Футболчи ва оила: Арабча иттифоқ, фақат...

Футболчи ва оила: Арабча иттифоқ, фақат...

Марокаш миллий жамоаси бош юлдузларидан бири Ашраф Ҳакими испаниялик актриса ва модель Хиба Абук билан оила қурган.

Эътиборлиси, гўзал хоним футболчидан нақ 12 ёш катта. Қолаверса, у ғарбча турмуш тарзига мойил.

Актриса ва модель Хиба Абук хоним Қатар мундиали давомида Марокаш термаси ҳимоясида катта кўламда иш бажарган Ашраф Ҳакимини трибуналарда бевосита ва фаол қўллаб-қувватлаб турди. Испаниялик хоним жумладан, 1|8 финалдан ўрин олган Испания термасига қарши баҳсда ҳам турмуш ўртоғининг жамоаси ғалабасига хайрихоҳ бўлди. Эслатма, ўша ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани айнан «ПСЖ» вакили муваффақиятли амалга оширди. Ўз ўрнида айтиш керак, Ашраф Ҳакими ҳам худди ҳамхонаси каби Испанияда улғайган, фаолиятининг муҳим бошланғич қисмида «Реал» шарафини ҳимоя қилган. Марокашлик иқтидор вақтида Испания ёшлар термасидан чорлов ҳам олган, аммо бунга рад жавоби берган. Яъни юрак амрига бўйсиниб, халқаро даражада аждодлари ватани - Марокаш учун ўйнашни маъқул кўрди. Мана, футболчи бу танлови ортидан муносиб тақдирланди. Ҳар ҳолда, Марокаш миллий жамоаси Қатар мундиалига ўзгача зеб берди ва бунда Ашрафнинг роли кичик бўлмади. Биласиз, мағрибликлар испанлардан кейин португалларни ҳам нокаутга учратишди, фақат францияликларга келганда...

Хиба Абук Испанияда тунислик муҳожирлар оиласида туғилган. Моделнинг юз қиёфасига қараб, томирида араблар қони оқаётганини осонгина тушуниш мумкин. Футболчидан 12 ёш катта хоним ҳам актриса, ҳам модель сифатида танилиб улгурган. Ҳар ҳолда, кино оламига 12 йил олдин бош суққанди, ўша вақт Ҳакими атиги 12 ёшли болакай бўлган. Ҳа, рақамлар сеҳри шунақа. Ўспирин йигитчалар фильмлар томошаси таъсирида беихтиёр актрисаларни чинакамига севиб қолишади одатда. Ким билади, Ашраф ҳам Хибага худди шундай тарзда кўнгил қўйгандир. Шундай бўлса, ёш футболчининг илк туйғулари вақт ўтиши билан пасаймаган, балки кучайган ва экран ҳурлиқоси қалбини забт этиш иштиёқига айланган. Хуллас, Ҳакими ва Абук 2019 йили никоҳ риштаси билан бир-бирларига боғланишди. Ҳозир бахтиёр оилада икки нафар фарзанд бор. Футболчи ва модель тез-тез бирга саё­ҳатга чиқишади, сув спорти билан шуғулланишади. Қисқаси, уларни бир-бирига мос тушган жуфтлик сифатида таърифлаш мумкин. Ҳар ҳолда, ёш ўртасидаги фарқ аллақачон аҳамиятини буткул йўқотган.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади