Футбол дунёсини титратган уч «М»: Месси-Мбаппе-Мартинес

Футбол дунёсини титратган уч «М»: Месси-Мбаппе-Мартинес

Ёхуд чемпионлик – буюк даврнинг мантиқий якуни

Олтин кубок Лионель Месси боши узра кўтарилиб, аргентиналиклар ва бу мамлакат футболи мухлислари байрамни бошлаб юборишгач, анча енгил тортдик, очиғи. Бутун оламга сукунат чўкди гўё. Бундай лаҳзаларда киши фақат ҳордиқ ҳақида ўйлайди. Бизда ҳам дастлаб шундай туйғу кечди. «Мақола ёзиш шартми? Шундай якундан сўнг кимдир уни ўқийдими?» - қабилидаги саволлар кўнгилда ғимирлади. Aргентина терма жамоаси асосий вақтнинг сўнгги дақиқаларида бўшашганини бир эсланг. Ўша пайт бўшашиш қошида бош егганида, Лео Месси жаҳон чемпиони бўлолмасди. У бир силтанди ва яна ўйинга қайтди. Биз ҳам ёзмаслик кайфиятидан устун турдик ва ўқиётганингиз мақола компьютер мониторига муҳрланди.

Дастлабки дақиқалардаги дилхиралик

Қайсидир мухлис ҳайрон бўлар, лекин ўйиннинг дастлабки дақиқаларида дилхиралик кўнглимизни чулғаб олди. Наҳотки, Франция термаси шу қадар енгил таслим бўлса?! Дидье Дешам шогирдларининг шамоллаб қолишгани, заҳарланишгани ҳақидаги миш-мишлар, наҳотки, рост бўлиб чиқса?! Йўқ, бундай финал бизга татимасди. Aргентина термаси яққол устунликда ва йирик ҳисобда ғалаба қозонганидами, турли гап-сўзлар кўпаярди, Қатар мундиалининг тантанавор руҳига соя тушарди, финал шукуҳига доғ босиларди. Килиан Мбаппе нима сабабдан ўйиннинг биринчи бўлимида кўзга ташланмагани, франциялик футболчилар қандай қилиб жуда жўн хатоларга йўл қў­йишгани, бундай ғайритабиий ҳолат замирида нималар ётгани бизга номаълум. Маълуми шуки, Aргентина миллий жамоаси ўйиннинг биринчи қисмида шундай фантастик тўп сурдики, унча-мунча зукко мухлис ҳам қатъий хулоса чиқариб қўйди: «Бўлди энди! Тамом! Aргентина - жаҳон чемпиони!» 

Тушунишимизча, Лео Месси, Aнхель ди Мария ва бошқа футболчилар шиддаткор-фусункор тўп суришгани боис, бундай сценарийни кутмаган ва унга руҳан тайёрланмаган Франция термаси дастлаб гангиб қолди. Гўё энг замонавий автомобиль бошқарувсиз қолиб, исталган томонга бурилаверди, қаёққа ва қандай юрганини ўзи билмади. Тахминлар, миш-мишлар аслида асоссиз эканлиги кейинроқ кўринди. Шунда билдикки, дастлабки дақиқаларда юзага келган дилхираликнинг асосий сабаби Aргентина термасининг зўр ўйини экан. Ўша лаҳзаларда буни билмасдик. Ўйин жараёнидаги воқелик бизни ҳам тахмин ва миш-мишларга ишонтираёзганди. Хайриятки, иккинчи бўлим якунида ҳаммаси ўзгариб кетди. 

Уйғониш зарурлигини ҳис қилиш - Мбаппе моҳияти

Жаҳон чемпионати финали якунланмоқда. Финал ҳуштаги чалинишига 10 дақиқа нари-берисида вақт бор. Aргентина термаси ҳимояни мустаҳкамлаб, учрашувни сокин кайфиятда якунлаш ниятида. Ҳисоб ҳам шунга яраша ишончли. Бундай вазиятда Осиё қитъаси терма жамоалари таслимчилик кайфиятида тўп суради одатда ва ўйин якунини интизорлик билан кутади. Миллий футболимизда-ку ўйин якунини бой бериш урфга кирган. Aйниқса, терма жамоамиз бу борада «пешқадам». Бироқ еврофутбол ўйинни осонгина бой беришни истамайди, бунга кўнмайди. Балки шунинг учундир қайта уйғонган Нидерландия термаси мундиал чорак финалида Лионель Месси ва унинг жамоадошларини жуда қийнади. Ҳар ҳолда, ғалабага 100 фоиз ишониб турган рақибни пенальтилар сериясигача олиб борди. Бу ҳаракати билан Aргентина термасини «Жа, ўзингга қаттиқ ишонаверма! Бошқалар ҳам ўйнашни билишади!» - дегандек огоҳлантирди. Қарангки, Мессининг адаши бу огоҳлик қўнғироғини яхши тушунмабди. Назаримизда, у шогирдлари биринчи бўлимдаёқ Франция термаси дарвозасига 3-4та гол уришларига ишонган, чоғи! Ҳа, бизнингча, Скалони шундай хаёлий режасига таянган. Aкс ҳолда, Aнхель ди Мария­ни захирага олмасди. Йўқ, унинг режасига хаёлий сифатини ишлатиш ноўрин, зеро, мураббий чиндан ҳам, ажо­йиб сценарий тузган. Бунинг асоси тинимсиз ҳаракат ва мунтазам босим, зарур голлар уришдан иборат эди. Юзаки қараганда, мазкур сценарий иш берди, Aргентина термаси икки гол фарқи билан олдинга ўтиб олди. 

Ўша вазиятда футбол аҳли Килиан Мбаппени унутди. Ҳа, унутди ва ўша унутиш палласида унутилаётган ва бир муддат ухлаб қолган даҳоча бир сесканди-ю кўзини очди, уйғонди, мундиал, майдон ва Мессини титратди. Бундайин қайтиш ва уйғониш бўлмаганида, Мбаппенинг Мбаппелиги қолмасди! Килиан уйғона олгани, бунга ўзида куч топгани учун ҳам даҳочадир. Мудроқлик кайфиятидан чиқиш ҳар қандай иқтидор имконидаги иш эмас. Энг қалтис вазият, ўйинни қутқариш имконсиздек кўринган пайт катта саҳнага қайтиш ва бунга куч топиш фақат даҳоларга юқтирилган! Килиан Мбаппе футбол дунёси хаёлларини бир муддат тўзғитди, қишнинг суронли кечасини ёлқинлантирди, оловлантирди. Турли-туман тахмин ва миш-мишларни мухлислар руҳиятидан улоқтириб ташлагани, футболнинг футболлигини финалда яна ўзига қайтаргани учун шу йигитга минг тасанно! 

Мессининг чемпион  бўлиши - футбол адолати рамзи

Қарийб 15 йилдирки, футбол дунёси икки қутбга бўлинган. Криштиану Роналду ва Лионель Месси рақобатининг кўзгуси саналади бу давр. Футболни сал-пал тушунадиган мухлис борки, бу иккисининг даҳолигига шубҳаланмайди асло. Қутбларга бўлинишнинг даҳолик ва даҳоларга алоқаси йўқ мутлақо. Ҳамма гап шахсий симпатия, ҳаётга муносабат, қайсидир услубни ёқтириш ва яна аллақанча жиҳатлар билан боғлиқ. Криштиану Роналду ва Лионель Месси рақобати жаҳон футболининг олтин даври, буюк тарихи ҳисобланади. Фақат тор дунёқарашга эга мухлисларгина «Мана, Месси зўр экан-ку, барибир! У жаҳон чемпионига айланди! Криштиану Роналду эса бундай мақомга кўтарилолмади!» - дейишади ўзларича. Ваҳоланки, даҳони даҳо юзага чиқаради, даҳолар биргаликда бутун бир даврни маълум ўзанга буришади. Бошқача айтганда, ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас. Шу маънода футболдаги олтин даврнинг мантиқий якуни сифатида икки даҳодан бири жаҳон чемпиони бўлиши шарт эди. Бундай бахт Мессига кулиб боқди. Унинг жаҳон чемпионига айлангани - шу маънода футбол адолати рамзидир!
messi-m.jpg 

Мулоҳазаларимиз хулосаси сифатида Лионель Месси феноменининг ашаддий мухлиси Ғуломжон Ҳамидов қаламига мансуб шеърни ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

Мессининг мундиали

Эмилиано Мартинес, 

Зарбаларни шартта кес.

Рақибларни ранжитгин,

О, реакциянг бунча тез.

Йўқ, йўқ, Месси чопмади,

Гўёки эсди шамол.

Узоқ вақт бахт топмади,

Ниҳоят, кулди камол!

О, Мбаппе - рицар, мард,

Ўзига юқтирмай гард.

«Хет-трик»ка эришди,

Эҳ, мағлублик - оғир дард!

Ди Мария бир чақнаб,

Тарих ёзди, шаън ёзди.

Шиддатин кўриб рақиб,

Гўё ақлдан озди.

Ким деди уни хатар,

Ким деди: ҳикмат ахтар. 

Месси чемпион бўлди,

Қуллуқ сенга, ҳой, Қатар!

Шу шеър шукуҳи билан мулоҳазаларимизни якунлаймиз. Қатар мундиалининг шукуҳи узоқ вақт қалбларда сақланишига ишончимиз комил!

Муҳаммад ВАЛИ