Фидойиликка муносиб рағбат

Фидойиликка муносиб рағбат

Таниқли шарҳловчи, устоз журналист Ҳусан Темиров 70 ёшга тўлди.

Қаршилик мухлислар Ҳусан аканинг ажойиб шарҳларини Рўзиқул Бердиев узатмалари, Зафар Холмуродов голлари ва Пётр Гизимчук ижросидаги «суперсейв»лар каби мароқ билан эслашади. «Балли, Пётр!», «Ҳааааа, бу ерда дарвозабон ўз ўрнида!», «Зарбааааааа, гооолллллл!» - бундай ёқимли ва жарангдор жумлалар «Насаф»нинг ёруғ йўли билан чамбарчас...

Қаршида ташаббускор, ташкилотчи раҳбар, телерадиожурналист, спорт шарҳловчиси, матбуот фахрийси Ҳусан Темировнинг қутлуғ юбилейи, қолаверса, ижодий фаолияти 50 йиллиги ҳамда «Юракдаги эҳтиром» китоби тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, ОАВ воситалари, спорт ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлишди. Тадбир аввалида юбилярнинг меҳнат жараёни, ижодий фаолияти акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Муроджон Азимовнинг Ҳусан Темировга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. «Насаф» президенти Шуҳрат Асланов эса ўз сўзида устознинг футбол шарловчилигига боғлиқ ўзига хос қирраларини алоҳида қайд этди. Йиғилганлар юбилярни қизғин қутлаш баробарида «Юракдаги эҳтиром» китобида илгари сурилган ғоя ҳақида фикр-мулоҳаза билдиришди. Тадбирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, МОҚ, ЎФА, ПФЛ, Қашқадарё вилояти ФА, «Насаф» клуби томонидан юбиляр номига йўлланган қутлов ва эсдалик совғалари топширилди.

Ҳусан Темировнинг 33 йиллик меҳнат фаолияти бевосита вилоят телерадиокомпанияси билан боғлиқ. У жумладан, қарийб 13 йил давомида ҳудудий телерадиокомпанияга раҳбарлик қилди. 1995 йилнинг 24 август куни фаолият бошлаган Қашқадарё телевидениесининг кунлик эфир вақти ортда қолган давр­да 30 дақиқадан  18 соатга етди. Телемарказ биносининг ишга туширилиши, моддий-техник базанинг  мустаҳкамланиши, янги кадр­лар салоҳиятининг такомиллашуви - барчаси фидойи меҳнат самараси. Ҳусан ака шогирдларидан 10 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлди. Устознинг ҳозирга қадар босма ахборот тизими («Қишлоқ ҳаёти» газетаси, «Фермер» журнали)да ҳам самарали меҳнат қилаётгани таҳсинга лойиқ. Жумладан, «ИнтерФутбол» саҳифаларида ҳам унинг мақола ва интервьюлари чоп этилмоқда. 

«Шуҳрат» медали, «Спорт фахрийси», «Ўзбек футболининг 110 йиллиги» каби кўплаб эсдалик нишонлари, «Энг улуғ, энг азиз» республика танлови ғолиблиги - юксак меҳнатга берилган баҳодан дарак. Ноширликда ҳам фаол устоз «Эзгулик чироғи», «Яхшилар ёди» каби китобларни нашрга тайёрлаган. «Юракдаги эҳтиром» китоби эса юбилей шарафига ўзига хос совға бўлди. Ўз навбатида, устоз журналистга хотиржамлик, саломатлик, узоқ умр, оилавий бахт тилаймиз. Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва порлоқ истиқболини тараннум этишда ҳорманг, устоз!

Умид Майдонов, Дурдона Темирова, Азиза Ҳусанова, Музаффар Ҳусанов, Эъзоза Зияддинова.