. Балки хато қилаётгандирман.

Учрашувнинг 87-дақиқасида «Навбаҳор» жарима майдонида ичида тўп ҳимоячининг қўлига тегди, бироқ ҳакам VARга мурожаат қилиб, пенальти йўқлигини таъкидлади. Навоийликлар бош мураббийи айнан ушбу вазиятни кескин танқид остига олди.
 

P.S   Журналият Фархриддин Рўзиевнинг ёзишича Ўзбекистоннинг энг яхши ҳакамларидан бирига шу савол билан мурожаат қилдик. Дастлаб, трансляцияда кетган кадр билан хулоса бера олмаслигини айтган қаҳрамонимиз бошқа ракурсларни кўрганидан кейин жавоб қайтарди: "Ростан футболчилар ҳавога сакраганида "Қизилқум" вакили "Навбаҳор" ҳимоячисининг елкасига осилган экан. Тўп қўлга тегмасидан, ўйин қоидаси бузилган. Ҳакам шуни инобатга олиб, мезбонлар фойдасига жарима белгилади".