Карлос Алькарас: «Менинг кумирим – Криштиану Роналду!»

Карлос Алькарас: «Менинг кумирим – Криштиану Роналду!»

Январь охирида «Саутгемптон»дан мавсум охиригача ижарага олинган аргентиналик ярим ҳимоячи Карлос Алькарас «Ювентус»да ўз дебютини нишонлашга ҳам улгурди.

21 ёшли иқтидорли футболчи Турин клубига кўчиб ўтиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

- Мана, Туринга келганингизга ҳам бир ҳафтадан ошди. Илк таассуротлар қандай?

- Айтганингиздек, бир ҳафтадан бери Италиядаман, ўзимни жуда бахтли ҳис қиляпман, ҳаммаси аъло даражада. Ҳозирда машғулотларда тер тўкиб ишлаяпман, аста-секин кўникяпман. Мени жуда яхши кутиб олишди, ҳатто клуб раҳбарлари ҳам.

- Майдондаги энг севимли позициянгиз қайси?

- Ярим ҳимояда ва «яширин тўққизлик» позициясида яхши ўйнайман, ҳозир асосан марказий ярим ҳимоянинг ўнг томонида ҳаракат қиляпман. Умуман олганда эса чап томонда ўйнашда ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. Мен мураббийнинг тўлиқ ихтиёридаман. У қаерда хоҳласа, ўша ерда ўйнайман.

- Сизнинг кумирингиз ким?

- Мени «Ювентус»да ўйнаган буюк чемпионлар билан таққослашаларидан жуда хурсандман. Катта натижаларга эришишим кераклигини биламан ва бу жамоада эслаб қолинишимни хоҳлайман. Криштиану Роналду ҳар доим менинг илҳом манбаим бўлган. Оиламга болалигимда орзу қилган барча нарсаларим ҳақиқатга айланиши мумкинлигини исботламоқчиман ва бу аллақачон бошланди: ҳар тонгда айнан шу илҳом билан уйғонаман. Ва албатта, бугунгача эришганларим фақат ва фақат оиламнинг хизматлари туфайли эканлигини билишларини истайман.

- «Ювентус»га муҳаббат қандай ва қачон пайдо бўлган?

- Мен ҳар доим «PlayStation»да «Юве»ни танлаганман, чунки бу ерда буюк чемпионлар ўйнашган. Шунинг учун ҳам ғалаба қозонишимга яхши имконият бўларди. Одатда, дўстларим бу танловимдан маҳрум қилишарди, шунинг учун мен ғазабланардим ва умуман ўйнашдан бош тортдим.

- Сизни кўпроқ Видал билан таққослашмоқда...

- Бундан жуда хурсандман, у ажойиб ўйинчи. Артуро «Ювентус»да кўп ютуқларга эришди. Мен ўз вазифамни бажаришим керак, жамоа билан энг яхши натижаларга эришишни хоҳлайман. Бундай таққослашлар учун раҳмат, лекин ҳозир кўпроқ ўзимга эътибор қаратяпман.

- Бу ерда қандай мотивация олмоқчисиз?

- Менга «Ювентус» ҳар доим ўққан, бу энг яхши футболчилар ва энг яхши аргентиналиклар ўйнаган ажойиб клуб. Бу ерга кўчиб ўтганимдан сўнг, умидлар ҳақли равишда ошди ва мен катта натижаларга эришмоқчиман. «Ювентус»да бўлиш ҳаётимдаги энг яхши воқеалардан биридир. Албатта, умидлар катта, лекин мен бунга тайёрман.

- Олдинги клубларингиз ҳақида гапириб беринг.

- «Расинг»да менинг муҳим дебютим бўлиб ўтди, бу Аргентинанинг буюк клуби ва мен унинг сафида бўлганимдан хурсандман. Премьер-лигада ҳам кўп нарсаларни ўргандим, шу жумладан жисмонан кучлироқ бўлдим. Энди ҳар жиҳатдан тайёрман де­йишим мумкин - ажойиб жамоадаман ва меҳнат қилишни канда қилмайман. Англияга кўчиб ўтганимдан сўнг, ўз устимда жуда кўп ишлайдиган бўлдим, чунки бундай воқеалар ўйинчининг ҳаётини ўзгартириши аниқ. Умидлар катта ва мен уларни оқлашга ҳаракат қилиш имконидан хурсандман.

- «Италия дербиси» қандай экан?

- Бу ўз навбатида менинг дебютим ҳам эди, натижа жиҳатидан яхши деёлмайман, лекин бу менга майдонга тушишимга имкон берди. Бундай ўйинларда катта босим остида ўйнашни яхши кўраман ва ёшимга қарамай улардан қўрқмайман. Биз бошқача натижага эришмоқчи эдик, аммо энди кейинги ўйинга тайёргарлик кўрмоқдамиз.

- Жамоадаги ёшлар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ҳа, жамоада кўплаб ёш футболчилар ўйнашмоқда, лекин катта номлар ҳам бор ва уларнинг барчаси ёшларни қўллаб-қувватлашаркан. Бундай жамоада ишлаш жуда зўр - биз елкама-елка меҳнат қиламиз ва, албатта, тажрибали жамоадошларимизнинг ёрдамига муҳтожмиз. «Ювентус»да ёшларга катта эътибор қаратиларкан.

- Характерингиз қандай?

- Ҳақиқат шундаки, мен ҳеч қачон ютқазишни ёқтирмайман, ҳатто машғулотларда ҳам охиригача бораман ва ғалаба қозонишни хоҳлайман. Мураббий менга ўйнашимни, хотиржам бўлишимни ва қўлимдан келганини қилишимни айтди. У менга ишонади ва мен унинг ишончини оқлашга умид қиламан.

- «Ювентус» сизни нақ 49,5 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга. Бу рақамлар ҳақида нима дейсиз?

- Бундай миқдор мени қўрқитмайди, нарх масаласи вақт ўтиши билан ҳал қилинади... мен ҳозир яхши ўйнашни хоҳлайман, кейин нима бўлишини кўрамиз. Ҳаммаси ўзимни қандай кўрсатишимга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мен хотиржамман.

- Жамоадан кўпроқ ким изни ҳайратда қолдирди?

- Мен кўплаб яхши, топ ўйинчилар ўйнайдиган жамоага келдим. Асосан мени Локателли ҳайратда қолдирди: жуда яхши техникага эга кучли ярим ҳимоячи экан ва мен у билан машғулотларда бирга ишлашни ёқтириб қолдим. Шунчаки унинг ўйинини томоша қилиш орқали ҳам кўп нарсани ўрганаман.

- Жамоадаги ягона аргентиналиксиз...

- «Юве»да ягона аргентиналик бўлишимни билардим, лекин Данило, Бремер ва Сандро бор... улар испан тилида гаплаша олади. Катта клубга ўтганимдан кейин бироз асабийлашаётганимни айтганимдан сўнг, Данило дарҳол мени қўллаб-қувватлади. У тинчланишимни, жамоамиз бир оила эканини айтди ва бу ҳақиқат, мен буни аллақачон бошдан кечирдим. Жамоадошларим мени умумий ишларга ҳам жалб қилишмоқда, ҳамма нарса ҳақида гаплашишмоқда, шундай экан, ҳаммаси жойида.

- Лаутаро Мартинес билан гаплашдингизми?

- Йўқ, у билан гаплашмадим, фақат дербида, ўйин пайтида, саломлашдик, холос.

МУҲАММАДХОН тайёрлади