Италия А Серияси ҳамда Ўзбекистон афсоналари иштирокидаги матбуот анжумани ва ...

Италия А Серияси ҳамда Ўзбекистон афсоналари иштирокидаги матбуот анжумани ва ...

Хабарингиз бор, кеча Тошкентнинг «Бунёдкор» стадиони анжуманлар залида 17 май, сешанба куни  Ўзбекистон ва Италия футболи афсоналари иштирокидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Италия терма жамоасининг афсоналари Даниэле Маццаро,  Альберто ЖилардиньоВенсан Кандела,  Алдаир ва ўзбек футболининг юлдузлари Виктор Карпенко, Сервер Жепаров, Анвар Ғофуров, Камолиддин  Мурзоевлар  иштирок этди. 
Шунингдек, Италия ва Ўзбекистон афсоналари ўртасидаги ўйинни шарҳлаб бориш учун россиялик таниқли шарҳловчи Нобель Арустамян ҳам таклиф қилинган. Арустамян билан бирга Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ўйинни шарҳлаб боради.

Нобель Арустамян, шарҳловчи: - Таклиф учун раҳмат. Ўзбекистонда меҳмон бўлишни анчадан буён орзу қилардим. Ўзбекистон — футбол мамлакати. Бу ер ҳақида жуда кўп нарса биламан. Ҳозирги кунда асосий юлдуз ҳисобланадиган Элдор Шомуродов билан доим суҳбатлашиб тураман. Мен Италияда унинг меҳмони бўлдим. Ундан ташқари, шунча юлдуз ташриф буюрибди. Ўйлайманки, эртага ажойиб футбол байрами бўлиб ўтади.


Италиялик собиқ футболчи Венсан Кандела «Рома» ва Элдор Шомуродов ҳақида фикр билдирди.

Венсан Кандела, собиқ футболчи: - Бу Элдор учун «Рома»даги илк мавсум. Жозе Моуриньо ҳам римликлардаги дебют мавсумини ўтказмоқда. Шунинг учун у ерда ҳамма нарса ўзгача. Шомуродов кўп ўйин амалиётига эга бўлмаса ҳам, майдондаги ҳар бир дақиқасида жуда яхши таассурот қолдирган. Баъзи тўғриланадиган нарсаларни жойига қўйса, Элдор кучли футболчи.

Виктор Карпенко, собиқ футболчи: - Бу шоу бўлади деб ўйламайман. Барча футбол ишқибозларига ёқадиган ўйин намойиш этишимиз керак. Қанча кўп гол бўлса, шунча яхши бўлади. Ҳеч қандай принципиаллик йўқ, бу шунчаки ўртоқлик ўйини.

Анжумандан сўнг Италия ва Ўзбекистон футболи афсоналари ёшларга маҳорат дарсларини кўрсатиб берди. Ўзбекистон ва Италия футболи афсоналари ўртасидаги учрашув бугун, 18 май, чоршанба куни 19:00 да «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади.

Ўйинда қуйидаги номлар қатнашиши аввалроқ маълум қилинганди:

Ўзбекистон футболи афсоналари: Павел Бугало, Игнатий Нестеров, Бахтиёр Ашурматов, Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов, Акмал Шораҳмедов, Асқар Жадигеров, Ислом Иномов, Асрор Алиқулов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Санжар Турсунов, Азиз Ҳайдаров, Жасур Ҳасанов, Элдор Магдеев, Александр Гейнрих, Бекзод Маматқулов, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Носир Отақўзиев, Анвар Солиев, Неъматилло Қутибоев.

Италия футболи афсоналари: Кристиан Аббиати, Дарио Шимич, Лука Антонини, Кристиан Заккардо, Кристиан Зенони, Эдуардо, Алдаир, Венсан Кандела, Луижи ди Бяджо, Анжело Карбоне, Марек Янкуловский, Сержиньо, Людовик Жюли, Робсон Толедо, Альберто Жилардиньо, Даниэле Маццаро, Винченцо Яквинта.